Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Чемпион ҳикоялари: Жерард Пике «реалчи»лар билан WhatsApp, Каталония мустақиллиги, Рой Кин, Месси ва бошқалар ҳақида

Баҳо:
+ | -

Мен сизларга бир сирни очмоқчиман. Яхши биласизки, футболчилар WhatsApp да турли гуруҳлар очишади. Менда уйдагилар билан бир гуруҳим бор, шунингдек, «Барса»даги жамоадошларим билан алоҳида гуруҳ очганмиз. Аммо менга энг ёқадиган гуруҳ, ҳайрон бўлишингиз ҳам мумкин, бир пайтлар «Реал»дан 8 ё 9 очко ортда бораётганимизда Испания терма жамоасидаги «Реал» ва «Барселона» футболчиларидан иборат гуруҳ ташкил қилгандим.

Агар сиз фақат оммавий ахборот воситаларини ўқисангиз ва фақат ўша хабарлардан хулоса чиқарсангиз, гўёки биз бир биримиздан нафратланишимизга ишонишингиз мумкин, аммо аслида биз жуда яхши чиқишамиз. Биз ўша гуруҳда турли футбол тактикалари ва фалсафалар, янгиликлар ва ҳатто ўқиган китобларимизни ҳам муҳокама қиламиз.

Ҳаҳаҳа, нималар деяпман, ҳазил, у ерда фақат қуруқ гаплар, ҳазил-ҳузул ва албатта, «Барселона» ва «Реал» ҳақида гаплар бўлади.
Ажойиб! Худди ёш болаларга ўхшаймиз. Айниқса, ҳозир мен мазза қиляпман, ахир «Реал»дан 15 очко олдинлаб кетдик. Шунинг учун даҳанаки «жанглар»да мен жуда ижодкорман, ҳаммани мот қилиб турибман. Ўтган йили «реалчи»лар ҳамма совринларни ютганда, уларни мот қилиб бўлмасди, албатта. Терма жамоадаги машғулотлар пайтида ҳам устимдан роса кулишарди.

Йигитлар, эсларингдами, ўтган мавсумда «Реал» ҳар бир ўйинни ютгач, улар ижтимоий тармоқларда, инстаграмда ўзларининг яланғоч расмларини қўйишар ва мускулларини кўз-кўз қилишарди.  #HalaMadrid деб ёзиб ҳам қўйишарди. Бу йилчи? Ўзларича жиддий буволишган - «3 очко қўлга киритилди. Биз янада кўпроқ меҳнат қилишимиз керак» деб ёзиб қўйишади. Хахаха! Шунинг учун уларнинг жиғига тегаман - «болалар бунча жиддий сизлар?» деб турли йиғлаган, кулган эможиларни жўнатишни бошлайман.

Мен уларнинг устидан кулишим мумкин, чунки уларнинг ҳаммаси менинг Испания терма жамоасидаги дўстларим, ака-укаларим. Балки биз бир-биримиз ўйнаётган клубларни ёқтирмаслигимиз мумкин, аммо бир юрт учун, бир мақсад учун ўйнаймиз ва мени бу ғурурлантиради. Ўша болалигимда, ЖЧ-94 эди, Луис Энрике терма жамоа либосида қонга беланган пайтдаёқ, мен ўзимга шу либосни бир кун кийишни мақсад қилганман. Бу гаплар балки сизни таажубга солаётгандир, ахир агар Мадрид телевидениясини қўйсангиз, мен ҳақимда бутунлай бошқа «янгиликлар»ни эшитгансиз. Улар менинг сотқин эканимни, мамлакатни иккига бўлиш тарафдори бўлганимни, референдумларда Каталония мустақиллиги куйчисига айланганимни айтиб чарчашмайди.

Аслида эса, мен ҳатто қандай овоз берганимни ҳам маълум қилмадим. Мен сиёсатчи эмасман ва одамларни тарғиб қилишдан узоқман. Мен миллионлардан бир овозман холос ва мен ишонаманки, менга ўхшаган яна 7.5 миллион каталониялик ўз ватани учун, ўзи учун тўғри қарорни тинч йўл билан бера олишга қодир ва шундай ҳуқуққа эгалар. Бу жуда қийин савол ва бир қатор мунозараларга эхтиёж сезади. Шахсан менга жуда қийин, чунки ҳаётимдаги энг муҳим палла деб терма жамоа билан Жаҳон кубогини ютганимиз ва Испания байроғини хилпиратганимизни биламан. Шу билан бирга, бошқа тарафдан менда каталон қони оқмоқда - бу одамлар мен билан қондош, бу ер менинг ерларим. Ва агар шу ернинг саксон фоиз аҳолиси овоз бериш ҳуқуқини талаб қила бошласа, уларни эшитиш керак деб ҳисоблайман, шу холос. Бу фикрларим учун баъзи ватандошларим мени ёмон кўришни ихтиёр этса... нимаям дердим, хотиржам қабул қиламан...   

Қизиқ, эътибор бердим, Америкада НБА даги баъзи спортчилар жамиятдаги муаммоларга эътибор қаратишса, баъзи одамлар уларга овозларини ўчириб, машғулот қилиб юраверишни «тавсия қилишяпти». Бу кулгили, тўғрими? Худди шу ҳолат Испанияда ҳам бўляпти - «Жим бўл ва футболингни ўйнайвер. Сенинг қўлингдан шу келади» дейишади улар.

Кечирасизлар! Кечирасизлар, мен шунчаки овозимни ўчириб, ўйнаб юра олмайман. Умуман футболчилар ўзларини баён қила олишлари шарт, чунки бу шундай соҳаки, биз ҳақимизда бутунлай бошқача фикрлар шаклланиб қолади. Журналистлар ва ижтимоий тармоқлар биз ҳақимизда шу қадар кўп бўхтон тарқатишадики, сиз google ни терасиз ва биз ҳақимизда хулосани чиқарасиз. Ахир бу нотўғрику? Айнан шунинг учун ҳам футболчилар ўз фикрларини баён қилишда фаол бўлишлари шарт.

Келинг, ўз ҳаётимдан баъзи ўрнаклар айтиб берай.

Ортга қараб, фаолиятимдаги сўнгги 10 йилга баҳо берсам, мен Жаҳон чемпиони бўлдим, Чемпионлар Лигаси, Испания чемпионати ва кубогида ғолиб чиқдим. Мен WhatsApp да мадридлик дўстларимга мақтанишим мумкин бўлган барчасини ютдим. Яна айтишим керакки, ўн йил олдинги қароримда ҳақ эдим, яна айтишим керакки, агар Сэр Алекс Фергюсон бўлмаганда, ҳаётим бу қадар ўзгариб кетмасди.

Мен «Манчестер Юнайтед»га бир болакай бўлиб келдим ва шахсият сифатида у ерни тарк этдим. Мен учун ўша давр ўзига хос эди, чунки ҳеч қачон уйни тарк этмагандим. 17 ёшимда «Барселона» академиясида шуғулланиб юрганимда, бу шунчаки, мактабдаги футбол жамоасида ўйнаётгандек туюлган. Чунки ота-онам, оилам олдимда, футбол ўйнаш шунчаки, завқ эди холос. Болаларча бир ўйин. Аммо «Манчестер Юнайтед»га келиб, ҳаммаси жиддийлашиб кетди, кичик шокни бошдан кечиргандим, ишонаверинг.

«Олд Траффорд»даги илк ўйинларимдан бирида, эсимда, жуда асабий ҳолатда эдим. Тасаввур қилинг, мен эндигина 18 ёшдаман, кичиккина ечиниш хонасида ўтирибман ва Рууд ван Нистелрой, Райан Гиггз ва Рио Фердинандларнинг ёнида пайпоғимни кийиб ўтирибман. Мени ҳеч кўрмаса, эътибор беришмаса, деб қўрқиб ўтирардим.

Хуллас, ҳозир «бобой» келиб биз билан гаплашади, деб кутиб ўтирибмиз. Ёнгинамда Рой Кин. Хона шунақа кичкинаки, бир-биримизга тегиб кетмасликнинг иложи йўқ.

Бир пайт телефоним вибрацияси ишлаб кетди. Кимдир қўнғироқ қилди, шекилли. Рой атрофга қарай бошлади. Жин урсин.

Телефон меники эканини билиб турибман. Овозини ўчириб, вибрацияга қўйганман ва сумкамнинг ичидаги иштонимнинг чўнтагида турибди. Сумка Ройнинг ёнида. У қаердан овоз келаётганини ҳали ҳам тушунмаяпти. У худди маньякка ўхшаб хона бўйлаб телефон ахтара бошлади. Кўзлари олайиб, ҳар томонга қараяпти: The Shining да Жек Николсон хонага бостириб кириши саҳнаси бор-ку, худди ўша.

- Кимнинг телефони?! - бақира бошлади Рой.

Жимлик. У яна сўради. Сукунат.

«Кимники бу лаънати телефон?» - учинчи марта сўради.

Ниҳоят мен ёш болаларга хос тарзда «узр, меники эди» деб қўйдим. Рой мени қучоқлаб, кулиб юборди ва хавотир олмаслигимни билдирди...

... йўқ, албатта, хазиллашдим. У жинни бўлиб қолганди. Ҳаммани айланиб чиқди. Мен «иштонимга ўтириб қўйганман» деярли. Бу мен учун яхши дарс бўлганди.

Мана ҳозир, 2018 йил, ҳаммаси бошқача. Ўйиндан олдин ҳамманинг қўлида телефон. Лекин ўшанда, 2006 йилда умуман бошқача дунё эди. Сен буни қила олмасдинг. Айниқса, «Юнайтед»да. Ройнинг олдида! Ўша куни мен «МЮ»даги минглаб хатоларимдан бирини амалга оширгандим.  

Бу шунчаки футбол ўйнаш машаққати эмас. Тил, маданиятдаги фарқлар, ҳаммасидан ҳам, ёлғизлик қийнарди. 17 ёшда, оиладан узоқда, ўзингни катта-катта эркаклар, афсоналар ва Сэр Алексдек мураббий ёнида кўриш. Осон эмасди. Кўпчилик маҳоратли ёш футболчиларнинг чет элга кетмасликлари ҳақида ёки у ерда ўйнай олмасликлари ҳақида айтишади, аммо бу ерда гап фақат маҳорат етишмаслигида эмас сабаб. Кўпчиликнинг кўз ўнгидан ташқарида содир бўладиган воқеалар, ҳиссиётлар борки, буни четдан баҳолаш имконсиз. Мен якка ҳолда, жуда кечки соатларда Манчестер кўчаларида машғулотдан қайтишим, бир ўзим яшайдиган уйга келиб, онам қўнғироқ қилганида ҳаммаси аъло эканини айтишим: Англиядаги дастлабки икки йилда бундай кунлар жуда кўп бўлганди. Аслида эса, Испанияга қайтгим келарди. «Билмайман, дада, мураббий менга ишонмаяпти. Бу ерда йигитлар жуда кучли, уларга тенг кела олмаяпман» дердим, жавобан отам ойнинг ўн беши ёруғ эканини, яхши кунлар албатта келишини айтиб, мени ишонтирарди. 

Билмадим, шу гаплар таъсириданми, мен ўзимга ишона бошладим. Биласизми, баъзи мураббийлар аслида сизни майдонга туширмаса ҳам, сизга ишонишини, сизга эътибор бераётганини сездира олади. Сэр Алекс шундай тоифадан эди ва у ерга борган илк кунимдан шундай бўлган, кейин билсам. У менга иккинчи отамдек эди ва бир кун менга имконият тақдим этди.

Икки йил ўтиб, 2007 йилда у менга мавсумда 25 та ўйинда майдонга тушишимни айтди. Ҳаммаси яхши бошланди, Рио билан бирга марказда ўйнашим керак эди. Кейин эса, ноябр ойида Болтонга бордик.

Эсимдан чиқмайди. Рақиб жарима майдонимизга юқоридан тўп узатди. Менга Николя Анелкани қўриқлаш топширилганди. Тўп ҳаводан келаётганда уни қайтара олишимга ишондим ва пешвоз чиқдим. Афсус. Мен тўпга етина олмадим, Анелка тўпни эгаллаб олиб, ҳисобни очди. Мен жуда қўпол хатога йўл қўйгандим. Ёш ҳимоячи сифатида бундай хатога йўл қўйсангиз, энди мураббий сизга ишонмай қўяди. Нафақат мураббий, бошқалар ҳам.  

Сэр Алекс менга 25 ўйин ваъда қилганди, аммо атиги 12 ўйинда майдонга тушдим. Ўша хато менинг фаолиятимга нуқта қўяётгандек эди гўёки. Мавсум охирида агентим кутилмаганда, мен билан «Барселона» қизиқаётганини айтиб қолди. Қизиқ, мен бу ерда ўйнамапман-ку, улар нега қизиқишади?

- Улар сени яхши билишади ва ишонишади, - деб жавоб берди у.

Албатта, мен ўзимда йўқ хурсанд эдим. Уйга қайтишни истаётгандим. Лекин Сэр Алекс билан оғир суҳбат кутаётганини ҳис қилаётгандим. Шартномам тугашига анча бор, товон пули ҳақида банд киритилмаган, демак Манчестер мен учун «оғзига сиққан пулни» сўрай оларди. Мен мураббийни қўйиб юборишга кўндиришим керак эди.

«Сизнинг ишончингизни йўқотганлигимни сезиб турибман. Барселона - менинг уйим. Қўйиб юборсангиз яхши бўларди» - деб ростини айтиб қўя қолдим. Биз узоқ гаплашдик, у ҳали ҳам мен учун яхши бўлишини чин дилдан истарди. Қатъиятимни кўрибгина, мавсум охирида қўйиб юборишга рози бўлди. 

Бу ҳаммаси эмас. Футбол баъзида жуда қизиқ тақдирларни ҳавола қилади. Ўша мавсум охирида Чемпионлар Лигаси ярим финалида ким билан ўйнаганимизни топингчи? Албатта, «Барселона». Мен майдонга туша олмасдим, ҳимояда учинчи танлов эканимни билардим. Аммо «Капм Ноу»даги ўйин олдидан Видич жароҳатланди. Кутилмаганда, ўзим ўсган стадионда, 90 000 мухлис қаршисида рақиб жамоа шарафини ҳимоя қилишимга тўғри келади.

Ўйиндан олдинги куни уйқуям келмади. Бир вақт хонамни кимдир тақиллатди. Сэр Алекс экан. Одатда у ўйиндан олдин футболчиларнинг хонасига кирмасди, демак нимадир бўлган.

«Жерард, афсуски, сени эртага ўйинга тушира олмайман. Сенинг трансферинг масаласида келишиб бўлдик. Агар сени эртага туширсам-у, яхши ўйнай олмасанг, ҳамма Барселонага ўтаётганинг билан боғлашади. Сени бундай ҳолатга туширишни истамайман. Майдонга тушмаслигининг сабабини сенга тушунтиргим келди»

У шундай деди-ю, чиқиб кетди. Уйга қайтаётган бўлсам-да, рост гап, мен «Юнайтед» учун, менга ишонган Сэр Алекс учун бор имкониятимни ишга солишга қарор қилгандим. Чемпионлар Лигасида «Камп Ноу»да тўп суриш орзуим эди. Афсус. Лекин Фергюсон тўғри қарор қабул қилганди, у ҳаммасини ўйлаган. «Камп Ноу»дан 0:0 ўйнадик ва жавоб ўйинида ғолиб чиқишга муваффақ бўлдик. 

Аслида ўша «Болтон»даги хатойим мен учун ҳаётимдаги энг яхши совға бўлган экан. «Барселона» мен учун атиги 5 миллион доллар тўлади. Ҳимоя марказида захира вариант сифатида келган бўлсам ҳам, Пеп Гвардиола туфайли, ўша мавсум охиридаёқ Карлес Пуйолга шерик сифатида ўйнай бошладим. Карлес мени дарҳол ўз қанотлари остига олди. Бизнинг ҳамкорлигимиз Испания терма жамоасига ҳам кўчди.

Агар менга ўшанда, икки йил олдин, бир кун «Барселона»га қайтиб, Пуйол билан биргаликда жаҳон чемпиони бўлишимни кимдир айтганда, уни жиннига чиқарардим. Аммо бу футбол, шуниси билан ҳам қизиқ. Агар мен Болтонда хато қилмаганимда ва Сэр Алекс мени кейинги мавсумда ҳам олиб қолганида? Ёки қимматроқ сўраганида?

Футболчининг ҳаётида одамлар кўрмайдиган мана шундай воқеалар бўлади. Шунинг учун ҳам ёзяпман. Яна бир воқеани ҳикоя қилиб беришим мумкин. Ҳаёт кино эмас, бу ерда ҳаммаси бироз мураккаб.

24 ёшимда дунёнинг чўққисида эдим. Чемпионлар Лигаси, Жаҳон кубоги, Ла Лига - ҳаммасини ютдим. Мен Пеп Гвардиоладек ажойиб мураббий қўл остида шуғулланаётгандим. Болалагимдан ўсган клубдаман, ҳаммаси мукаммал. Кейин эса...

2012 йилда мен фаолиятимдаги энг ёмон мавсумни ўтказдим. Ҳаммаси бузилиб кетгандек эди. Худдики, муваффақиятсизликдан ҳам қўрқмай қўйгандим. Пеп ҳам менга ишонмаётгандек эди. У билан дастлабки уч йилда ажойиб муносабатда эдик - уни ҳамон зўр мураббий деб биламан. Шунчаки, у барча шогирдларининг кунига 24 соат футболда бўлишларини талаб қилади. Мен эса буни тушунмасдим. Пеп ҳам буни пайқади ва ишончини йўқотди, айниқса, «Реал»га қарши ўйинда захирада қолдирилганим менга қаттиқ таъсир қилди.  Наҳотки ҳаммаси тамом?

Кейин, «Челси»га қарши иккинчи ярим финалда жуда ёмон бўлди. Биз Лондонда 1:0 ютқазгандик, ўша ўйинда мен ўйнамагандим. Жавоб ўйинида Пеп мени майдонга туширди. Уёғини айтгим келмайди. Ўйин бошларида Валдес тўпни мушти билан қайтараман деб, тасодифан бошимга уриб юборди. Хушимдан кетиб қолдим. Ўзимга келгач, ўн минутча югуриб юрдим, лекин нима бўлаётганини англай ҳам олмаётгандим. Буни пайқаб қолишгач, мени кўтариб олиб чиқиб кетишди ва фақат эртасига ўзимга келдим. Кеча нима бўлганини, ўйин қандай якунланганини ҳам эслай олмаётгандим. Ўйин 2:2 тугагани ва биз турнирни тарк этганини билдим, бир неча кун ўтиб эса, Пеп клубни тарк этишини маълум қилди. Ўйлашимча, менинг ҳам клубда саноқли кунларим қолган эди.

Шундай пайтларда яна ўйлай бошлайман: хўш ўшанда «Челси»ни ютганимизда, табиийки, мен жароҳатим билан финалда майдонга тушмасдим. Балки «Барселона» Чемпионлар Лигасини ютар, балки Пеп Гвардиола ҳам бизни тарк этмасди. Балки унинг ишончини қайта қозониш менга насиб эмасди ва балки бошқа жамоага ўтишга мажбур бўлардим. Йўқ, унинг ўрнига Тито Виланова келди ва у менга ишонч билдирди.

Бундай воқеалар ҳаёт ҳақида, тақдир ҳақида, футболчига бериладиган имкониятлар ҳақида, ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин бўлгани ўйлашга мажбур қилади. Хабарларда ёки сарлавҳаларда сиз кўраётганингиз футболчининг ҳаёти эмас. У ерда ҳаммаси оддий: у ердан бу ерга ўтдинг, яхши ўйнадинг, яхши ўйнолмадинг... Аслида эса, воқеанинг туби тамомила бошқача бўлади.

Масалан, мендан Месси билан шунча йил бирга ўйнаш қандай экани ҳақида сўрашади. Агар ҳаммасини бир сўз билан ифодалаш керак бўлса айтаман: у - ўзга сайёралик.  У биздан эмас. 13 ёшимда илк бор уни кўрганимда ўзимга ўзим айтгандим - «у қаердандир келиб қолган, одам эмас-ку бу!»

У мен кўрган энг буюк футболчи. У ҳақида мендан сўрашганда, ҳимоячиларни қандай қилиб алдаб ўтиши ҳақидаги ҳикояларни бошлаб қолишимни кутишади. Унақа воқеалар менда жуда кўп, лекин асосийси бу эмас. Унинг тўпсиз пайтидаги ҳолатини кўринг. Телевизорда буни пайқаш қийин. Лекин у тўпни ўзига қайтариб олиш учун рақиб ортидан югуриб кетаётгандаги юзини томоша қилинг. Бошқа футболчилар мен кўрмаганман. У бутунлай бошқа материалдан ясалган, уни томоша қизиқтирмайди, у фақат бир нарсани ўйлайди: тўпни қайтариб олиш. Унинг буюклиги ҳам мана шунда.

Балки унинг бу қобилияти қизиқарли сарлавҳа бўлолмайди. YouTube ни жалб қилмайди. Лекин ўша унинг кўзларидаги тўпга бўлган чанқоқлик бор-ку, бу ҳақида соатлаб гапиришим мумкин. Бу алоҳида катта мақола бўларди.

Шу ерда мен ҳикоянинг бошига қайтаман. Ўша оддий болакайдан қандай қилиб эркакка айланганим ҳақида ўйлайман. Ва доим ўз фикрини баён қилиш менинг мақсадларимдан бири.

Ўйлайманки, спортчи сифатида ўзимизни одамларга тушунтира олишимиз жуда муҳим. Бундай менталитет биз учун ҳар сафаргидан ҳам муҳимдир. Мадрид каналида Барселонадагилар мамлакатни вайрон қилмоқчи экани ҳақида айтишади. Барселонада телевизорни ёқсангиз, Мадриднинг зулмлари ҳақида эшитасиз. Қаерда телевизор кўраётганингизга қараб, мен сотқинга ёки қаҳрамонга айланаман. Бу нотўғри-ку?

Улар сиёсий зиддиятлар туфайли терма жамоада муҳит ёмон деб жар солишади. Аслида эса, биз умуман сиёсат ҳақида гаплашмаймиз. Мен «реалчи»ларга улардан қанча олдинга ўтиб кетганим ҳақида мақтаниш билан бандман, улар эса, ҳакамларнинг ёрдами ҳақида мен билан ҳазиллашишни ўйлашади. Ишонинг, биз учун мана шулар «муҳимроқ».

Мен 31 ёшдаман ва умримнинг ярми футболда ўтди. Илгари 30 ёшди фаолиятимни тугатаман деб ўйлардим. Йўқ, биласизми мени нима ушлаб туради? Жамоадошларим билан майдон ташқарисидаги, ечиниш хоналаридаги муносабатларим, улкан тажрибалар... Месси, Пуйол, Неймар ва мени ўлдириб қўйишига сал қолган бўлса-да, Рой Кин билан ўтказган вақтим...

Умуман олганда эса, футбол узоқ саёҳатга ўхшайди. Ютасан. Ютқазасан. Баъзида уяласан. Хато қиласан. Йиғлайсан, куласан. Вақт ўтказиш учун жинниликлар қиласан. Балки, сен ҳам жамоадошларинг билан мураббий ёрдамчисининг мотоциклини ёқиб юборгандирсан? (албатта, янгисини сотиб олиб беришдан аввал... бу ҳақида кейин айтиб берарман)

Футбол сени ёш болакайдан ҳақиқий эркакка айлантиради. Энг муҳими шу. Бу биргина мен эмас, айтганларим жуда кўп ўхшаш ҳикоялардан бири холос...

Манба: www.tribuna.uz
Киритилди: 19:30, 24.03.2018.
Ўқилди: 8017 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.