Европанинг «кучли бешлик» чемпионатларида жорий мавсумни мағлубиятсиз ўтказаётган битта жамоа қолди. «Барселона» 29-турдан сўнг «Атлетико»ни 11, «Реал»ни эса 15 очкога ортда қолдирган ҳолда, Ла лигада ишончли тарзда пешқадамлик қилмоқда.
Каталонияликлар катта эҳтимол билан Испаниянинг энг кучли клуби мақомини қайтариб олишади, аммо ишқибозларни қийнаётган бошқа бир савол бор - жамоа қолган ўйинларда ҳам ютқазмасликни уддалай олармикан?
Келинг, «кўк-анорранглилар»нинг ўзига хос кўрсаткичи баҳона топ-лигаларда мағлубиятсиз мавсум ўтказган клублар ҳақида сўз юритамиз.
«ПРЕСТОН НОРТ ЭНД», 1988|1989
Англия футболи тарихидаги дастлабки чемпионат ғолиби эришган натижа кўпчиликнинг наздида абадий янгиланмайдигандек туюлганди. Бунга албатта, туманли ўлкадаги лигада кузатиладиган рақобатбардошликнинг юқори экани ҳам сабаб бўлган.
Биринчидан, маҳаллий мутасаддилар биринчилардан бўлиб таркибга Британиянинг бошқа ҳудудидан ҳам футболчилар таклиф қилишди. «Престон» раҳбари Уильям Саделл томонидан жалб этилган бутун бошли шотланд «десант»и бир хилликка кўниккан жамоага юқори техникани ҳам қўшди.
Иккинчидан, Саделл қўл остидаги ўйинчиларга яхши маош тўлашга тайёр эди - бунақаси IX-аср учун ажабланарли ҳол, албатта. Рақобатчилар вазиятдан хабар топишгач эса, ҳақиқий можаро юзага келди ва бу «Престон»нинг тарқатиб юборилишига олиб келиши мумкин эди.
Бироқ соғлом фикр устун келди - шу тариқа футболнинг келажагига замин ҳозирланиб, у профессионал спорт турига айланди. Охир-оқибат «Престон» Англиядаги илк чемпионатни фаворит сифатида якунлади.
12та жамоа қатнашган ва атиги 22та ўйин ўтказилган лигада ҳар бир ғалаба учун 2 очкодан берилганди. Шунга қарамай, «Престон» иккинчи ўриндаги «Астон Вилла»ни 11 очкога ортда қолдиришдан ташқари, ўша мавсумнинг ўзида кубок соҳибига айланиб, дастлабки «дубл»ни қайд этди.
«АТЛЕТИК», 1929|1930
Албатта, Испания чемпионатининг ҳисоб бўйича иккинчи мавсуми ҳозиргисидан сезиларли равишда фарқланган. Айтайлик, Мадриднинг «Реал» клуби якунда бор-йўғи 5-ўринни эгаллаган бўлса, унинг қўшниси «Атлетико» жадвалнинг сўнгги поғонасида қолиб, Сегундага тушиб кетганди.
10та иштирокчи орасида ҳозирда кўпчилик танимайдиган «Европа» ва «Аренас» (бронза медали соҳиби) клублари ҳам бор эди. Аммо етакчилик номи Испания элитасидаги барча мавсумларда қатнашган учта клубга насиб қилди. «Барселона» иккинчи ўринни олган бўлса, 18та турда 12та ғалабага эришган «Атлетик» чемпионликни расмийлаштирди.
Энг яқин таъқибчиларини 7 очкога ортда қолдиргана басклар ҳужум (63та гол) ва ҳимояда (-28та гол) қолганлардан яхши кўрсаткич қайд этишди. Ўша мавсум жамоанинг ҳақиқий етакчисига айланган 20 ёшли Горостиса ўз ҳисобига 20та гол ёздириб қўйганди.
Қизиғи, мавсум арафасида бу футболчи «Атлетик», «Реал» ҳамда «Аренас»дан тушган таклифларнинг бирини танлаши керак эди. Якунда эса бильбаолик оғайниси Рамун Лафуэнтенинг маслаҳатига қулоқ солди.