Қарши шаҳридаги “Марказий” стадиони бугун яна бир катта футболга мезбонлик қилади.
“Насаф” ОЧЛ-2018нинг 5-тур доирасидаги учрашувда Эроннинг “Персеполис” жамоасига қарши майдонга тушади.
Мазкур учрашувни ФИФА ҳаками Али Абдулнаби бошчилигидаги Баҳрайнлик ҳакамлар бошқаради. Қанотларда унинг ҳамюртлари Муҳаммад Салмон ва Абдулла Алравоиймилар ёрдам беришади. Исмоил Ҳабиб Али эса захира ҳаками сифатида ишлайди.
Ҳакамлар ишини Гонконглик Лам Чи Хо назорат қилади.
Учрашув комиссари Али Жаброил, Фаластиндан.
ОЧЛ-2018. “С” гуруҳи, 5-тур
“Насаф” (Қарши) – “Персеполис” (Эрон)
02.04.2018. “Марказий” стадион. 19:30
Бош ҳакам: Али Абдулнаби (Баҳрайн)
Қанот ҳакамлари: Муҳаммад Салмон (Баҳрайн), Абдулла Алравоийми (Баҳрайн)
Захира ҳаками: Исмоил Ҳабиб Али (Баҳрайн)
Назоратчи: Лам Чи Хо (Гонконг)
Комиссар: Али Жаброил (Фаластин).
Бугунги учрашув ҳар иккала жамоа учун жуда муҳим саналади. Айниқса “аждарлар” учун бугунги учрашувдаги ғалаба гуруҳ босқичидаги имкониятини оширади.
Рақиб жуда кучли. Улар деярли мамлакат чемпионлигини ҳал қилишиб, бор кучларини ОЧЛга қаратишган.
Аммо “Насаф” учрашувни ўз майдонида ўтказади. “Марказий”га ташриф буюрган минг-минглаб клубимиз ишқибозлари, футболчиларимизга далда бўлишади. Бу жамоамизга нафақат қўшимча куч, балки руҳий устунлик ҳам беради. Руҳан кучли жамоага ҳар қандай рақиб дош бера олмайди.
Аслида ҳар қандай кучли рақибга қарши муносиб кураша оладиган “аждарлар”, мухлисларимизда шундай ишончни пайдо қилишган. Бугун ҳам воҳалик футбол ишқибозлари “Насаф”дан ғалаба кутишмоқда. Йигитларимиз ана шу ишончни оқлаш учун яна бир муҳим учрашувда майдонга тушишади. Биз барча мухлисларимиз номидан жамоамизга омад ва зафар тилаймиз.
Олға йигитлар!