Ҳар қандай мусобақанинг нуфузини мукофот жамғармасига қараб осонгина аниқлаб олиш мумкин. Soccer.ru турнирларнинг молиявий жиҳатларини таҳлил қилиб, уларни ўзаро таққослаб кўрди.
Етакчи бешликдаги мукофотлар
Молиявий жиҳатдан АПЛ вакилларига ҳавас қилса арзийди. Ўтган мавсумда «Челси» чемпионлик учун қуртдек санаб олган 150 млн. фунт ундан аввалги «Лестер»нинг мукофот пулидан (87,3 млн.) анча кўп. Лекин Англияда жорий этилган тизимга кўра, ҳатто мусобақада ишлари юришмай қолган жамоада ҳам ўзини ўнглаб олиш имконияти мавжуд.
Масалан, «Сандерленд» мавсумни охирги ўринда якунлади, чемпионшипга тушиб кетди. Қуйи дивизионга ғазнасини 93,47 млн. фунтга бойитган ҳолда йўл олди. Ўтган мавсум АПЛ вакиллари ҳаммаси бўлиб 2,39 млрд. фунт даромад олишди.
Эътиборлиси, мусобақа бошида ҳар бир иштирокчи 35 млн.га эга бўлди. Жамоаларнинг ўринларига кўра юзага келадиган фарқ эса унчалик катта эмас.
Мавсумни бешинчи ўринда якунлаган «Арсенал» 139,6 млн. фунтга эга бўлди. ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритган «Ливерпуль» эса 146,1 млн.га, яъни иккинчи ва учинчи, 12- ва 13-ўринлар ўртасидаги тафовут деярли йўқ ҳисобида. Албатта, 6-7 млн. фунт кимлар учундир улкан сармоя. Англия учун эса ундай эмас.
«А» серияси мутасаддилари ҳам мавсум омадсизлигида хонавайронликни четлаб ўтиш имконини берадиган тизимни йўлга қўйишган. Италияликлар «парашют» кўмак пуллари миқдори 45-60 млн. евро атрофида. Маблағ муайян жамоанинг сўнгги мавсумларда неча марта элитага чиққанига қараб белгиланади.
Лига тараққиёт масаласида жиддий муаммоларга дуч келаётган бўлсада, чемпион «Ювентус» ҳар йили фақат ТВ ҳуқуқлари савдосидан 120 млн. евро даромад олади. Энг кам мукофот пули - 30 млн. евро. Яъни Россия чемпионига тўланган маблағдан 6 марта кўп!
Ваҳоланки, «А» серияда футболчиларнинг иш ҳақлари Россиядагидан кўп эмас, баъзан оз бўлган ҳолатлар ҳам учраб туради. Айнан шунинг учун ҳам «Ювентус» Игуаин учун пул топишда муаммоларга дуч келмайди. Турин суперклуби даромадлар бўйича рекорд ўрнатди - 562,7 млн. евро. Соф фойда эса 42,6 млн. еврони ташкил этди.