Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ишонч (қисса, 4-қисм)

Баҳо:
+1 | -

Биз ярим финал ўйинини жуда осонлик билан ютдик. Адашмасам, 7:0 ҳисобида. Лекин менга бу жуда ноодатий туюлди. Кейинчалик финал олдидан мактабда гап чиқиб кетди. Эмишки, Фарҳод 9-“В” синфи йигитларини қўрқитганмиш. Агар, улар ютқазиб беришмаса, йил охиригача уларга кун бермаслигини айтганмиш! Бу гаплар устозимизнинг ҳам қулоғига етиб келибди, шекилли, дарсдан сўнг ҳамма йигитларни қолишини сўради. Ҳамма йигитлар дарсдан сўнг хонада қолдик. Хайриддин ака синфга кириб келди-да, эшикни маҳкам ёпиб қўйиб, паст лекин тахдидли овозда ‘”Нималар қиляпсизлар, ўғил болалар?”, дея чертиб гапирди. У “ўғил бола” сўзига урғу бериб гапирди. Ҳаммамиз сергак тортдик. Мен дарров тушундим. Демак ҳаммаси рост. Ярим финалдаги ғалабамиз бекорга осон бўлмаган экан. Фарҳод биринчи бўлиб гапирди.

— Хўш, нимани назарда тутяпсиз, — дея қўзғалиб ўтирди. Устозимиз эса унга яқинроқ келиб кўзларини унга тикиб жуда дадил гапирди:

— Ҳаётда ҳамма нарсани ҳам зўрлик билан эгаллаш мумкин эмас. Шундай нарсалар борки, унга эришиш керак. Хўш, айтингларчи, биринчи учрашувдаги иродали ғалабани мазаси қандай эди. Бунисида ҳам шундай қувона олдингларми? Ҳамма жим бўлиб қолди. Фарҳод бироз пастроқ тушиб:

— Жуда ҳам катта турнирда қатнашгимиз келувди-да, — деди устоздан кўзларини олиб қочиб.

Устозимиз урушмади, бақирмади, бизни нафсониятимизга тегмади. Шунчаки ҳамманг ўрнингдан тур дея буйруқ оҳангда гапирди. Биз турдик. Устозимиз кўзларини бизга тикиб турди-да, сўнг аста гап бошлади:

— Шуни доим эсингизда тутинг: агар бирон нарсани олдингизга мақсад қилиб қўйсангиз, ҳеч қачон ундан чекинманг. Нима бўлган тақдирда ҳам фақат шу нарса учун курашдан тўхтаманг. Курашдан тўхтаган одамни ҳаёт четга суриб ташлайди. Шу катта турнирда ғолиб бўлишни хоҳлайсизларми? — дея сўради. Биз истар-истамас “ҳа” дедик. У баландроқ овозда баландроқ дея овозини кўтарди. Биз “ҳа-а-а” дея бақирдик. Шунда Хайриддин ака
— бунинг учун мен сизларга ёрдам беришим мумкин, лекин шартим бор дея гапни кўнгдаланг қўйди. Ҳаммамиз “хўш”, дея унга тикилдик. Сезиб турибман, ҳамманинг қалбида кучли ҳаяжон. Устозимиз бизга тикилиб аста гап бошлади.

— Шартим шуки, бугундан бошлаб фақат ҳалол ўйнайсиз, бир жамоа бўласиз, кучлийингиз кучсизингизни ҳимоя қиласиз, ҳар бирингизни хатойингиз учун жамоа бўлиб жавоб берасиз. Энг муҳими футбол кураш, курашни эса сўнгги сонияларгача тўхтатмайсизлар. Агар шу шартларимга кўнсангиз мен тўлақонли мурабий бўламан ва эртага финалда енгсак, пойтахтдаги республика чемпионатига олиб бораман. Насиб қилса, у ерда ғалаба қозонсак, олимпия захиралари коллежига имтиёзли кириш имконини беради. Бу яхши келажак қуриш имконияти. Ҳар бирингиз яхшилаб ўйлаб кўриб, мен билан ишлашга тайёр бўлсангиз жавобингизни айтарсиз. Жавобингизни эртага эрталаб кутаман, — дея хонадан чиқиб кетди.
Синф сув қуйгандай жим-жит бўлиб қолди. Ҳеч кимдан садо чиқмас, ҳамма ўзи ўй-фикрлари билан банд. Биринчи бўлиб Мирсодиқ гапирди.

— Устозимиз ҳам жа оладида, — дея тиржайганди, Фарҳод унинг гапини шартта бўлди.
— Ўчир овозингни! — сўнг истаб-истамай қўшиб қўйди: — Тўғри гапирди. Мен унинг шартларига кўнаман. Агар ким кўнмаса ушлаб туриш йўқ, кетиши мумкин, — деди. Аброр эса Фарҳод нинг елкасига қўлини қўйиб:
— Ҳаммамиз охиригача биргамиз, — дея Фарҳодга тилёғламалик қилди. Фарҳод униям қайтариб ташлади:
— Ҳамма ўзига жавоб берсин, — деди. Шу пайт мен ҳаммадан биринчи гапирдим (ўшанда дадиллигимга ўзимга қойил қолган эдим):
— Мен ҳаммасига тайёрман, — дедим. Сўнг ҳамма бирдан маъқуллади.

Шу билан биз ўша кундан бир оилага айландик. Эртаси куни синфдошларим билан дарсдан олдин мактаб ҳовлисида кўришдик. Ҳаммамиз битта мавзуда гаплашардик. Эҳ, менинг безовта юрагим шу қадар тез урардики, асти қўяверасиз. Биринчи дарсимиз жисмоний тарбия эди. Синф раҳбаримиз хонага кириб келди-да, ҳеч нима бўлмагандай аввал йўқлама қилди, қизларга алоҳида топшириқ берди, сўнг бизга қаради.

— Ҳўш, азаматлар, ўйлаб кўрдингларми гапларимни?
Ҳаммамиз бир овоздан “ҳа” —дедик. Хайриддин ака мамнун жилмайдилар, доимгидек қошлари тепага учиб пешоналарида ажинлар кўриниб кетди. Сўнг ҳаммага қарата:
— Кеча рақибларингизни ўйинини кузатдим. Уларда 3 нафар ўйинчи бор экан. Ҳамма шу йигитларга ўйнаркан. Агар уларни ёпиб ташлай олсак, биз ғолиб бўламиз. Бунинг учун бугун тўлиқ агрессив ўйнашимиз керак. Шу пайт гапни Мирсодиқ бузди.
— Агрессив нима дегани ўзи? –деди. Дарвозабонимиз — синфимиз сардори Иброҳим дархол жавоб берди.
— Серҳаракат ва тўқнашувлардан қўрқмасдан ўйнаш керак дегани, — дея устозимизга қаради. Хайриддин ака эса кулиб “тўғри” дегандек ишора қилди.

Ўша куни дарслар мен учун тугамай кетди. Ҳатто она тили дарсида иншони ҳам охиргача ёза олмадим. Хаёлга берилиб кетибман. Ва ниҳоят ўша соатлар келди. Биз майдонга чиқиш олдидан кийиниш хонасига кирдик. Ҳаммамизнинг ичимизда кучли ҳаяжон. Мен кўзларим билан устозимни қидирардим. Негадир биринчи соатдан кейин кўринмай қолдилар. Фарҳод кийимини алмаштирди-да, секин ўтирди. Чамамда у ҳам Хайриддин акани қаердалигига қизиқаётгандай эди. Шу пайт кийиниш хонаси очилди-да, қўлида катта қора пакет кўтарган Хайриддин ака кўринди. У қошларини тепага қилиб жилмайди-да, “қани олинглар буни” дея пакетни очди. Биринчи бўлиб Аброр ва Мирсодиқ қизиқ очиб коришди. Қани топингчи, ичида нима бор эди? “Манчестер Юнайтед” жамоасининг ўша машҳур қизил-қора уй либоси эди. Ҳаммамиз талашиб -тортишиб олдик. Охири бўлиб Фарҳод олди. Шунда ҳам минг ҳижолат билан яна устозимизга қараб “пулини бераман…”, — деб минғирлади. Устозимиз эса кулиб гапни ҳазилга буриб.
— Пули керакмас, мендан сизларга совға. Асосийси бир хил либосда — бир жамоа бўлиб ўйнай олсанглар бўлди. Биринчи бўлиб Тите (Темур)
— Раҳмат устоз! — дея самимий гапирди. Ҳамма бирин-кетин раҳматларни ёғдириб юборди.

Хайриддин ака бизни яқин келишимизни сўради. Ҳаммамиз яқинлашдик. У ўнг қўли билан ўнг томонидаги Тимурни, чап қўли билан Ғанининг билакларидан ушлади-да:

— Ҳамма айлана бўлиб турсин, — деди. Ҳаммамиз бир-биримизни қўлимизни ушлаб айлана бўлиб турдик. Устозимиз бизга қарата баланд овозда:
— Энди ҳаммангизни томирларингизда битта қон оқяпти. Битта жамоа —битта куч, битта мақсад ва ғалаба!,— дея жанговор оҳангда қисқа гапирди. Лекин менинг ҳам, бошқаларнинг ҳам баданларида чумоли ўрмалагандай бўлди. Ҳаммамиз бирин-кетин стадионга чиқиб келарканмиз, узоқроқда синфимиз қизларини кўрдик (кейинчалалик билсак буни ҳам устозимиз уюштришган экан). Уларнинг ичида Гулруҳ ҳам бор эди. Унга қарасам, Фарҳод ҳам тикилиб турибди. Иккимиз ҳам унга бир қараб қўйдикда, майдонда саф тортдик. Юраклар ширин орзиқиш билан тўла эди. Худди мундиал финалида иштирок этаётган ўйинчилардек тиззаларимиз қалтираб турарди…

Яхёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ

Давоми бор.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 09:24, 11.04.2018.
Ўқилди: 3602 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.