Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ишонч (қисса, 6-қисм)

Баҳо:
+1 | -2

Хонага кирсам, устозимиз телефонда ким биландир баланд овозда гаплашаётган экан. Мени кирганимни кўриб, гапни қисқа қилиб якунлади-да, менга ўгирилиб:

— Тезда ҳаммани бу ерга чақир, — дедилар. Мен истар-истамас хонадан чиқиб, стадион томонга юрдим. Ҳамма синфдошларимни чақириб келдим. Бир пастда хонани қий-чувга тўлдириб йигитлар кириб келишди. Ҳамма чекка-чеккага бўлсаям жойлашиб ўтирди. Устозимиз негадир хурсандга ўхшамайди. Қовоқларини уюб, ҳаммага ҳўмрайиб қарадида:

— Бу нимаси, ўғил болалар, агар уюшиб ўйнаганларингда, бугун бунақа асабий ўйин бўлмасди. Яхшиямки, ҳеч бўлмаса бир маротаба айтганимни қилдинглар. Бугунги ўйинларингга мактаб программаси бўйича “2” баҳо олдиларинг. Барчанинг юзидаги қувончи қаергадур кетиб қолди. Ҳамма жим бўлиб қолди. Чунки устозимизни бунчалар асабий ҳолатда илк бор кўришимиз эди. Улар бизни уришиб бўлгач, гапларини якунлади-да қисқагина қилиб:

— Бундан буён бир жамоа экансизлар, биттангиз учун ҳам ҳаммангиз жавоб берасиз. Бугун ким ёмон ўйнаганини ўша одам ичидан сезиб турибди. Мен бунга ортиқча тўхталиб ўтмайман. Эртадан бошлаб ҳар куни дарсдан кейин соат 17: 30 да мактаб стадионида машғулотларни бошлаймиз. Турнир бошланишига ҳам 6 ой қолмоқда. Шунча вақт ичида сизларни тайёрлашга улгуришимиз керак. Ҳа айтганча, регламент бўйича яна иккита ўйинчи қўшиб олишимиз керак. Мен жамоага Ҳамизни ҳам таклиф қилдим. Эртадан бирга шуғулланасизлар. Ҳаммага омад!, — дея хонадан чиқиб кетди.

— Ҳамиз келса яна кучаярканмизда, — дея гап бошлагандим, ҳамма менга ўқрайиб қараб қўйди. Кейинчалик билсам у ва Фарҳод ўртасида аввалдан катта адоват бор экан. Мактабда ҳам бир-бирлари билан ҳатто қўл бериб сўрашишмасди. Фарҳод секин ўрнидан турдида:

— Ҳеч қанақа Ҳамиз бизга ўйнамайди, мен унинг бизга қўшилишига қаршиман, эртага устозимиз билан шу ҳақида гаплашиб оламиз. Ҳамманинг гапи бир ердан чиқсин тушундингларми?, — деди. Ҳамма бошини қимирлатиб қўйди. Ўша куни мен барибир хурсанд эдим. Уйга юқори кайфиятда бордим. Ҳатто кечки овқат пайтида ҳаммага тўлиб тошиб айтиб бердим.

Эртаси куни ҳаммамиз дарсдан сўнг уйга бориб овқатланиб, спорт формада машғулотларга кела бошладик. Устозимиз ҳаммани яна олдингидек кулиб кутиб олардилар. Фарҳод ҳаммадан кейин келди. Қовоғи солиқ, ҳеч ким билан гаплашмас, нуқул кўзларидан совуқ ўт чиқариб атрофга алангларди. Бунинг сабабини тушунгандай бўлдим. Сабаби жамоамизга янги ўйинчи олиниши унга ҳечам ёқмас эди. Мен Ҳамизнинг ёнида сафда турардим. У ҳақиқий футболчилардек гетра, шит, чинакам бутса, э қўйингки, футболчиларининг профессионал атрибутларидан ҳаммаси бор эди. Тўғрисини айтиш керакки, ҳаммамиз унга ҳавас билан қараб қўяр эдик. У ҳам худди Фарҳод сингари бақувват, баланд бўйли, мактабнинг энг олди йигитларидан эди. У сафда қаддини ғоз тутиб турар, ўзига жуда ишонганлиги шундоқ кўриниб турарди. Устозимиз ҳаммани кўздан кечириб чиққач:

— Ҳамиз билан тил топишиб кетасизлар деган умиддаман, бугундан машғулотларни бошлаймиз. Лекин шуни эсингиздан чиқарманг, бу машғулотлар мактабдаги ўқишларингизга таъсир қилмаслиги керак. Хўш, қани ҳамма бирма-бир менинг олдимга келсин, — дея устозимиз фамилия билан чақирдилар. Буни қарангки биринчи бўлиб мени чиқдим. Олдига электрон торозни қўйиб олиб, қўлида дафтар, мени торозига чиқариб, оғирлигимни ўлчади. Адашмасам 56 кг чиқдим. Навбат билан ҳамма чиқди. Устозимиз эринмасдан ҳамани ёзиб, белгилаб чиқдида:

— Энди турниргача ҳаммани спорт формага киргизиш учун, махсус машғулотлар ўтказаман. Бу осон эмас. Ким тайёр бўлмаса ҳозироқ кетсин. Агар ҳозир чиқиб кетса, хафа бўлиш йўқ, лекин машғулотларнинг ўртасида ташлаб кетгандан шуниси яхши.

Ҳеч кимдан ҳеч қандай садо чиқмади. Ҳайриддин ака:
— Қани шоввозлар, олға бўлмаса, — югуриш майдончасига ишора қилдилар. Ҳаммамиз чопиб кетдик. Кимдир олдинда, кимдир орқада, яна кимдир шериги билан гаплашиб югуряпти. Ҳамиз эса тезлашиб ҳаммадан олдинлаб кетишга уруняпти. Фарҳод уни қувиб ўтиш учун тезликни оширяпти. Устозимиз бизни индамай кузатиб турди. Чамаси беш айланадан сўнг бизни олдиларига чақирдилар. Ҳамма йиғилгунича беш дақиқа ўтди. Хайриддин ака кулимсираб:

— Нима бу югуриш? Эстафета эмас, югуришингиз керак менга. Югуриш билан югуришнинг фарқи бор. Ҳозир шунча энергияни бесамар кетказдингиз, — деб ҳаммани бир-бирига яқинроқ туришга буюрдилар. Ҳамма жипслашиброқ турди, устозимиз бизнинг атрофимизни айлана қилиб бўр билан доира чизди. Шу доиранинг ичида қандай зич турган бўлсангиз, ҳудди шундай зич югурасизлар. Агар ким доирадан ташқарига чиқиб кетса, жазоланади. Фарҳод дарҳол эътироз билдирди:
— Бундай югуриб бўлмайди.

Мирсодиқ эса ҳар доимгидек ҳазилга буриб:
— Э, устоз, ҳаммамизни бир-биримизга арқон билан маҳкам боғлаб қўйсангиз бўлар экан. Узоқ кетмасин деб. Биз далада она-бола молларни шунақа боғлаймиз. Йигитлар кулди. Утозимиз ҳам жилмайдиларда, лекин дарров юз ифодаларини жиддийга тус бериб:
— Қани марш, югуруришга, — дея ишора қилдилар.

Биз бир-биримизга яқин турганимиз учун майда қадамлар билан югуришга тушдик. Тўғриси ноқулай эди жуда ҳам. Кимдир орқадан оёғимни босиб олар, мен эса олдиндагиларга туртилиб кетардим. Шундай қилиб, анча югурдик. Охири устозимизнинг ҳуштагини эшитдик. Улар барчамизни сафлантирдилар-да:
— Энди ҳамма уй-уйига! Бугунги машғулотимиз тамом, — дедилар-да хайрлашиб кетдилар.

Биз ҳам истар-истамас уйимизга тарқалдик. Машғулот деганда “бугун мириқиб футбол ўйнасак керак”, — деб умид қилиб келган бир мен эмас эканман, ҳамма шундан норози бўлиб уйига тарқалди. Эҳ, биз ўшанда турниргача ўтган 6 ойлик машғулотларда қанчалар қийналишимизни ҳозир билганимизда, балки эртага ҳеч ким машғулотларга келмаган бўлармиди.

Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ

Давоми бор.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 09:23, 17.04.2018.
Ўқилди: 4300 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.