Бугун Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раҳбари, Камончилар фонди васийлик кенгаши раиси, Туркия ёшлар фонди Олий маслаҳат кенгаши аъзоси Билол Эрдоган ва “Туркия-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси, Туркия Буюк Миллати Мажлиси аъзоси Ҳайдар Али Йилдиз бошчилигидаги катта делегация мамлакатимизга ташриф буюргани ҳақида хабар қилгандик.
Ташриф аввалида меҳмонлар пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойларни бориб кўришди. Кейин эса Самарқанд шаҳрига йўл олинди.
Меҳмонлар Самарқандга ташрифни «Гўри Амир» мақбарасини зиёрат қилишдан бошлашди. У ерда буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг ҳаққига қуръон тиловат қилинди.
Сўнгра «Регистон» ансамбли олдидаги катта майдонда камондан ўқ отиш бўйича VI халқаро «Фотиҳ кубоги» мусобақасига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов юртимизда спортни ривожлантириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан катта ишлар амалга оширилаётгани, қилинаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар ёш авлод вакилларининг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим роль ўйнаши, бу ислоҳотлар бутун Республика спортини қамраб олгани ҳақида гапирди.
Шундан сўнг Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар Шен, Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раҳбари, Камончилар фонди васийлик кенгаши раиси Билол Эрдоганлар сўзга чиқишди.
Тадбир якунида томонлар эсдалик учун совға алмашдилар. Ўз ўрнида Умид Аҳмаджонов Миллий олимпия қўмитаси номидан делегациянинг ҳар бир аъзосига алоҳида эсдалик совғаларини тақдим этди.
Меҳмонлар эса Умид Аҳмаджонов, Шоакрам Исроилов ва Туробжон Жўраевга Турк камончилари сертификатини топширишди. Тадбир якунига етгач, меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг юраги ҳисобланган «Регистон» ансамблидаги «Мирзо Улуғбек», «Тиллақори» ва «Шердор» мадрасалари каби тарихий обидаларни томоша қилишди. Ушбу экскурсия мартабали меҳмонларда катта таассурот қолдирди.