Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Лионель Месси: «Ҳаммаси яхши бўлишига қалбан ишоняпман»

Баҳо:
+ | -

ҚИРОЛ! ФЕНОМЕН! ЎЗГА САЙЁРАЛИК!

Ушбу жарангдор таърифлар ва тинимсиз равишда ўйлаб топилаётган бошқа сифатлар фақат унга тегишли. Бу каби мақтов-мадҳларда заррача муболаға йўқ.

Зеро, аргентиналик даҳоча анчадан буён ерликларга хос бўлмаган футбол намойиш этмоқда. Лео Мессини бугун ҳамма - ёшу-қари бирдек яхши танийди. У ҳаттоки, футболга унча қизиқмайдиганлар орасида ҳам машҳур.

«Барса» мухлислари Леони телбалардек севишса, рақиблар унга ҳурмат билан боқишади. Зеро, футбол оламида Месси забт этмаган чўққи, янгиламаган рекорд қолмади, ҳисоб.

Тўғри, энг йирик турнир - жаҳон чемпионати саралар сараси, яшил майдон ҳукмдори ва дарвозабонларнинг чин «қотил»ига ҳали бўйсунгани йўқ. Аргентиналик шоввоз бу кемтикни эҳтимол, Россия мундиалида тўлдирар. Ҳар ҳолда, шунга уриниб кўриши аниқ.

Хуллас, «Биринчи канал» мухбири яқинда «альбиселестлар» етакчисини махсус суҳбатга чорлаб, унинг бўлажак жаҳон биринчилигига нечоғли умид боғлаётганини билишга қизиқди.

- Лео, неча йилдирки, барқарор ўйнаб, бир маромда гол урмоқдасиз. Бундай муваффақиятли фаолиятнинг қандайдир аниқ формуласи борми?

- Ҳар мавсум бошланиши арафасида ўз олдимга бирламчи вазифалар қўйишга одатланганман. Асосийси - совринлар коллекциясини бойитиш йўлида бор куч-маҳоратни ишга солиш! Ҳозирча «Барселона»да бу вазифани яхши уддалаяпман.

Табиийки, энди Аргентина терма жамоаси билан ҳам совринлар ютишни истайман. Умуман, миллий жамоага манфаат келтириш ҳар қандай футболчига катта шараф ҳисобланади, хусусан, мен учун ҳам шундай.

Месси - футболдаги кескир тиғ. Ундан ОМОН қолиш амри-маҳол. Лео «Барселона»даги дебютини 17 ёшида нишонлаб, йиллар давомида футбол оламида иложсиз иш йўқлигини исботлаб келмоқда.

Истаса, ёлғиз ўзи бутун жамоани алдаб ўтиши мумкин, хоҳласа, мерганларга хос фантастик зарбаси билан дарвозабонни шунчаки, сеҳрлаб қўядики, у тўп парвозини кузатиб туришдан бошқасига ярамай қолади. Лео рақиб ҳимоясини шундай тез ёриб ўтадики, гўёки, қаршисида ҳеч қандай тўсиқ йўқдек туюлади.

У феноменал юришини бошласа, кўпинча рақиб ўйинчиларининг бирин-кетин майдонга қулашлари гувоҳига айланасиз. Бундай сеҳрли юриш фақат ва фақат Леога хос. Месси - ўз клуби ва терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар. У Испания чемпионатида нақ 9 марта ғалаба нашидасини суришга улгурди, ЕЧЛ кубогини 4 бора боши узра баланд кўтарди.

Қолаверса, нақ 5 марта дунёнинг энг яхши футболчиси сифатида «Олтин тўп» совринига эга чиқди. Ана шу беназир футбол афсонаси тез орада мундиал-2018 баҳона Россияга келади.

- Футбол олами бўлажак жаҳон чемпионатидан кўп нарса кутмоқда. Хусусан, ҳамма тарихдаги энг зўр мундиалга гувоҳ бўлмоқчи. Хўш, шахсан сиз Россия турнирида иштирок этадиган футболчи сифатида нималарга умид боғлаяпсиз? Бўлажак мусобақа, ўйинлар, мухлислар, стадионлардаги муҳит ва қабул яхши таассурот қолдиришига ишонасизми?

- Сир эмас, мундиал нафақат футболчи ва мураббийлар, балки бутун дунёдаги мухлислар учун ҳам бетакрор воқеа ҳисобланади. Умид қиламанки, навбатдаги турнир худди Бразилия-2014 каби аъло даражада ўтади.

Муҳими, юксак савияда футбол кўрсатилса ва мухлислар чинакамига лаззат олишса, бас. Биз эса ўз навбатида, имкон қадар муваффақиятли иштирок этиш асносида байрамга ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз, албатта.

- Жумладан, аргентиналик мухлислар сизлардан ғалаба кутишга ҳақлилар. Зеро, аввалги мусобақада финалда имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан кифоялангандинглар.

Умуман, Россия мундиалида дунёнинг энг яхши футболчиларига алоҳида эътибор қаратилиши аниқ, хусусан, сизга...

- Очиғи, барча жамоадошларим қатори кучли босимга кўникиб улгурдим. Демак, бу борада муаммо йўқ. Ахир «Барса»да ҳам, терма жамоада ҳам барча мусобақаларда фақат ғолиблик учун майдонга тушамиз.

Энг муҳими - турнирга яхши спорт формасида киришиш. Шунингдек, табиий иқтидорни нечоғли ишга солишингиз ҳам катта аҳамият касб этади. Айни пайт ҳаммаси яхши бўлишига қалбан ишоняпман.

Ҳозирнинг ўзида битта ноёб ҳолатга кафолат бериш мумкин: Лео исмли футбол афсунгари ва унинг сеансини Россияга келган мухлислар ўз кўзлари билан кўриш имкониятига эга бўладилар. Бинобарин, унинг ижросидаги «ҳунар»ларни бевосита томоша қилиш ҳар доим ҳам насиб этавермайди.

Кимлар учундир футбол тарихи аллақачон икки қисмга бўлинган - Мессигача бўлган давр ва унинг даври. Мана, Эрон миллий жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш ҳазил тариқасида ғаройиб таклифни ўртага ташлади: «Месси жаҳон чемпионатида ўйнаш учун бошқалар каби оддий инсон эканлигини исботлаши лозим.

Акс ҳолда, уни дисквалификация қилиш керак». Ҳа, бу ҳазил, аммо унинг тагида катта маъно яширин. Умуман, миллиардлаб  мухлислар учун Леонинг ўйинларини кўриш муҳимроқ. Бу хоҳиш олдида унинг ўзга сайёрадан эканлиги ҳақидаги гаплар четга сурилади.

- Бутун жаҳонда мислсиз обрўга эгасиз, жуда машҳурсиз. Ҳар ҳолда, қаерга борманг, бирга суратга тушиш ёки дастхат олиш илинжидаги катта оломон орасида қоласиз. Бундан муносабат зериктирмайдими?

- Кўплаб касбдошларим ва бошқа спорт турлари вакиллари машҳурлик юкини кўтариб юриш осон эмаслигини бот-бот таъкидлашади. Лекин шахсан мен бу борада бошқача фикрдаман. Аниқроғи, кўчадаги такаллуфларни одамларнинг самимий муносабатларини теран ҳис этиш воситаси сифатида қабул қиламан.

Бу кишига ўзгача роҳат ва куч бағишлайди. Ҳа, Яратганнинг инояти билан ҳар ерда мухлислар қуршовига тушаман, уларнинг меҳрларини туяман.

Тўғри, масаланинг битта нозик томони ҳам бор - бир вақтда ҳаммага етарли эътибор қаратишнинг иложи йўқ, шунингдек, мухлисларнинг истакларини тўлиқ қондириш ҳам имконсиз. Лекин менга нисбатан шундай илиқ муносабат учун барчадан миннатдорман, барибир.

- Диққатга сазовор томони, туғилган санангиз ЖЧ-2018 гуруҳ босқичи ўйинлари белгиланган кунга тўғри келмоқда...

- Таваллуд айёмимни ҳар хил йиғин ёки мусобақалар чоғи нишонлашга аллақачон кўникиб бўлди. Бу сана кўпинча Америка кубоги ёки ЖЧ вақтига тўғри келади.

Шундай экан, туғилган кун шарафига оила даврасида байрам уюштириш ёки дўстлар билан қаергадир бориш мен учун ҳаттоки, ғалатироқ туюлади. Ахир неча йилдирки, туғилган кунни қайсидир мусобақа вақти меҳмонхонада нишонлаяпман. Лекин бунинг ҳам гашти бор - жамоавий тадбирларга нима етсин?

Руслар удумига кўра, туғилган кун билан олдиндан табриклаш жоиз эмас. Шу боис, «Биринчи канал» ижодкорлари сайёрамизнинг энг яхши футболчисини шунчаки, эсдалик совғаси билан сийлашди -  «Барселона» аъзолари қиёфасидаги қўғирчоқлардан тузилган махсус ўйинчоқ беришди.

Туғилган кун учун чинакам совғани эса Леонинг ўзи жамоадошлари билан ҳамкорликда яшил майдонда тайёрласа, ажабмас. Ахир қирол қачондир тахтни ҳаққоний тарзда эгаллаши керак-ку.

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 01:37, 04.06.2018.
Ўқилди: 6997 марта.
Фикрлар: 19 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.