Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа 3-0 Кальяри
30/04 00:00 Барселона 4-2 Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

ЖЧдан чалғиб... Ёки кучли бешлик чемпионатларининг энг яхши ва антиқаҳрамонлари ҳақида

Баҳо:
+ | -

Тушунарлики, жаҳон чемпионати ўтказиладиган йиллар миллий чемпионат якунлари матбуотда одатдагидек тўлақонли таҳлил қилинмайди. Зеро, Европада энг кучли лига ўйинлари тугаши билан барча-барча ўз диққат-эътиборини бўлажак мундиал арафасидаги воқеаларга қаратади табиий равишда.

Лекин биринчиликлар якуни кўпчиликни етарлича қизиқтиради, барибир. Шуни ҳисобга олиб, Испания, Англия, Германия, Италия ва Франция элит дивизионлари якунига боғлиқ энг асосий жиҳатларни яхлит мақолада акс эттиришга уриниб кўрдик.

Ўйлаймизки, бу хилма-хилликни хуш кўрувчи ва турли-туман маълумотларга эҳтиёжманд газетхонларимиз учун айни муддао.

ИСПАНИЯ ПРИМЕРОСИ: «РЕКОРДЧИ «БАРСА»

Бош қаҳрамон - Лионель МЕССИ. 34та гол ва 5-«Олтин бутса». Аргентиналик даҳоча шунинг баробарида 12та голга ассистентлик қилиб, бу борада жамоадоши Луис Суарес ва Пабло Форнальс («Вильярреал») билан бирга чемпионатнинг энг яхши натижасини кўрсатди. Месси шунингдек, Ла-лига тарихида битта мавсум давомида нақ 6та жарима зарбасини голга айлантирган 4-футболчи бўлди.

Бош омадсиз - Хосе Анхель СИГАНДА. 6 йил давомида «Атлетик» ўринбосарларини бинойидек бошқарган баскониялик мураббий бош жамоада Эрнесто Вальверде ўрнини эгалладию, янги ролда вазифани уддалай олмади - мавсумни ЕЛда бошлашган «шерлар» охирги 11 йилдаги энг паст натижани қайд этишди - 16-ўрин.

Бош кашфиёт - «БЕТИС». Севилья жамоаси сўзсиз, мавсумнинг асосий кашфиёти бўлди. Қаранг, аввалги чемпионатда 15-ўринни банд этиб, элитада зўрға жой сақлаб қолган «Бетис» бу сафар ҳаттоки, анча кучли қўшниси - «Севилья» (7-ўрин)ни ортда қолдириб, юқори олтиталикка кирди. Муҳими, камтарин жамоа 5 йиллик танаффусдан кейин ЕЛга қайтадиган бўлди.

Бош хафагарчилик - «МАЛАГА»нинг пасайиши. 5 йилча йилча олдин Иско ёрдамида ЧЛ чорак финалида ўйнашган, аввалги мавсум эса ўз майдонларида «Барселона» (2:0), «Валенсия» (2:0) ва «Севилья» (4:2) каби кучли рақибларни ишонч билан мағлуб этишган «анчоуслар» бу сафар стартдаёқ қўл кўтаришди.

Дейлик, «Малага»нинг илк ғалабасини 10та тур кутишга тўғри келди. Якун шуки, жамоа Примеродаги 10 йиллик иштирокдан сўнг Сегундага равона бўлди.

Бош воқеа - ИНЬЕСТА хайрлашуви. Испан Ла-лигаси мавсум охирида бир қатор содиқ ўғлонлари билан хайрлашди - Хаби Прието («Реал Сосьедад»), Фернандо Торрес («Атлетико»). Лекин «Барселона» фахрийси Андрес Иньеста билан видолашув алоҳида воқелик ҳисобланади, барибир.

Мамлакат футболи тарихидаги энг муҳим гол муаллифи «кўк-анорранглилар» сафидаги 16 йиллик фаолиятидан сўнг Японияга йўл олди.

Энг яхши мураббий - Эрнесто ВАЛЬВЕРДЕ. Ортиқча таърифга ҳожат йўқ. «Барселона»даги ишини Испания суперкубоги учун баҳслардаги мағлубиятлар билан бошлаган мутахассис кейинчалик барчасини тўғрилаб, йўл-йўлакай бир қатор ички рекордларни янгилади.

Энг асосийси, «Барса» чемпионлик йўлида айтарли муаммога учрамади. Эҳ, каталонияликлар агар 37-турда «Леванте»га ютқазишмаганидами, мағлубиятсиз мавсум Вальверде обрўсини янада ошириб юборарди.

Рақамлар

*** Андрес Иньеста «Барселона» сафидаги ўйинлари сонини 675тага етказиб қўйди.

*** Криштиану Роналду чемпионатдаги илк голини октябрь ойи ўрталарида урди. Бу орада унинг голсиз серияси 355 дақиқага етди. Португалиялик юлдуз «Ре-ал»даги 9 йиллик фаолияти давомида бу қадар узун омадсиз серияга бирор марта йўлиққан эмасди.

*** «Барселона» клуб тарихидаги энг қимматбаҳо икки футболчига жами 235 миллион евро (transfermarkt.de маълумоти) тўлади.

Каталонияликлар августда Усмон Дембеле учун Дортмунд «Боруссия»сига 115 миллион беришди, январда эса 120 «лимон» эвазига Филиппе Коутиньо («Ливерпуль») трансферини амалга оширишди.

*** Лионель Месси Испания чемпионатидаги самарали узатмалари сонини 148тага етказиб, бу борада Ла-лиганинг мутлақ  рекордчисига айланди.

Аниқроқ айтсак, аргентиналик юлдуз февраль охирида Мичел («Реал»)нинг нақ 20 йилдан кўпроқ муддат ушланиб турган натижаси (147та голга ҳаммуаллиф-лик)ни яхшилади.

*** «Барселона» мағлубиятсиз сериясини 43та турга чўзиб, «Реал Сосьедад» томонидан 38 йил олдин қайд этилган рекорд (қаторасига 38та ўйинда мағлубиятсиз одим)ни нафақат янгилади, балки анча яхшилади ҳам.

*** «Барселона»нинг «Сельта»га қарши ўйин (2:2)даги бошланғич таркибида 1 нафар ҳам клуб тарбияланувчиси йўқ эди. Каталония жамоасининг фақат «бегона»ларга таяниши охирги марта мавсум-2001|2002да кузатилганди.

Иборалар

- Ла-лигада рақобат кучли, ўйнаш қийин, лекин ЧЛда ғалаба қозониш - ўзгача завқ-роҳат. Зайниддин ЗИДАН («Реал» бош мураббийи).

 - Тўғри, декабрь ойида «Реал»нинг Клублар ўртасидаги ЖЧда қозонган ғалабаси шарафига чемпионлик йўлакчаси ҳосил қилмадик, чунки бу турнирда мадридликлар билан мусобақалашмадик.

Шу маънода айтсам, «Реал» ҳам бизни чемпионлик йўлакчасида қарши олмаса керак. Ахир «Мадрид» бу мавсум «Барса»га чинакам қаршилик кўрсата олмади-ку...  Жерар ПИКЕ («Барселона» ҳимоячиси).

Испания чемпионати рамзий терма жамоаси

Ян Облак («Атлетико») - Хорди Альба («Барселона»), Самуэль Юмтити («Барселона»), Диего Годин («Атлетико»), Альваро Одриосола («Реал Сосьедад») - Серхио Бускетс («Барселона»), Андрес Иньеста («Барселона»), Пабло Форнальс («Вильярреал») - Лионель Месси («Барселона»), Криштиану Роналду («Реал»), Антуан Гризманн («Атлетико»).

АНГЛИЯ ПРЕМЬЕР-ЛИГАСИ: МИСР ЁҒДУСИ

Бош қаҳрамон - Муҳаммад САЛОҲ. «Ливерпул»нинг мисрлик ҳужумчиси рицар унвонига муносиб ишлади, гўё. Қаранг, Алан Ширернинг буюк рекорди (1та мавсумда - 31та гол) ҳам Салоҳ ёғдуси олдида «эриди». Бу натижани фақат Криштиану Роналду ва Луис Суаресдек мегатўпупарларгина такрорлагандилар.

Мана, Мо АПЛ голеадорлари учун чўққини яна бир тўп (гол) миқдорида юқорилади. Қолаверса, Африка футболи вакили 3 ой якунига кўра, АПЛнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди - бу ҳам рекорд.

Бош кашфиёт - «БЕРНЛИ». Шон Дайч жамоаси бир йил олдин лигада қолиш учун тер тўкканди, қолаверса, янги мавсум арафасида бир қатор муаммоларга учради (хусусан, етакчи ҳимоячиси Майкл Кин «Эвертон»га йўл олди). АПЛ клублари орасида энг кам бюджетга эга «Бернли» шунга қарамай, мардонавор курашиб, якунда ақл бовар қилмас натижага эришди - 7-ўрин ва ЕЛ йўлланмаси.

Диққат қилинг, Шон Дайч шогирдлари атиги 39та гол қўйиб юборишди (бу «Ливерпуль» ва «Челси»никидан 1тагина кўп, «Арсенал»никидан эса 12та кам).  Демак, 11та ўйинда ўз дарвозаси дахслизлигини сақлаб қолган Ник Поупга тасанно.

Бош хафагарчилик - «ЭВЕРТОН»нинг депсиниши. Асосий антимукофот эгаси - «Эвертон». Зеро, клуб менежерлари янги марралар орзусида нақ 200 млн. евро сарфлашганди.

Бироқ Гилфи Сигурдссон ва Дэви Классен, Майкл Кин ва Жордан Пикфорд, шунингдек, Уэйн Руни ҳам кутилган даражада ёрдам беролмадилар. Хуллас, «Эвертон» турнир жадвали бўйича олдинга силжиш ўрнига бироз орқага кетди - 8-ўрин.

Бош воқеа: Арсен ВЕНГЕР истеъфоси. Арсен Венгернинг бармоқ изларини Лондондаги Юлдузлар хиёбонига босиш керак. Шубҳа йўқ, француз мутахассиси нафақат «Арсенал», балки бутун Англия футболи тарихида ўзи учун ёрқин саҳифа ҳозирлади.

Умуман, Арсеннинг «канонирлар» бошқарувидаги фаолияти ҳақида катта асар ёзиш мумкин: 22 йилда 17та соврин (хусусан, 3та чемпионлик), мағлубиятсиз мавсум (2003|2004) ва саноғи йўқ кашфиётлар... Барчаси учун раҳмат, мсье Венгер!

Энг яхши мураббий - Хосеп ГВАРДИОЛА. Муҳокамадан мутлақо холи масала. Ахир каталониялик мутахассис «Манчестер Сити»ни чемпионлик маррасига шунчаки, етакламади, балки бу йўлда деярли барча рекордлар янгиланишини таъминлади. 114 имкониятдан 100 очко, 38 имкониятдан 32 ғалаба, атиги 2та мағлубият, нақ 106та гол...

Англия чемпионати рамзий терма жамоаси

Давид де Хеа («МЮ») - Маркос Алонсо («Челси»), Ян Вертонген («Тоттенхэм»), Николас Отаменди («Манчестер Сити»), Кайл Уокер («Манчестер Сити») - Давид Сильва («Манчестер Сити»), Кевин де Брюйне («Манчестер Сити»), Кристиан Эриксен («Тоттенхэм») - Серхио Агуэро («Манчестер Сити»), Гарри Кейн («Тоттенхэм»), Муҳаммад Салоҳ («Ливерпуль»).

ГЕРМАНИЯ БУНДЕСЛИГАСИ - ТАРАҚҚИЁТ МАШИНАСИ

Бош қаҳрамон - Хамес РОДРИГЕС. «Хамес? Ушбу ижара келишувидан маъно нима? Боз устига, шундай баланд нарх...» — Германия матбуоти ўтган ёз колумбияликнинг Бундеслигага йўл олганини асло хушламаганди. Амалда у «Бавария» қудратини янада оширди.

Хамес Родригесга айниқса, Юпп Хайнкеснинг бош мураббий лавозимига қайтгани ижобий таъсир қилди. Чунончи, қария мутахассис колумбиялик йигитга тўлиқ ишонч билдирди ва у бунга жавобан Роберт Левандовскини тўп билан таъминловчи бош ижрочига айланди.

Бош кашфиёт - Леон БЭЙЛИ. Бундеслига бутун еврофутболни ҳеч ким кутмаган янги иқтидорлар билан бойитишда давом этди. Ямайкалик Леон Бэйли аслида Бельгиянинг «Генк» клуби сафида ҳам кўзга ташланиб улгурганди. 20 ёшли йигитча «Байер» сафини тўлдиргач, илк ўйинлардан кейиноқ «Янги Роббен» мақомини олди.

Гап шундаки, Ямайка вакилининг ўйин услубида уста голландга хос белгиларни осонгина пайқаш мумкин. Леон ҳозирда Англия клублари, шунингдек, «Бавария» эътиборида турибди. Дейлик, мюнхенликлар кечаги «нотаниш» йигитча учун нақ 100 млн. евро (клуб тарихидаги рекорд сумма) таклиф қилишмоқда. 

Бош хафагарчилик - «ГАМБУРГ»нинг лигадан тушиб кетиши. ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 00:29, 19.06.2018.
Ўқилди: 4880 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.