Россия яшил майдонларида кечаётган шиддатли ўйинларни кузата туриб шуни сездимки, ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб боряпти. Тахминимча, яна 3 йиллардан сўнг деярли аутсайдер термалар қолмаса ҳам керак. Лекин мени ҳаммасидан ҳам грандларнинг қийин ўтказаётган ўйинларидан таажжубдаман.
Барчасидан ҳам Аргентинанинг оқсаётгани мени ҳайратлантирди. Лекин бу шунчаки нисбийлик холос. Уларнинг ҳақиқий кучини ҳали кўрганимизча йўқ. Сезган бўлсангиз, хорватлар билан бўлган ўйинда ҳам голгача жуда ишончли ўйин кўрсатишаётганди. Лекин қўпол хато ҳаммасини ўзгартириб юборди. Қолгани ўз-ўзидан кела бошлади...
Майли, бугун бу ҳақида эмас, ҳамамизни қийнаган бошқа саволга жавоб излашга ҳаракат қиламиз. Хўш, Аргентинанинг бор кучи шуми? Қизиқ савол-а? Ҳозир мақолани ўқиётганларнинг деярли 80 фоизи «ҳа»деб ичида жавоб беришга улгурди.
Мен эса ундай фикрда эмасман. Тўғри, ички низолар ҳозир уларда авжига чиққандир, тўғри, мураббий ва Мессининг ўзаро низолари кийиниш хонасидан тортиб, биз журналистларнинг қулоғигача эшитилаётгандир, ҳатто Аргентина 3-турда майдонга мураббийсиз чиқиши ҳам мумкин бўлиб турган бир пайтда ҳам бу жамоа — Аргентина!
Майли, ҳозир Марадонасиз қолган бўлсин, майли ҳозир Батистутадек ҳужумчиси бўлмасин, лекин бу жамоа шундай афсоналарни бизга етказган юртнинг терма жамаоси. Уларни ҳурмат қилмаслик, менимча, хато бўлади. Мундиални бу қадар оммалашишида нафақат мундиални, балки футболнинг миллиардлар ўйини бўлишида ҳам бу жамоанинг ўзига хос улуши бор. Шу улуш ҳақи мен бу жамоага 3-турнинг сўнгги сонияларагича мухлислик қиламан. Агар Аргентина гуруҳ тўсиғидан ўта олса, унда улар финалгача бора оладилар. Чунки уларда Марадонна сингари етакчилардан қолган ғолиблик руҳи бор. Фақат буни намоён эта олсалар бас!
Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ