Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

«Қаердадир бошқа дунёда...»: Германиянинг мағлубияти ҳақида

Баҳо:
+ | -

Бу содир бўлди. Мен ўша Германия иккита бўлган пайтдан бери футбол кўраман ва умримда биринчи марта немисларнинг гуруҳ босқичидан ўта олмаганликларини кўрдим. Биласизми, Германия - Бразилия ўртасидаги нимчорак финал жуда ҳам қизиқ бўлиши мумкин бўлса-да, бу биз кўрган воқеа ўша ўйиндан ҳам камюб ва катта воқеа. Юз йилда бир содир бўлади. Яъни деярли ҳеч қачон.

Ўтган мундиалда Испания терма жамоаси гуруҳдан чиқа олмаган, ҳатто Нидерландияга йирик 1:5 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Ундан тўрт йил олдин жаҳон чемпиони сифатида ташриф буюрган италияликлар Словакия, Янги Зеландия ва Парагвайдан ташкил топган ЖЧ тарихидаги энг осон гуруҳлардан бирини муваффақиятсиз якунлаган. Осиёда ўтган жаҳон чемпионатини Франция Сенегалдан мағлубият билан бошлаб, кейинги ўйинларда ҳам бирорта ҳам гол ура олмай уйга равона бўлганди.

Немислар илк ўйинда Мексикадан ютқазгач, табиий равишда, мана шу - чемпионларнинг кейинги турнирни ўта муваффақиятсиз ўтказиш анъанаси кўп эсланган бўлса-да, барибир, тан олинг, Германия терма жамоасининг кучи, таркиби, салобати кўпроқ, ЖЧ-2010 ни мағлубият билан бошлаб, кейинчалик, чемпион бўлган Испанияни кўпроқ тилга олишга мажбур қилганди. Ўзи шунақа бўлади, кучли жамоаларнинг муваффақиятсизлигини қабул қилиш доим қийин. На ўта маъносиз ўйин, на омадсизлик бизни чалғитади, барибир нимадир бўлиб, ўша биз билган, оқибатда ғалаба қозонадиган немисларнинг чиқиб келишини кутаверамиз. Фақат ҳакам хуштагигина Германияни уйга юборишга қодир, фақат мана шу хуштак овозигина бизни воқеани бутун даҳшати билан ҳис қилишга мажбур қила олади холос.

Ўқиганмисиз, йўқми, турнир бошланмасдан олдин, "Ким нега чемпион бўла олмайди?" сарлавҳаси остида мақола ёзгандим, ҳар бир фаворитни тилга олган ҳолда, ўша жамоа ниманинг ҳисобига ютқазиши мумкинлиги ҳақида фикр юритиб кўргандим. Яхши бўлган экан, энди ҳеч ким менга "ёвдан кейинги ботирдек, ютқазгандан кейин муаммоларини ёзиш осонда" деб эътироз қилавермайди, ўша қораламани ёнимга олиб, навбати билан чиқиб кетаётган фаворитлар ҳақида ёзавераман, зўрми?

Хуллас, Лев Толстойнинг "Анна Каренина"сидаги дастлабки жумлалар - "Ҳар бахтли оила бир бир бирига ўхшайди, ҳар бир бахтсиз оила эса, ўз ҳолича бахтсиз" ибораси футболда бироз тескари амал қилади. Кучли жамоалар ўз ҳолича фарқли ўйин кўрсатишади, кучсизлар эса, бир-бирига ўхшайдилар, тўғрими? Келинг, аввал немисларнинг ўша кучсиз чемпионлар билан ўхшаш жиҳатларини қидирамиз.

ЭСКИРГАН ҒОЯЛАР

4 йил олдин "Бавария" Европада тенгсиз деб топилгач, клуб бу чўққига етаклаб келган мураббийни олиб қолишга уринмай, Пеп Гвардиоланинг кетидан қувганида, ростини айтсам, қойил қолгандим. Маълум чўққига етган жамоанинг барибир пасайишга маҳкумлигини сезган немислар янги қон ва янги ғоялар орқали, жамоани ўша даражада сақлаб туришга уринишлари мантиқан тўғри эди. Терма жамоада ҳам немислар бу борада жуда тамойил билан ёндошишлари, масалан Хелмут Шен, Баккенбауэр каби мураббийларнинг муваффақиятли ўйинлардан кейин ўз ўрнини бошқага бўшатиб берганликлари ёрқин мисол бўла оларди.

Аммо бу сафар немислар ўзларига хаддан зиёд ишониб юборгандек туюлишди. Юқоридаги эсланган чемпионларнинг ҳам қисматини ҳам кўпроқ шу сабаб, эски таркиб билан иккинчи марта ҳам чўққига чиқишга уринмоқчи бўлишгани белгилаб берганди балким. Мисол учун, 1994 йилги чемпион Бразилия тўрт йил ўтиб финалга чиқди. Мана шу тўрт йил фарқи билан Бразилия таркибига назар ташласам, фақат Таффарел, Алдаир, Дунга ва Бебето ҳар икки финалда тўп сурган экан. Ромарио бошчилигидаги АҚШ-94 чемпиони бўлган Бразилия билан Роналдонинг бразилияси ўртасида анча фарқ бор, балки шунинг учун кейинги Бразилия ҳам чемпионлик остонасига етиб борганди.

Ёки ЖЧ-86 чемпиони Аргентинани олайлик. Тўрт йил ўтиб, Италия майдонларида ҳам финалгача етиб борган асосий таркибда фақат Ружери, Бурручага ва Марадона жаҳон чемпиони эди холос. Карлос Билардо Левдан фарқли равишда, бутунлай янги жамоа тузишнинг уддасидан чиққан эди.

Дарвозада Нойер, ҳимоядаги етакчилар Хуммелс ва Боатенг, ярим ҳимояда Кроос ва Ўзил, ҳужумда Мюллер... буни қаердадир кўрганмиз.

Албатта, бу ерда бош мураббийни айблаш қийин. Ахир бу "Бавария" эмас, терма жамоа, немис паспорти бор юлдузлар ўзгармаса, у нима қилсин? Қаторасига икки марта жаҳон чемпиони бўлган жамоани қидирсак, ўша Пелелар даврига бориб қолишимиз бежизга эмас, Германия бу фактни қабул қилиши керак менимча.

Бу футбол, қачондир ҳар қандай анъана бузилади, тўғри, аммо айнан мана шу Германия ўша буюк ишни амалга оширишга қодир эмасдики, бунга бошқа сабаблар ҳам бор.

КИМНИНГ ЕЛКАСИ КУЧЛИ?

Бир пайтлар Дел Боске "Касильяснинг тренажер залда кўпроқ шуғулланишини сўрадим. Унинг елкалари бақувват бўлиши керак, чунки ҳадеб кубок кўтаравериш осон эмас" деганди. Бу бироз хазил ва бошқачароқ маънода бўлса-да, Толстойнинг фикрини ишлата олганимиздан кейин, Дел Боске чўт эмас. Демак, кўп соврин ютиш учун, жамоа босимини таший оладиган, етакчилик қила оладиган бақувват елкалар зарур.

Таркиб деярли ўзгармагани билан, бу сафарги Германия тўрт йил олдингисидан бир жуда муҳим жиҳат билан фарқ қилади. Юқорида тилга олинган "Ким нега чемпион бўла олмайди?" мақоласида, ўзимча, бир йил олдин иккинчи таркиб билан келиб кучли терма жамоаларни ер тишлатган Лёв жамоасининг салбий жиҳатларини қидириб, зўрға, бармоқдан сўриб топиб олган факторни яна эслайман. Энди бу фактор жуда муҳимга ўхшаб кўринмоқда.

"ЖЧ-2014 ғолиби ўша мураббий ва кучли таркиб билан бешинчи чемпионлик учун келмоқда ва айтиш керакки, турнирнинг энг асосий фаворитидир. Хўш, немисларга бу сафар нима ҳалақит бериши мумкин?

Агар Италия терма жамоаси финал босқичига йўл олганида, жавоби осон бўларди. Лекин энди, янада чуқурроқ қарашга мажбурмиз ва балки тўрт йил олдин жамоада мавжуд бўлган баъзи жиҳатлар энди топилмас? Масалан, ўшанда терма жамоа асосини “Бавария” аъзолари – Мюллер, Швайштайгер, Лам, Боатенг, Нойер, Кроос каби футболчилар терма жамоа асосини ташкил қилар эдилар. Мана шу пойдевор устида бошқалар ҳам жипслашиб, жуда кучли ўйин кўрсатилганди.

Бугунги Германияда аслида истеъдодли футболчилар янаям кўпайган, Лёв тенг кучли бир неча терма жамоа тузиш имкониятига эга бўлса-да, асосий таркиб ҳақида борганда, пасайишни кутган бўлардим. Юқоридаги номлардан икки футболчи футболни тарк этди, Кроос “Реал”га ўтиб кетди. Бу ҳам майли, бугунги Германия терма жамоаси юлдузларига қарасак, уларнинг бирортаси ҳам ўз клубида асосий ўринларда эмаслигини кўрамиз. Бундеслига етакчиси “Бавария”ни олсак, ҳимояни қўшмаганда фақат Руде ва Мюллер немис футболчилари, қолганлар легионер.

Айтмоқчиманки, тўрт йил олдинги Германия нима қилишни олдиндан биладиган, салобатли ва тажрибали жамоа бўлганди, бу сафар эса, Лёв бир қатор истеъдодли футболчилардан яхлит терма жамоа тузишга мухтождир. Ўз-ўзидан, энди аввалгидек осон бўлмайди" - деб ёзилганди турнир бошланишидан аввал.

Ҳақиқатан ҳам, немислар таркибида масъулиятни ўз қўлига оладиган, жамоани ўз ортидан эргаштира оладиган куч фақат Швеция билан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида кўринди холос. Немис футболчиларининг клубларда етакчи ролда эмасликлари терма жамоа юкини кўтаришга келганда ҳам кўриниб қолди.    

ОХИРИГА ЕТМАГАН ИЗЛАНИШ

Испания терма жамоасига қайтамиз. 2010 йилдаги. Ўшанда испанлар Швейцарияга биринчи турда 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрагандилар. Кейинги ўйинларни эса, Испания кўтаринки руҳда ўтказди ва ўз дарвозасидан бирорта ҳам тўп ўтказиб юбормай, жаҳон чемпионига айланди.

Лёвнинг Швеция билан ўйинга танлаган таркибнинг ўзиёқ, бу немисларнинг ўша испанлардек бўла олмаслигини тушуниш мумкин эди. Испания Швейцарияга ютқазган таркибни деярли ўзгартирмай туриб (кейинги ўйинда фақат бир ўзгариш қилинган) кейинги ўйинларни ютган. Яъни Испаниянинг мағлубияти тизимсизлик эмас, айнан бир ўйиндаги омадсизлик холос экан. Испания ўз кучини, нимани ҳисобига ютмоқчи эканига ишончи комил бўлган ва оғишмай, кейинги ўйинларни ютган.

Германиянинг мағлубияти бироз жиддийроқ бўлиб чиқди, буни ўша ўйиндан кейин ҳам Лёв тан олишга мажбур бўлди. Бунинг исботи, у Швецияга қарши ўйинда бутунлай бошқа ғояни танлади. Табиийки, жаҳон чемпионатида ҳар қандай жамоа очилиш ўйинига ўзининг энг оптимал таркибини танлайди. Илк ўйинда жамоанинг ҳақиқий "мияси" бўлиши керак бўлган Месут Ўзил, шунингдек, Дракслер, Хедира каби футболчиларнинг иккинчи ўйинда захирада қолдирилиши Лёвнинг "довдираши" эмасмиди? Демак, турниргача тайёрланилган ва ишлаши керак бўлган механизм илк ўйиндаёқ ўзгартиришга мухтож бўлиб қолдими?

Қизиғи, бу ўзгариш ҳам айтарли фойда бермади, жамоа ишончли кўринмади, фақат сўнгги дақиқалардаги голгина немисларга сўнгги турда имконият тақдим этди. Учинчи ўйинда яна Ўзил қайтарилди, энди Мюллер захирада қолди. Хуллас, бир йил олдин учта кучли таркибга эга бўлгани айтилган Лёв ягона оптимал таркиб борасида аниқ қарорда эмаслиги кўриниб қолди. Ёки у ишонган футболчилар ишончни оқлай олишмади.

РАҚИБЛАР...

Албатта, рақибларнинг ҳам Германияга қарши жуда яхши футбол кўрсатганликларини таъкидлаш лозим. Бўлди. Таъкидладик, етади.  

Шу ўринда бир гап. Эроннинг сўнгги Европа чемпионатлари ғолиблари билан бир гуруҳда нималар қилганини кўрдик. Жанубий Корея қанақа ҳолатда бўлмасин, дунёнинг энг кучли терма жамоаларидан бирини оёғидан тортиб қолди. Бу жамоалар биз билан бир гуруҳда ўйнаган эсингизда бўлса. Биз бу терма жамоалар билан тенгма тенг ўйнай олгандик. Лекин савол туғилади, шу Германия, Испания ёки Португалия билан ҳам муносиб ўйнай олармидик?

Дунё футбол ўйнашни ўрганиб олди. Ғалаба қозониш осон бўлмай қолди. Уругвай билан ўртоқлик ўйинидаги 0:3 ҳисобида мағлубиятни "биз муносиб ўйнадик" деб изоҳлаш вақти ўтди, чамамда. Ҳар қандай жамоа билан натижа учун ҳаракат қилиш мумкинлигини тушуниш керак. Ишонаверинг, ўртамиздаги фарқ биз ўйлагандек, ёки бизга ўқтираётганлари сингари, у қадар катта эмас.

Қаҳрамон Асланов

Манба: tribuna.uz
Киритилди: 23:12, 27.06.2018.
Ўқилди: 8477 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.