Бугун 30 июнь куни ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Жисмоний тарбия ва сопрт вазири ўринбосари Шариф Мўминжонов ҳамда махсус ишчи гуруҳ билан биргаликда, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси қўшма қарорига асосан, Қашқадарё вилояти футбол ассоциясидаги умумий ҳолатни ўрганиш ва олимпия спорт турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш учун Қарши шаҳрига ташриф буюрди.
Қарши шаҳар аэропортида Умид Аҳмаджоновни Қашқадарё вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Зафар Рўзиев кутиб олди.
Таъкидлаш керак, ташриф давомида дастлаб “Мурувват” ногирон болалар уйига борилиб, у ердаги болакайларга совғалар улашиш режалаштирилган.
Шунингдек, Қаршидаги Олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб интернати фаолияти билан яқиндан танишилади.
“Насаф” клуби ўқув-йиғин базаси ҳамда клуб академиясига ҳам ташриф буюрилади. Қарши шаҳридаги “Марказий” футбол клуби стадиони кўздан кечирилади.
Бундан ташқари, собиқ “Меҳнат” ўйингоҳи ўрнида қурилаётган спорт мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишлари ўрганилади. Ва ниҳоят вилоят ҳокимлигининг мажлислар залида Қашқадарёда спорт, хусусан, футбол соҳасини ривожлантиришда олиб борилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар бўйича йиғилиш ўтказилади ва тегишли хулосалар қилинади.