Жаҳон чемпионатида бўлиб ўтган дастлабки чорак финал баҳсларидан кейин иккита йирик мусобақада ғолиб чиқиши мумкин бўлган икки нафар футболчи қолди. Гап Европа чемпионлар лигаси ва жаҳон кубоги ҳақида кетмоқда.
Ҳозирда ўзига хос бўлган "олтин дубл"га эришиши мумкин бўлган футболчилари орасида Рафаэль Варан (Франция) ва Лука Модрич (Хорватия) қолди. Бу ҳақда УЕФА расмий сайти хабар тарқатди. Маълумки, мазкур футболчилар "Реал" сафида 2017/18 йилги мавсумда ЕЧЛда ғолиб чиқишган.
Шу пайтгача фақат 8 нафар футболчига бундай "дубл" қайд этиш насиб қилган. Зепп Майер, Пауль Брайтнер, Ганс-Георг Шварценбек, Франц Беккенбауэр, Герд Мюллер ва Ули Хёнесс 1974 йили "Бавария" билан Европа чемпионлар кубоги ва Германия терма жамоаси сафида жаҳон кубогини қўлга киритишган. 1998 йилда эса Кристиан Карамбе "Реал" ва Франция терма жамоаси сафида шундай натижани қайд этган. Орадан 4 йил ўтиб уларнинг сафини Роберто Карлос тўлдирганди. Бразилиялик футболчи "Қироллик клуби"да ЕЧЛни ютган бўлса, Бразилиянинг "пентакампеон"га айланишига ёрдам берган.
Таркибида Варан ўйнаётган Франция термаси ярим финалда Бельгияга қарши баҳс олиб борса, Модрич Хорватия сафида бугун чорак финал босқичи доирасида Россияга қарши майдонга чиқади.