Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция 0-1 Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл 0-2 Вест Хэм

Ҳамад бин Абдулраҳмон ал-Аттия: Ўзбекистон қитъадаги от спорти ривожланган йирик марказга айланади

Баҳо:
+ | -

Бугун мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришлар эпкини йилқичилик ва от спорти соҳасини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Натижада кўп йиллар эътибордан четда қолиб кетган мазкур жабҳа тубдан ислоҳ қилинмоқда. Бу жараёнда, аввало, тизим моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, инфратузилмасини такомилаштириш, йилқичиликда наслчиликни қайта тиклаш, спорт отлари етиштириш, ёш чавандозларни тарбиялашга устувор аҳамият қаратиляпти. Мақсад бир-бири узвий боғлиқ бўлган йилқичилик ҳамда от спортини халқаро талабларга мос равишда ривожлантиришдир.

Бундай саъй-ҳаракатлар самараси секин-аста кўзга ташланмоқда. 2018 йилги энг йирик мусобақалардан бири ҳисобланган От спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича Жаҳон кубоги (FEI World Jumping Challenge)нинг финал босқичига Ўзбекистон мезбонлик қилгани бунга яққол мисолдир.

Мазкур халқаро тадбир иштирокчиси, Осиё от спорти федерацияси президенти Ҳамад бин Абдулраҳмон ал-Аттия жаноблари “Халқ сўзи” газетаси учун эксклюзив интервью берди.

— Ўзбекистонга хуш келибсиз!
— Хушвақт бўлинг, раҳмат!

— Ўтган йили федерация президенти лавозимига киришганингиздан сўнг илк сафарни Ўзбекистонга уюштирган эдингиз. Орадан маълум вақт ўтиб, яна мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибсиз. Айтинг-чи, ушбу қисқа давр ичида юртимиздаги қандай ўзгаришлар эътиборингизни тортмоқда?

— Ўзгаришлар жуда кўп. Бунга ҳар қадамда гувоҳ бўляпмиз. Айниқса, от спортидаги охирги бир йил ичидаги янгиланишлар юртингизда кечаётган шиддатли ислоҳотларга ҳамоҳанглик касб этган. Бунинг исботи сифатида бир мисол, яъни ҳудудларда халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган, ноёб зотли отларни кўпайтиришга ихтисослаштирилган замонавий мажмуалар фойдаланишга топширилганини айтиш кифоя, назаримда. Шу боис аввалги билан бу галги ташрифим давомида олаётган таассуротлар ўртасида фарқ жуда катта.

2017 йилда Ўзбекистонга келганимда ҳукумат аъзолари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Йилқичилик ва от спорти федерацияси сингари соҳага тааллиқли идоралар раҳбарлари билан учрашиб, асосан, ҳамкорлик алоқалари, от спортини ривожлантириш истиқболларига доир масалалар муҳокама қилинган эди.Бугунги ташриф эса нафақат Жаҳон кубоги мусобақаларини кузатиш, айни пайтда, бир йил муқаддам белгилаб олинган вазифалар ижросини таҳлил қилиш имконини бермоқда.

Очиғи, тизимдаги жадал ўзгаришлардан ҳайратдаман. Шу маънода, От спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича Жаҳон кубоги финал босқичини ўтказиш учун Ўзбекистон танлангани юртингиз қўлга киритаётган ушбу ютуқларнинг юксак эътирофи ҳамдир.

— Жаҳон от спорти тақвимидаги мазкур муҳим мусобақага тайёргарлик ишларини қандай баҳолайсиз? Келгусида бундан-да йирик спорт анжуманларини қабул қилиш учун нималарга эътибор қаратиш зарур?

— Ушбу нуфузли мусобақага тайёргарлик жуда юқори савияда. Яратилган шарт-шароитлар Халқаро от спорти федерация талабларига тўла жавоб беради. Буни ташкилий, тайёргарлик ишларига асосий баҳони берувчи халқаро экспертлар, соҳа мутахассислари, чавандозларнинг ўзлари ҳам эътироф этишмоқда.

Ветеринарларнинг хулосасига кўра, финал учун танланган, захирадаги отларнинг ҳолати ҳам жуда яхши. Улар мусобақага дунёдаги энг юқори рейтинг кўрсаткичлари эга чавандозлар талаблари асосида тайёрланган. Финалнинг саралаш ва якуний баҳсларида ҳеч бир тулпор жароҳат олмагани пухта тайёргарлик самараси ҳисобланади, албатта.

Замонавий от спорти мажмуалари билан яқиндан танишиб, юртингизда келгусида йирик спорт анжуманларини ўтказиш учун зарур шарт-шароит мавжудлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқига, биринчи бўлиб, нашрингиз орқали яна бир хушхабарни етказмоқчиман.

Гап шундаки, Осиё от спорти федерацияси Бош Ассамблеясининг бу йилги конференциясини Тошкентда ўтказишга қарор қилдик. Шу йилнинг декабрь ойига мўлжалланаётган ушбу анжуманда нафақат федерациямиз вакиллари, балки дунёнинг 45 давлатидан от спортига масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этиб, мамлакатингизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари билан яқиндан танишадилар. Мақсадимиз Ўзбекистонни Марказий Осиёдагина эмас, балки Осиё қитъасида от спорти ривожланган марказлардан бирига айлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишдир.

— Кузатаётган бўлсангиз, кейинги пайтда ўзбекистонлик спортчиларнинг халқаро танловлардаги иштироки ҳам анча фаоллашди. Рейтинги ошиб бораётган чавандозларимизнинг маҳоратини қандай баҳолайсиз?

— Албатта, ижобий. Чунки Ўзбекистон азал-азалдан учқур тулпорлари, моҳир чавандозлари билан танилган. Тарихга назар соладиган бўлсак, ўзбек халқининг тўй-тантаналари “Кўпкари”, “Оломон пойга”, “Ағдариш” каби миллий ўйинларсиз ўтмаган. Полвону чавандозлар, айғирларнинг энг зўри ана шундай спорт мусобақаларида сараланган.

Бугунги кунда эса Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йилқичилик ва от спорти тармоғида туб ўзгаришлар даври бошланганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Спорт, хизмат отлари етиштириш, наслчиликни яхшилаш баробарида, тизим моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, отчопарларни халқаро андозаларга мувофиқ, қайта қуриш ва модернизациялаш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатлар яқин йилларда ўзбек йилқичилиги ва от спорти довруғини дунёга кенг ёйишга хизмат қилишига ишонамиз.

Биз эса бу жараёнда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, тармоқ саноатини йўлга қўйиш, чавандозлар малакасини хорижий давлатларда ошириб келишга ёрдам беришга доимо тайёрмиз.

— Ўзбекистонда халқимизнинг миллий бойлиги саналган Қорабайир зотини кўпайтириш, унинг спорт кўрсаткичларини яхшилаш саъй-ҳаракатлари бошланган. Айтинг-чи, Қорабайир Германия, Голландия, Буюк Британия, Польша отлари сингари жаҳонда шуҳрат қозониши учун нималар қилиш керак?

— Бундай ташаббусни фақат қўллаб-қувватлаш зарур. Лекин бу тез ва силлиқ кечадиган жараён эмас. Муҳими, ўзбек халқининг тарихи билан узвий боғлиқ бўлган Қорабайир зотини кўпайтириш, уни жаҳон ареналарига олиб чиқиш ҳаракатлари бошлангани, шунинг ўз катта жасоратдир.

Билишимча, Қорабайир от зоти довюраклиги, жанговарлиги билан алоҳида ажралиб туради. Тана тузилиши эса ўта хушбичимдир. Бу зотнинг қотмалиги, турли шароитларга чидамлилиги эса араб отларига ҳам ўхшаб кетади.

Умуман олганда, дунёда от зотлари жуда кўп. Лекин уларнинг ҳеч қайсини мутлақ зўр, деб айтолмайсиз. Қайси зотнинг олманг, бирор-бир йўналиш бўйича яхши кўрсаткичларга эга, холос. Яъни биттаси пойгада тенгсиз бўлса, бошқаси тўсиқлардан сакрашда устунликка эга...

Ҳақиқат шуки, спортда эришиб бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Шу маънода, Қорабайир зотининг юқори натижаларни қўлга киритиши кўпроқ ўзингизга боғлиқ. Наслчилик ишлари яхшиланиб, ҳар бир мусобақага пухта тайёргарлик кўрилса, муваффақият қозонилиши, шубҳасиз. Ушбу машаққатли йўлда сизларга омад тилайман.
“Халқ сўзи” мухбири
Саид РАҲМОНОВ суҳбатлашди.

Манба: xs.uz
Киритилди: 16:56, 10.09.2018.
Ўқилди: 2799 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.