Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Интервью. Азамат Абдураимов: «Болалар футболида муаммолар қалашиб ётибди»

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафта Ўзбекистон ўсмирлар (U-14) термаси Тошкентда қисқа муддатли ўқув-машғулот йиғини ўтказди. Ушбу йиғин «Эйбар» (Испания) клубининг 15 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган жамоасига қарши кечган халқаро ўртоқлик учрашуви билан якунланди. Энг кичик ёшдаги жамоамизга ўзбек футболининг ХХ асрдаги энг яхшиларидан бири Азамат Абдураимов мураббийлик қиляпти.

Бу терма келаси йили Осиё чемпионати саралаш баҳсларида иштирок эта-ди. Афсуски, бу йилги 16 ва 19 ёшлилар жамоалари ўртасидаги қитъа биринчилигининг финал босқичи вакилларимизсиз ўтди. Яқин орада футболимизда бундай кўнгилсиз ҳолат кузатилмаганди. Чунки бир йўла иккита ёш тоифасидаги термамизнинг Осиё чемпионати финал босқичига чиқа олмаслиги - дўппини олиб қўйиб, ўйлаб кўрадиган ҳолат. Умид қиламизки, Абдураимов мураббийлигида ўсмирларимиз нохуш анъанани давом эттиришмайди.

Бунинг учун эса ҳозирданоқ тайёргарлик кўриш керак. Маълумот учун, терма жамоамиз яқинда Хитойнинг Ухань шаҳрида ташкил этилган халқаро мусобақада иштирок этиб қайтганди. Ўсмирларимиз ўша турнирнинг сўнгги учрашувида Жанубий Корея (U-14) термасига ютқазиб (0:2) қўйишганди.

Турнир регламентига кўра, ушбу ўйин 5-6-ўрин эгаларини аниқлаб бериши керак эди ва табиийки, жамоамиз 6-ўрин билан кифояланди. Биз куни кеча пойтахтда якунига етган йиғин доирасида Азамат Абдураимов билан учрашиб, ундан интервью олдик.

- Азамат ака, Испаниянинг «Эйбар» клубига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Бу жамоа билан ўйин ўтказиш таклифи сиздан чиқдими?

- Бу Ўзбекистон ПФЛнинг Испания футбол федерацияси билан ҳамкорлиги доирасида амалга оширилган ўйин бўлди. Албатта, шундай имконият тақдим этилганидан хурсандмиз. Ҳозиргача биз Европа жамоалари билан ўйин ўтказмагандик. Ўзаро тажриба алмашиш бўйича яхши учрашув бўлди, деб бемалол айта оламан.

Хабарингиз бор, шу кунгача битта халқаро турнирда қатнашдик. Хитойнинг Ухань шаҳрида ўтказилган мусобақада кучли жамоалар йиғилганди. Тан олиш керак, айни пайт биз Япония, Жанубий Корея сингари қитъанинг кўзга кўринган термаларига ютқазяпмиз. Улар биздан илгарилаб кетишган. Бу жамоаларга тенглашиб олишимиз учун эса кўпроқ халқаро учрашувлар керак бўлади. Болалар бу ўйинлар орқали чиниқишади. Фақат 5-10 кунлик йиғин билан иш битмайди.

- Тошкентдаги қисқа муддатли йиғиндан кўнглингиз тўлдими?

- Аслида 20 октябрдан йиғинга киришишни режалаштиргандик. Лекин «Эйбар»нинг Тошкентга келиши аниқ бўлганидан кейин муддатни олдинроққа суришга мажбур бўлдик. Яъни, режамизга кутилмаганда ўзгартириш киритилди.

Испания жамоаси эса биз сўраган вақтда кела олмаслигини айтди. ПФЛнинг лойиҳаси бўлгани учун испан клуби сўраган муддатга рози бўлдик. Бир томондан, бундай имкониятни қўлдан чиқариш ҳам мумкин эмасди.

Бу борада ЎФАга раҳмат айтаман. Боз устига, ҳали «Эй-бар»га қарши яна камида битта ўйинимиз бор. Режага кўра, бу учрашув ноябрь ойида Испанияда ўтказилади. У ерда қисқа муддатли ўқув-машғулот йиғини ўтказишни ҳам режалаштирганмиз.

- Нима учун айнан «Эйбар» танланибди? Бу билан қизиқмадингизми?

- Йўқ. Менимча, бошқа жамоалар таклифга розилик беришмаган. «Барселона», «Реал» каби грандлар бундай ўйинлар учун яхшигина пул сўрашади. Ўйлашимча, «Эйбар»нинг ҳам келиб-кетиш, меҳмонхона харажатларини ЎФА ўз зиммасига олган.

- Терма жамоанинг селекция ишлари қандай бўлди? Ўзингиз таркибда кўришни истаган футболчиларни Тошкентда жамлай олдингизми?

- Матбуотда таркиб асосан Тошкент, Наманган ва Қарши шаҳридан таклиф этилган футболчилар ҳисобига тўлдирилганини ёзишди. Бу мақолага эътибор ҳам қаратмадим. Чунки ёлғондан бошқа нарса эмасди. Йиғинда Фарғона, Андижон, Тошкент вилоятидан ҳам футболчилар қатнашишди. Аксинча, Тошкент, Қашқадарё жамоаларидан ўйинчи олмасликка ҳаракат қилдик. Чунки айнан 2004 йилда таваллуд топганлар учун Республика турнири ўтказилаётганди. Финалга айнан Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилояти жамоалари етиб келганди. Уларни чақириб, таркибларини кучсизлантиришни хоҳламадик. Қолаверса, бу жамоадаги номзод футболчиларимиз учун амалиётга тайёр ўйин эди. «Пахтакор-2004» ҳозирги кунда Ўзбекистондаги энг кучли жамоа. Терманинг бугунги кундаги базаси деса ҳам бўлади.

Шундай бўлсада, биз клуб мураббийлари билан келишган ҳолда беш нафар футболчи таклиф қилдик, холос. Юқорида айтганимдек, аслида биз мана шу турнир якунланганидан кейин ўқув-машғулот йиғини ташкил қилмоқчи бўлгандик. Лекин ўзимиз истамаган ҳолда режалар ўзгариб кетди. Энди бевосита селекцияга келадиган бўлсак, бу йўналишдаги ишларни биз йил бошидан бошлаганмиз. Шахсан ўзим барча вилоятларни айланиб чиқдим.

Республика турниридаги деярли ҳамма ўйинларни кўриб чиқдик. Ўзим томоша қилолмаган учрашувларни ёрдамчиларимиз кузатишди. Бу галги йиғинда, аввалгилари билан таққослаганда, тўрт нафар янги футболчини майдонга туширдик. Терма жамоанинг эшиклари барча учун очиқ. Ҳали кўп маротаба таркиб ўзгаради.

- Мураббийлар штабида сизга ким ёрдам беряпти?

- Катта мураббий вазифасини Вадим Шодиматов бажаряпти. У «Бун-ёдкор» академияси директори ҳисобланади. Табиийки, «Бунёдкор»даги истеъдодли футболчилар ҳақида ундан маълумот оламиз. Яна бир ёрдамчим Отабек Мансуров «Локомотив» клубида айнан 2004 йилда таваллуд топган футболчилар билан бирга ишлайди.

Руслан Аҳмедхонов эса дарвозабонлар мураббийи, у «Локомотив» ўринбосарларини ҳам шуғуллантиради. Ўзбекистон футбол ассоциацияси илмий-методик бўлими ходимларидан бири Юрий Сиянов ҳам бизга яқиндан ёрдам бермоқда. Мана шу мураббийлар штаби билан бирга йил бошидан бери ишлаб келяпмиз.

Шу кунгача жами тўртта йиғин ўтказдик, иккита турнирда иштирок этдик. Бири Тошкентда ташкил этилган CAFA, яъни Марказий Осиё чемпионати, иккинчиси Ухань (Хитой) шаҳридаги халқаро мусобақа.

- Мана шу ёш тоифасидаги жамоамизнинг потенциали ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳозир бу хусусда тайинли фикр билдириш мушкул. Чунки жуда мураккаб ёш тоифаси. Бу даврда боланинг организми ўсади ва кун сайин ўзгарувчан бўлиб боради. Шу боис ҳам кенгайтирилган таркибга 50 нафар футболчини киритганман. Уларнинг барчасида термага кириш учун имконият бор. Ҳар ярим йилда ўзгаришлар кўзга ташланади. Бу вақт оралиғида қайсидир футболчи яхшигина ўсишга эришади.

Баъзилари бор имкониятларини ҳам йўқотишади. Аммо таркибимизда истеъдодли футболчилар етарли. Фақат уларни миллий жамоа даражасигача олиб чиқишимиз керак. Терма потенциали катта, лекин таъкидлаганимдек, улар билан жуда кўп ишлаш, маҳоратларини ошириб бориш лозим.

- Қайси чизиқларни сезиларли даражада кучайтириш керак, деб ўйлайсиз?

- Ҳаммаси кучайтиришга муҳтож. Айниқса, дарвоза чизиғини айтган бўлардим. Посбон муаммоси нафақат бизнинг ёш тоифамиз, балки қолган термаларимизда ҳам сақланиб қоляпти.

Бу орада суҳбатимизга жамоа дарвозабонлари мураббийи Руслан Аҳмедхонов қўшилди:

- Биласизми, дарвозабонлар муаммоси бир неча йилдан бери давом этиб келяпти. Бунинг энг асосий сабабларидан бири - қуйи лига клубларида айнан киперлар билан ишлайдиган мураббийлар йўқ. Бу жуда катта хато. Айнан шу ерда биз истеъдодли дарвозабонларни бой беряпмиз. Жуда кўп жамоаларнинг мураббийлар штабидан посбонлар билан ишлайдиган мутахассисларга жой топилмайди.

Юртимизда шундай жамоалар борки, ҳатто энг кичик ёш тоифасидаги тайёрлов гуруҳларида ҳам дарвозабонлар билан алоҳида ишлайдиган мураббийлар фаолият юритади. Шу нарсага жиддий эътибор қаратмас эканмиз, яқин орада бу муаммодан халос бўла олмаймиз».

- Азамат ака, бугунги кунда болалар футболида ечимини кутаётган яна қандай муаммолар бор?

- Биринчи галда сифатли майдонларнинг деярли йўқлигини айтишим керак. Тошкент шаҳри ва икки-учта вилоятни инобатга олмаганда, қолганларида стандарт ҳажмдаги сунъий қопламали майдонлар йўқ. Мен ҳали чимли майдонларни айтмаяпман. Сунъий майдонлар совуқ, ёмғир-қорли кунларда жуда керак бўлади.

Сифатсиз майдонда футболчилар қандай қилиб футбол техникасини ўрганади? Шу сабабли ҳам, биринчи навбатда, майдонларнинг ҳолатига эътибор қаратиш керак. Хорижда кўп бўламан, у ердаги академияларда яратилган шароитлар аъло даражада. Дарвоқе, академиялар ҳақида. ЎФА ташаббуси билан ҳар бир вилоятда марказлашган академиялар ташкил этиляпти.

Агар улар тўлиқ куч билан ишга тушса, яқин 5-10 йил ичида футболимизда кескин бурилиш ясалади. Чунки академиялар ўртасидаги кескин рақобатдан кейинчалик терма жамоалар ютади. Бундан ташқари, бизда болалар билан ишлайдиган малакали мураббийлар етарли эмас. Ҳар йили ПРО лицензиясига эга мутахассислар сони бир неча нафарга кўпаяди. Лекин уларнинг қайси бири бугунги кунда болалар билан ишлаяпти? Афсуски, деярли ҳеч ким. Болалар билан ишлайдиган мураббийларга ҳам жиддий талабларни қўйиш керак.

Ахир айнан ўшаларку, терма жамоага муносиб номзодларни етказиб берадиган. Малакасини ошириб келиш учун хориж академияларига жўнатиш лозим. Умумий қилиб айтганда, болалар футболида ечимини кутаётган муаммолар етарли ва бу нарсаларга эътибор қаратмасак, жуда кўп нарсани бой бериб қўямиз.

- Бу йилги 16 ва 19 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган термалар ўртасидаги Осиё чемпионатлари вакилларимизсиз ўтди. Бу ҳолат сизнинг жамоангизга ҳам руҳий томонлама салбий таъсир қилмасмикан?

- Йўқ. Ҳар бир жамоанинг ўз тақдири ва қисмати бор. Биз яхши ниятлар билан ишга киришдик. Шогирдларимизда ҳеч қандай руҳий тушкунлик йўқ. Ўз олдимизга биринчи галда Осиё чемпионати финал бос-қичига чиқиш вазифасини қўйганмиз. Кейинчалик U-17 жамоалари иштирокидаги ЖЧга бериладиган йўлланмалар учун курашамиз.

Лекин очиғини айтаман, ҳозирги ҳолатда биз Жанубий Корея ва Япония термаларига ён беряпмиз. Қолган барча жамоалар билан бемалол курашса бўлади. Ухандаги халқаро турнирдаги иштирокимиздан кейин шундай фикрга келдим. Ҳали олдинда етарлича вақт бор. Турли мусобақалар ва йиғинлар орқали терма ўйинини кучайтириб борамиз.

- Келгусидаги режалар қандай?

- Биз ЎФАга ўз режамизни тақдим этганмиз. Лекин ҳозирча тўлалигича тасдиқлангани йўқ. Унга кўра, ноябрь ойида Тошкентда ўн кунлик ўқув-машғулот йиғини ташкил этамиз. Аниқ санаси бўйича айтсам, у 10-20 ноябрга мўлжалланган. Агар ҳаммаси жойида бўлса, келаси ойда «Эйбар» жамоасига қарши Испанияда ўртоқлик учрашувида майдонга тушамиз.

Декабрда эса хориж сафари режалаштирилган. Тошкентда 8 декабрдан йиғинга киришамиз. Ке-йин эса Малайзияга сафар уюштирамиз. У ерда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «SuperMox» турнирида қатнашамиз.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 01:43, 20.10.2018.
Ўқилди: 2872 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.