Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионати ғолиби Исроил Мадримов энди фаолиятини профессионал боксда давом эттирадиган бўлди. Ҳамюртимиз бу борада Россиянинг «Мир Бокса» промоутерлик компанияси билан келишувга эришди.
«Ҳурматли дўстлар, мен фаолиятимда муҳим қадам ташлаганимни ва профессионал боксга ўтишимни мамнуният билан эълон қилмоқдаман. Бу борада кўплаб таклифлар олдим ва проф боксда ўз келажагимни ишонишим мумкин бўлган «Мир Бокса» ташкилоти билан ҳамкорлик қилишга қарор қилдим. Бундай имкониятга эга бўлганимдан жуда хурсандман ва бундан миннатдорман», – деди Исроил Мадримов.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Мадримов Индонезия мезбонлик қилган XVIII Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси байроқдори вазифасини бажарган ва мусобақада олтин медалга эга чиққанди.
Исроил профессионал боксдаги дебют жангини 24 ноябрь куни Атлантик-Сити шаҳрида ўтказади. Ўша куни унга Виктор Эрнандес рақиблик қилади. Маълумот учун, Эрнандес профессионал боксда 12 та жанг ўтказиб, уларнинг 10 тасида ғалаба қозонган (6 та жангда нокаут эвазига). 2 маротаба мағлубиятга учраган.