Кириш Регистрация
03/05 20:30 Япония 1-0 Ўзбекистон
03/05 22:00 Тулуза 1-2 Монпелье
03/05 23:45 Торино 0-0 Болонья
04/05 00:00 Лутон 1-1 Эвертон
04/05 00:00 Ланс 2-0 Лорьян
04/05 00:00 Хетафе 0-2 Атлетик Бильбао
04/05 16:30 Арсенал - Борнмут
04/05 17:00 Реал Сосьедад - Лас-Пальмас
04/05 18:00 Гавр - Страсбур
04/05 19:00 Бёрнли - Ньюкасл
04/05 19:00 Шеффилд Юнайтед - Ноттингем Форест
04/05 19:00 Брентфорд - Фулхэм
04/05 19:15 Реал Мадрид - Кадис
04/05 20:00 Монако - Клермон
04/05 21:00 Монца - Лацио
04/05 21:30 Манчестер Сити - Вулверхэмптон
04/05 21:30 Жирона - Барселона
04/05 22:00 Метц - Ренн
04/05 23:45 Сассуоло - Интер
05/05 00:00 Брест - Нант
05/05 00:00 Мальорка - Атлетико
05/05 15:30 Кальяри - Лечче
05/05 17:00 Осасуна - Бетис
05/05 18:00 Брайтон - Астон Вилла
05/05 18:00 Челси - Вест Хэм
05/05 18:00 Эмполи - Фрозиноне
05/05 18:00 Верона - Фиорентина
05/05 19:15 Сельта - Вильярреал
05/05 20:30 Ливерпуль - Тоттенхэм
05/05 21:00 Милан - Женоа
05/05 21:30 Валенсия - Алавес
05/05 23:45 Рома - Ювентус
06/05 00:00 Райо Вальекано - Альмерия
06/05 00:00 Севилья - Гранада

Интервью. Карло Анчелотти: «Роналдунинг ягона хатоси – «Ювентус»ни танлагани»

Баҳо:
+ | -

Бутун Италия бу мутахассис мамлакат термасини бошқаришини хоҳлади, аммо Карло Анчелотти «Наполи»ни танлади - неаполликлар билан чемпионатда ғолиб чиқмоқчи. Яқинда France Football нашрига интервью берган мураббийнинг таъкидлашича, «Наполи»да барча муваффақиятга ишонмоқда: бу эртами-кеч барибир, рўй беради!

- Орадан тўққиз йил ўтиб, яна «А» серияга қайтдингиз. Шу вақт оралиғида Италия футболи мавқеини бой берди. Бунга сабаб нима?

- Авваллари «А» серия Европадаги энг кучли чемпионатлардан бири ҳисобланарди - чунки йирик бизнес маҳаллий клубларга катта инвестиция киритарди. Берлускони, Моратти ва бошқа кўплаб ишбилармонлар раҳбар бўлишган. Клублар гуллаб-яшнаган, юлдуз футболчиларни сотиб олишган. Ҳозир вазият ўзгача, инқироз. Фақат «Ювентус» барқарорликни сақлаб қолган. Бошқаларга буни уддалаш қийин кечмоқда. Аммо сабаб фақат бунда эмас.

- Хўш, нимада?

- Футболчилар тайёрлаш тизимида. Бу ерда ҳам аҳвол танг, шу боис чемпионатда савияли ўйинчилар кам. Мураккаб давр ҳукм сурмоқда. Иқтидорлар йўқ эмас, фақат уларнинг ўсишлари учун шарт-шароит йўқ. Яна уч йилдан сўнг нима бўлишини кўрамиз.

- Айнан шу сабабдан жамоатчилик чақирувига қарамай, термани қабул қилмадингизми? Обрўйингизга путур етишини хоҳламадингизми?

- Бунинг алоқаси йўқ. Шунчаки, хоҳиш йўқолмасидан аввал жамоа билан ҳар куни ишламоқчиман. Термада эса бир ойда уч кун астойдил ишлаш имкони бор, холос. Асосий сабаб шу.

- Ахир яна Марко Верратти билан ҳамкорлик қилиш имконияти туғиларди, уни «ПСЖ»га (2012 йили) сиз таклиф қилгандингиз. Ушбу футболчининг ҳозирги даражасига қандай баҳо берасиз? Шундай тасаввур уйғоняптики, гўё унда терма жамоа етакчилигини қўлга олиш истаги йўқдек.

- Мен учун Марко - чин маънода юқори иқтидор соҳиби. Аммо якка ўзи нима қила оларди? Айни пайт Италия чемпионати унинг даражасига мосмас. Гап клублар инфратузилмасида эмас, балки футболчиларнинг ўзида. Нима сабабдан Верратти «ПСЖ»да яхши ўйин кўрсатяпти? Чунки унинг ёнида футболни тушунадиган йигитлар тўп суришмоқда. Италияда бундай ўйинчилар камчиликни ташкил этади. Лекин  негадир Марко ўйинни секинлаштиряпти, деган фикр пайдо бўлди. Аслида бундай эмас.

- Термадан кўра «Наполи»ни маъқул кўрдингиз. Ёдимда, 80-йилларда сиз «Милан»да ўйнаётганингизда, «Наполи» билан кураш кескин кечарди...

- У пайтлари бу ўзгача клуб бўлган. Ахир таркибида Диего Марадона тўп сурган. Барча - клубдагилар ҳам, шаҳардагилар ҳам уни бошларида кўтариб юришга тайёр эдилар. Нима рўй берганини сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз. Ҳозиргача «Наполи» учун Диего буюк шахс саналади. Унга қарши ўйнаганман. Фаолиятим давомидаги рақибларим орасидаги энг кучлиси. Мана бу фотосуратда Диего билан бир-биримизга қарши ўйнаганимиз акс этган (деворга осилган суратга ишора қилиб). Ҳозирги «Наполи» - бошқача жамоа. Бу ерда Марадона йўқ, аммо ҳақиқатан ҳам юқори савияли таркиб шакллантириляпти, ёшларга эътибор берилмоқда. Бир неча мавсумдирки, «Наполи» чиройли футбол намойиш этмоқда, барқарорлик эса сифатдан дарак бермоқда. Мен жамоа ўйинини янада оригинал, агрессив қилмоқчиман, ахир баъзан ишларимиз юришмайдиган учрашувлар ҳам бўлиб туради.

- «Наполи»гача молиявий томондан муаммоси йўқ жамоаларда фаолият юритгансиз. Ҳозир вазият ўзгача. Ишингизда ўзгариш кўрамизми?

- Умуман, ҳеч нарса ўзгармади, вазифам ҳамон ўша: футболчилар ва жамоа бор имкониятини ишга солишини таъминлаш. Фарқ шундаки, «Милан», «Челси», «ПСЖ» ҳамда «Реал»да дарҳол натижа кўрсатишимни талаб қилишган. «Наполи»да эса мени шошилтиришмаяпти, муҳими - жамоанинг ўсишга эришиши.

- Демак, «Наполи» Италия чемпионлигини қўлга киритмаса, ҳеч ким «шудгорингизга тош ирғитмайди». Шундайми?

- Албатта, шундай. Ваҳоланки, кимдир мендан ўзиб кетишини ёқтирмайман, феъл-атворимда жанговарлик мужассам. «Наполи» ҳам шунақа - жангчилар жамоаси. Бу ерда барча келажакка ишонч билан қарайди: эртами-кеч чемпионликка эришамиз. Ҳа, мураббийга биринчи навбатда натижаларга қараб баҳо беришади. Аммо таркибида тажриба тўплаши керак бўлган футболчилар тўп сурадиган ёш жамоадан медаллар кутиш тўғримикан?

- Сўнгги тўққиз йил ичида «А» серия даражаси тушиб кетди, жамоалар услуби-чи, ўзгардими?

- Бундай деб ўйламайман. Ҳар бир рақиб жуда яхши тайёргарликка эга, ҳар гал қандай ўйнаш бўйича бош қотиришга тўғри келади. Мураббийларнинг барчаси ақлли, ижодий ёндашувга эга, ҳар сафар қандайдир «сюрприз» ўйлаб топишади. Ҳаттоки, камтарона клублар ҳам камдан-кам ҳолларда йирик ҳисобда ютқазишяпти. Ҳимояланишни эса ҳамма ўрганиб олган, буни уюшқоқлик билан бажаришяпти. Тактика масаласида, ўйлашимча, «А» серия ҳамон сайёрамизда барчадан олдинда.

- Жоржо Кьеллини («Ювентус») Гвардиола сабаб Италия футболи ўзлигини йўқотганини таъкидлади. Унинг фикрича, мураббийлар Пепга ўхшашга интилишмоқда...

- Гвардиола тўпга эгалик қилишга асосланган тизимини яратиб, футбол тарихига кириб бўлди. Аммо буни Месси, Хави, Иньеста, Бускетс сингари етук футболчилар билан амалга оширди. Кейин худди шундай ўйинни «Бавария» ва «Манчестер Сити»да ҳам йўлга қўйди, шундан сўнг кўпчиликнинг фикри тамомила ўзгариб кетди. Гвардиола тарғиб қилаётган футбол - бу унинг мураббийлик иқтидори ва керакли футболчилар уйғунлиги - шундай экан, қандай қилиб нусха кўчирилади? Бирор услубга меҳр қўйиш мумкин, аммо ихтиёрингиздаги футболчиларнинг имкониятини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик даркор. Қисқаси, қандайдир идеал тизимга ишонмайман.

- Гвардиола футболи, Клопп ва Конте футболи билан танишмиз... Анчелоттининг ҳам ўзига хос услуби борми?

- Муайян услубим йўқ! Ҳаммаси таркибдан қандай футболчилар ўрин олганига боғлиқ. Аксарият мураббийлар ўз ғоялари, схемаларига ўйинчиларни мослашга уринишади. Мен эса, аксинча, схемани футболчиларга мослаштираман. Боз устига, жамоамиз услуби рақибдан келиб чиқиб ўзгариши ҳам мумкин. Бирор-бир услубга боғланиб қолиш - бу менимча, муваффақиятсизликка олиб келади. Бошқа томондан, ўйин принциплари дахлсиз. Футболчиларимиз ўсишга эришишлари, тўп билан кўп ҳаракатланишлари лозим, ҳужум ва ҳимояда бир хил уюшқоқликда ўйнашимиз керак. Қолган нарсалар эса вазиятга қараб ўзгараверади. Мен учун ҳимояланиш чоғидаги энг мақбул схема - 4-4-2. Ҳужумга ўтаётганимизда эса бу схема осонгина ўзгаради. Муҳими, қўл остимдаги футболчилар ўзларига қулай позицияларда тўп суришсин.

- Гвардиола, Аллегри сингари мураббийлар ҳақида гап борганда, уларнинг буюк тактиклар экани айтилади. Сизни эса одатда, ажойиб менежер, ташкилотчи сифатида билишади. Шундай фикр юритиш тўғрими?

- Фарқи йўқ! (Кулади.) Асосийси - менинг фикрим, ўз ишимнинг мутахассисиман, ҳамиша футбол ҳақида ўйлайман ва тахминимча, тактика борасида ҳам ёмон эмасман. Аммо аввал таъкидлаганимдек, менинг жамоаларим турлича футбол намойиш этишади. Шу боис, мен ҳақимда айни фикр пайдо бўлгандир.

- Марадонани ёдга олдик. Жорий йилнинг ёзида бошқа бир суперфутболчи - Криштиану Роналду «А» серияга келди. Балки бу чемпионатнинг қайта туғилишига сабаб бўлар?

- Криштианунинг келиши «А» серия рейтингини сезиларли даражада кўтарди. Қачонлардир бу юлдузлар чемпионати бўлган. Италияда Марадонадан ташқари Платини, Зико, Шевченко, Зидан, Роналдо, Кака, Ибрагимович тўп суришган. Аммо кейинги ўн йил ичида жимлик сақланди. Роналду келгач, турнир қайта шакллангандек туюлди. У ҳақиқий профессионал. Криштианунинг ягона хатоси - «Юве»ни танлагани! (Кулади.) Бизга қўшимча бошоғриқ туғдирди.

- «А» серия кучли бўлганда Италияда, Премьер-лига кучайганда Англияда, «Қатар лойиҳаси» бошланганда Францияда, Ла Лига жамоалари барчани мағлуб этаётган кезлари Испанияда ишладингиз. Мана, энди аввалги нуфузини тиклаётган Италиядасиз. Балки Анчелоттининг ҳақиқий услуби - керакли пайтда зарур жойда бўлишидир?

- (Кулади.) Омадим келган экан. «Юве»дан кетганимда (2001 йили), «Парма» таклифини қабул қилгандим, аммо айнан ўша куни «Милан» принципиал ўйинларни бой бераётгани сабаб «россонери» вакиллари мен билан боғланишган. Ҳаммаси қандайдир ўн дақиқа ичида ҳал бўлган. Акс ҳолда, тақдир ўзгача кечиши ҳам мумкин эди. Футболда омадсиз нимагадир эришиш қийин.

- Аммо омаддан ташқари бошқа нарсалар, масалан, билим ҳам керак-ку!

- Аниқроғи, тажриба. Қирқ йилдан буён футболдаман. Кимдир футболда ҳеч нарсани тушунмаслигимни айтса, индамаймиз. Фақат етарли даражада тажрибасиз экан, дейишмасин! (Кулади.)

- Кўп нарсани кўрдингиз, қатор совринларни қўлга киритдингиз. Амалга ошмаган яна нимадир борми?

- «Ливерпуль» билан ўтказганимиз каби ўйинлар (3 октябрь, 1:0) кўпайишини хоҳлайман. Ғалабага эришмасак ҳам майли, фақат ўйинимиз учун уялиб қолмайлик. Бундай учрашувларда тўпланган тажриба, бирор-бир кубокни қўлга киритишдан ҳам муҳимроқ. Албатта, асосийси - ғалаба, аммо футболни баъзан ҳаяжонли дамлар учун ҳам кўрамиз. Ҳозирги клубимдагилар ҳам шундай ўйлашади. Жараён, мақсад сари интилиш - бу ҳам ўзига хос марра. 14 йил муқаддам «Наполи» учинчи дивизионда ўйнарди. Лекин ўсишда давом этиб, аста-секин чемпионликка эришиш даражасигача кўтарилди. Бу ерда ишлаган мураббийлар - Рея (Эдоардо, 2005-2009), Мацарри (Вальтер, 2009-2013), Бенитес (Рафаэль, 2013-2015), Сарри (Маурицио, 2015-2018) - барчаларини бу ерда илиқ сўзлар билан ёдга олишади. Айтмоқчиманки, Неаполда мураббийларни улар эришган натижалар билан эслашмайди. Умид қиламанки, шу рўйхатни давом эттираман. Балки нуфузли совринни қўлга киритармиз?!

- Нега энди шундай бўлмаслиги керак?

- Мен ҳам айни фикрдаман. «Ливерпуль» устидан қозонилган ғалаба бу борада ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Европанинг энг кучли жамоаларини мағлуб этишга қодирлигимизни кўрсатдик. «Ливерпуль», «ПСЖ» сингари клубларга қарши ўйнаркансиз, ғалабага ўзингизни ишонтиришингиз лозим бўлади. Мазкур муваффақиятдан кейин нафақат ўзимизга ишончимиз ортди, балки рақиблар ҳам бизнинг анойилардан эмаслигимизни тушунишди. Энди уларнинг бизга муносабатлари ўзгаради... (Кулади.)

- 2012 йили «ПСЖ»да Италия футболига урғу бердингиз - кўплаб футболчиларни «А» сериядан чақирдингиз. Бу тасодиф эмасмиди?

- Гап Италия футболида эмас, шунчаки, ушбу футболчилар орқали савия, профессионаллик даражасини кўтаришга интилдим. Жамоа психологиясини ўзгартиришни хоҳладим, ахир келганларнинг аксарияти менталитет нуқтаи назаридан ғолиблар эди. Асосий урғуни Ибрага бердим. Аммо ўзим ҳам «ПСЖ»да кўп нарса ўргандим.

- «Парк де Пренс»га яна бориш - ҳаяжонли бўладими?

- Ҳа. Дўстлар билан яна кўришиш ажойиб. Рости, бу шаҳар ва стадионни жуда яхши кўраман. Аммо ўтган йили «Бавария» билан у ерга борганимда, «Парк де Пренс» у қадар меҳмоннавозлик кўрсатмаганди - ютқаздик (0:3) ва тез орада мени ишдан бўшатишди. Бундай воқеанинг такрорланишини хоҳламайман! (Кулади.).

Манба: InterFutbol
Киритилди: 08:01, 29.11.2018.
Ўқилди: 17660 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.