«Пулька», яъни «плей-офф» ўйинларини инобатга олмасак, юртимизда футбол мавсуми якунланди. Албатта, бу билан PepsiСуперлига ҳамда мамлакат кубоги назарда тутиляпти. Жорий йил илк бор янгича форматда ўтказилган чемпионатнинг барча ғолиб ва совриндорлари турнир якунланишига бир тур қолганда аниқланганди. Шунингдек, Про-лигага равона бўлган жамоа ҳам муддатидан аввал маълум бўлганди: «Нефтчи» келаси мавсум қуйи лигада иштирок этади. Сўнгги турда эса «плей-офф»да ўйнайдиган жамоалар ва шу билан бирга жуфтликлар номига ойдинлик киритилди. Қуйи олтилик жамоалари орасида 3-ўринни эгаллаган «Қўқон-1912» охирги 6та ўйинда мағлубиятга учрамади. Нўъмон Ҳасанов шогирдлари сўнгги бор 26-турда сафарда «Сўғдиёна»га имкониятни бой беришганди. Шундан сўнг қўқонликлар уйда иккита ғалаба ва бир дуранг, сафарда ҳам иккита ғалаба ва бир дуранг қайд этишди. Ушбу ижобий натижа эвазига «Қўқон-1912» Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолди. «Плей-офф» синовидан ўтиш вазифаси эса «Сўғдиёна» ва АГМК зиммаларида қолди. Биз мавсум омадсизига айланган «Нефтчи»нинг етакчи футболчиларидан бири Мурод Бобожоновдан чемпионат якунлари юзасидан интервью олдик.
- Мурод, бу йилги чемпионат ҳақида нима дея оласиз?
- Умумий олганда, турнир қизғин курашлар остида ўтди, деб бемалол айта оламан. Чемпионлик ва қолган совринли ўринлар тақдири мавсум якунланишига бир тур қолганда аниқланди. Суперлигада ўз ўрнини сақлаб қолиш учун кураш ҳам қизиди. Албатта, ютуқлар билан бирга ўзига яраша камчиликлар ҳам кўзга ташланди.
- Бу йил чемпионатимиз янгича форматда ўтказилди. Олий лига номи Суперлигага ўзгартирилди. Футболчиларга бу маъқул бўлдими ёки аввалги тизим яхшироқмиди?
- Шахсий фикрим, менга аввалги чемпионат формати маъқулроқ эди. Бошқаларга қандай билмадиму, лекин бу йилги тизим унчалик ёқмади. Албатта, бу масалада ҳамманинг ўз қараши бор. Балки айрим футболчилар ва мураббийларга Суперлиганинг ҳозирги формати маъқулдир.
- Қайси жиҳатлари ёқмади?
- Суперлига икки босқичда ўтказилди. Қолаверса, жамоалар сони ҳам қисқартирилганди. Ўтган йилларда 14 ва 16тадан клублар иштирок этарди. Йилдан-йилга иштирокчилар сони қисқариб боряпти. Менга аввалги классик формат кўпроқ маъқул келганди. Бутун дунёда чемпионат икки даврали форматда ўтказилади.
- Янги форматнинг ижобий томонлари ҳам борми?
- Ҳа, ўзига яраша яхши жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Айниқса, биринчи олтиликка кириш учун кураш кескин кечар экан. Қуйи олтиликдан жой олганларда Про-лигага тушиб кетиш хавфи кўпроқ бўлади. Чунки бу ерда деярли тенг кучли жамоалар қолишади. Жорий йилги чемпионат ҳам Суперлигада қолиш учун кураш қанчалик шиддатли кечганлигини кўрсатиб қўйди. «Пулька», яъни «плей-офф» ўйинларининг кескин кечишини олдиндан тахмин қилиш қийин эмасди.
- Жамоангизнинг иштироки ҳақида нима дея оласиз? «Нефтчи»дек шонли жамоага бу йил ғалабалардан ташқари яна нима етишмади?
- Энг асосий сабаблардан бири - бу мавсум бошида жамоамизда юз берган ўзгаришлар. Кейин таркиб деярли бутунлай янгилангани учун футболчиларнинг бир-бирини тушуниб ҳаракат қилиши қийин кечди. Жамоавий ўйинни шакллантириб олгунча мавсумнинг катта қисми ўтиб кетди. Бунинг натижасида керагидан ортиқ очко йўқотдик. Иккинчи даврани ёмон бошламагандик. Лекин қайсидир ўйинларда омад очиқчасига биздан юз ўгирди. Юзага келтирилган хавфли вазиятлардан унумли фойдалана олмадик. Футболчилар, хусусан, ҳужумчилар учун жуда муҳим бўлган совуққонлик етишмади. Бу омадсиз иштирокнинг ўзига яраша сабаблари кўп. Мен асосийларини санаб ўтдим. Нима ҳам дердик, футболда шундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Ўйлайманки, бу йилги қониқарсиз иштирокдан ўзимизга керакли хулосаларни чиқариб оламиз. Жамоа Про-лигада муносиб тарзда қатнашиб, келаси йилнинг ўзида яна Суперлигага қайтишга астойдил ҳаракат қилади.
- «Нефтчи» элитани тарк этди. Муваффақиятсизликнинг бошқа сабаблари ҳам борми?
- Айтаман десам, сабаблар кўп. Лекин асосий омиллардан бири - бу футболчиларнинг майдонда бир-бирини тушуниб ҳаракат қила олмагани, деб ҳисоблайман. Яхлит жамоанинг шаклланиши учун бир йил камлик қилади. Жамоа энди ўз ўйинини топиб олган бир пайтда чемпионат якунига етиб қолди.
- Клубда ички муҳит яхшимиди?
- Ҳаммаси ажойиб эди. Бу борада шахсан мен муаммо кўрмадим. Йигитлар бир-бирлари билан аҳил муносабатда бўлишди, буни ташқаридан кўрганлар ҳам эътироф этишди. Лекин барибир, нимадир етишмади. «Нефтчи»нинг бу йилги қисмати шу экан. Албатта, йўл қўйилган камчиликлардан тегишли хулосалар чиқарилади. Хато қилишдан эмас, уни такрорлашдан қўрқиш керак. Шахсан мен шундай деб ўйлайман.
- Клубда молиявий муаммолар бормиди? Маошлар вақтида бериб борилдими?
- Бу мавзуда гапиргим йўқ.
- «Нефтчи»дек шонли тарихга эга жамоанинг қуйи лигага тушиб кетиши ачинарли ҳол, албатта. Шундай эмасми?
- Албатта, ачинарли. Лекин ҳар доим ҳам сиз ўйлаган нарсалар бўлавермас экан. Дунёнинг гранд жамоаларида ҳам шундай пасайиш ҳолатлари учраб туради. Балки футбол шуниси билан ҳам қизиқдир. Мухлислар шунинг учун ҳам миллионлар ўйинини яхши кўришар. Юқорида айтганимдек, бу йилги мавсумдан тезроқ хулоса чиқариб, хатоларни тўғрилаш керак. Келаси йили жамоамиз мухлисларини ўз ғалабаларимиз билан хушнуд этиб, мавсум сўнгида Суперлига йўлланмасини қўлга киритиши шарт. Акс ҳолда, жамоа мухлислари бизни кечиришмайди.
- Клуб раҳбарияти бу йилги иштирок юзасидан қандай муносабат билдирди? Йиғилиш ўтказилдими?
- Ҳали мавсум расман якунланмагани учун йиғилиш бўлмади. Тез орада ўтказилса керак, деб ўйлайман. Табиийки, клуб раҳбарияти илиқ фикрда эмас. Ҳозирги ҳолатни ҳаммамиз бирдек тушуниб турибмиз.
- Жамоанинг Про-лигага тушиб кетиши футболчиларнинг, хусусан, сизнинг кейинги режаларингизга ўзгартириш киритдими?
- Ҳозирча бир нарса дея олмайман. Ҳар бир футболчининг ўз режаси бор.
- Демак, жамоани тарк этишингиз аниқ, шундайми?
- Буниси йил якунида маълум бўлади. Чунки ҳали «Нефтчи» билан амалда шартномам бор.
- Ўз ўйинингиздан кўнглингиз тўлдими?
- Йўқ, унчалик тўлмади. Бу йил жамоам қатори шахсан ўзим учун ҳам омадсиз келди. Сурункали жароҳатлар қийнади. Бунинг натижасида кўп ўйинларда жамоадошларимга ёрдам бера олмадим. Футболчи учун энг ёмони - ўйинни захира ўриндиғи ёки трибунадан кузатиш бўлса керак. Энди нима ҳам қила оламиз, жароҳатлар спорт, хусусан, футболнинг ажралмас бир бўлаги. Майдон ташқарисидан ўйинни кузатиш, жамоадошларингизга ёрдам бера олмасликни ҳамма ҳам тушунавермайди. Буни фақат ана шу ҳолатни бошидан ўтказган инсонгина англаб етади.
- Мурод, энди миллий жамоамиз бўйича фикрингизни билиш истагидаман. Термамизнинг Жанубий Кореяга қарши кечган ўйинини кўрдингизми?
- Афсуски, айрим сабабларга кўра бу учрашувни томоша қилолмадим. Ливан ва Жанубий Корея термаларига қарши кечган баҳслар Австралияда ўтказилганидан хабарим бор эди. Ўйинлар натижасини интернет орқали билиб олдим. Ўша беллашув ўтказилган вақт бизнинг машғулот ўтказадиган пайтимизга тўғри келиб қолди. Биласизми, назорат баҳсларида асосий эътибор натижага қаратилмайди. Тўғри, натижа ҳам бўлиши керак. Лекин мураббийлар айнан ўртоқлик учрашувларида ўз режаларини амалиётга татбиқ этиб олишади. Яъни, янги футболчиларни кўрикдан ўтказишади, янги тактикаларни синаб кўришади. Албатта, бундай ҳолатда натижа биринчи даражага чиқмайди. Ўйлашимча, ўйин натижасидан фожиа ясамаслик керак. Мураббийлар кучли рақибга қарши ўйинда кўзга ташланган камчиликларни ўзлари учун аниқлашди. Кейинги йиғин ва ўйинларда нималар устида ишлаш кераклигини билиб олишди.
- Миллий жамоамиз бош мураббийи Эктор Купер ҳақида нима дейсиз?
- Аргентиналик мутахассис қисқа муддатда қўлидан келганича таркибни шакллантиришга эътибор қаратяпти. Купер ҳали-ҳамон ўзбек футболи билан танишиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Унга вақт керак. Олдинда бизни кутаётган йирик мусобақа - Осиё кубоги-2019 у ва термамиз учун ҳақиқий синов бўлади. Расмий ўйинларда жамоа кучини кўришимиз мумкин.
- Кўпчилик мураббийнинг ҳимоявий тактика асосида ишлашига салбий муносабат билдиряпти. Сизнинг бу борадаги қарашларингиз қандай?
- Ҳар бир инсоннинг ўз фикр ва услуби бўлади. Худди шундай Эктор Куперда ҳам. Жамоада натижага бош мураббий жавоб беради. Фурсатдан фойдаланиб, миллий термамизга январь ойида БААда ўтказиладиган Осиё кубогида омад тилаб қоламан. Ҳозирча энг яхши натижамиз ярим финал бўлиб турибди. Бу галги қитъа чемпионатида футболчиларимизга ана шу ўзига хос рекордни янгилашларида куч-қувват тилайман.
- Pepsi Суперлигадаги ҳакамлик ҳақида қандай фикрдасиз? Ҳаммаси ҳалол, рисоладагидекми?
- Менимча, ҳакамлик ёмон бўлмади. Шахсий кузатувларим асосида айтадиган бўлсам, учрашув натижасига салбий таъсир ўтказадиган ҳолатлар деярли кузатилмади. Тўғри, кичик хатолар ҳаммада бўлади. Ҳакамлар ҳам инсон, улар ҳам янглишишади. Кўряпсиз, футбол қанчалик тезлашиб кетди. Бунинг натижасида голни, қоида бузилишини аниқлайдиган VAR тизимидан ҳам фойдаланиляпти. Ҳакам бир-икки сония ичида вазиятга ўз муносабатини билдириши керак. Лекин бу ҳамма ўйлаганчалик осон иш эмас. Ўйинни телевизорда кўриш мутлақо бошқа нарса. Майдонда, минглаб мухлислар кўз ўнгида тўғри қарор чиқариш осон эмас. Бундай вазиятларда ҳакамларни ҳам тушуниш керак.
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди