Кеча оқшом Либертадорес кубогининг финалида Аргентинанинг икки жамоаси «Ривер Плейт» ва «Бока Хуниорс» жамоалари ўзаро тўқнаш келдилар. Буэнос-Айрес шаҳрининг бу икки клуби бир-бирига азалий рақиб бўлиб, улар иштирокидаги ўйинларга «Аргентина суперкласико»си деб ном берилган. Келинг, мухлисларнинг катта қизиқишига сабаб бўладиган жаҳондаги дербиларга тўхталиб ўтамиз.
7-ўрин. «Реал Мадрид»- «Атлетико Мадрид»
«Реал» ва «Атлетико» жамоалари қандай турнирда тўқнаш келишмасин, бу учрашувлар ўта юқори темпда ўтади. Мадрид шаҳрининг шимолида жойлашган «Реал»га асосан шаҳарнинг бой қатлами мухлислик қилса, «Атлетико»ни шаҳарнинг жануб қисимидаги меҳнаткашлар қўллаб-қувватлайди. Энг қизиғи шундаки, «Атлетико» мухлислари дербиларда кўпинча рақиб жамоа мухлисларидан фаолроқ бўлишади.
6-ўрин. «Эвертон» – «Ливерпуль»
Мерсисайд дербисиниг тарихи анча узоқ. Аслида «Эвертон» «Ливерпуль»дан аввалроқ ташкил топган. Ҳатто «Ливерпуль»нинг ҳозирги уй стадиони ҳам аслида «Эвертон»га тегишли бўлган. Жамоа янги шаҳарга кўчиб ўтганида бир йўла база стадионига жойлашади. Бўш қолган «Энфилд»ни «Ливерпуль» дарров эгаллайди. Мана шунинг учун ҳам «Эвертон» мухлислари «қизиллар»ни ҳали ҳамон ёқтиришмайди. Жамоаларнинг тўқнашувлари ҳам шунга яраша курашларга бой ўтади.
5-ўрин. «Бока Хуниорс»- «Ривер Плейт»
Жанубий Американинг «Суперклассико»си дея аталадиган ушбу ўйинни Америка журналларидан бири «Албатта кўриш керак бўлган 50 та ўйиндан бири», — дея изоҳлаган эди. Дарҳақиқат, шу икки жамоа тўқнаш келганда ҳисоб-китоблар бўйича Аргентина аҳолисининг 70 фоизи ўйинни тўғридан-тўғри ТВ орқали томоша қилади. Сўзимизнинг яққол исботи дея бу мавсумдаги «Либертадорес» кубоги финалини келтириш мумкин. Мухлисларни жиловлай олмагач, ўйин мутасаддилари финалнинг жавоб ўйинини Европага кўчиришга мажбур бўлишди.
4-ўрин. «Милан» - «Интер»
Бу жамоалар тўқнашувига ортиқча изоҳ беришнинг, чамамда, ҳожати бўлмаса керак. Жамоаларнинг меҳр-оқибатлари шунчалар «кучли»ки ҳатто битта стадионда уй ўйинларини ўтказишса ҳам стадион номини икки хил аташади. Энг қизиғи, 2003 йилда бу икки жамоа ЕЧЛ ярим финалида тўқнаш келишади. «Жузеппе Меацца» стадионида 1:1 ҳисоби қайд этилади. Бир ҳафтадан сўнг жавоб ўйинида «Сан-Сиро»да ҳисоб очилмайди — 0:0. «Милан» «меҳмон»да урилган гўл эвазига финалга чиқади ва финалда «Юве»ни пенальтилар сериясида енгади.
3-ўрин. «Манчестер Юнайтед» - «Манчестер Сити»
Ҳозирги кунда дунёнинг энг катта бюджетли дербиси дея бемалол айта оламиз. Шаҳарни иккига бўлиб юборадиган ўйин бу! Энг қизиғи, «Сити» «Юнайтед»дан аввалроқ ташкил топган. 20-аср ўрталарида бу жамоаларнинг тўқнашувлари жудаям аёвсиз бўлган экан. Хийла устунлик «шаҳарликлар» томонида ҳам бўлган экан. Лекин 20-асрнинг охирларига яқинлашгач, Ферги бобо «қизил иблисларни» топ-клубга айлантириб юборди. Шундан сўнг бу жамоалар ўртасидаги «класс»да фарқ сезилиб қола бошлади. 21-асрнинг бошларида эса «шаҳарликлар»да янги инвестор пайдо бўлгач, ишлар анча юришиб кетди. Шейхларнинг пуллари осмонга учиб кетмади. Аста-секинлик билан «Сити» кўтарилишни бошлади ва мана ҳозир «Юнайтед» билан яна аввалгидак тенгма-тенг курашмоқда.
2-ўрин. «Фенербаҳче» - «Галатасарой»
Мана буни дерби деб эмас, бемалол жанг десак ҳам бўлади. Чунки Европада мухлисларнинг энг кўп тўполонлари айнан шу ўйинда кузатилган экан. Бу жамоалар ҳақида қизиқарли фактлар кўп. «Фенер» Истанбулнинг Осиё қитъасидаги ерларида жойлашган бўлса, «Галатасарой» Европа қитъасида жойлашагн. Энг қизиғи, бу икки клубни денгиз сувлари бир-биридан ажратиб туради. Деярли икки қитъада жойлашаган бир шаҳарнинг ашаддий душманлари десак ҳам бўлади. Бу жамоалар ўртасидаги ўйинда 132 децибелга тенг шовқин кўтарилган. Бу реактив самолётнинг овози билан тенг дегани! «Фенер»- «Галатасарой» учрашуви фақат жанжаллар билан эсда қолади десак, хато қиламиз. Чунки бу жамоалар тўқнашувида камдан–кам ҳолларда натижа учун ўйин бўлади. Қолган пайт ҳақиқий томошабоп футбол намойиш этишади. Бир вақт топиб албатта кўринг, бу шунга арзийди!
1-ўрин. «Глазго»- «Селтик»
Мана бу принципиал рақибларга алоҳида тўхталамиз. Улар бежиз бизнинг топ-7лигимизда биринчи поғонани забт этишмади. Келинг, батафсил тўхталсак. 19-асрнинг бошларида Ирландияда оммавий очлик тарқалади. Ирланд халқи жон сақлаб қолиш илинжида оммавий Шотландияга кўчиб кела бошлайди. Бироз вақт отгач, Шотландия пойтахтига муқим жойлашиб олишади. 19-аср охирида шотландлар «Глазго» жамоасига асос солишади. Ирландлар ҳам кўп ўтмай ўзларниг «Селтик» жамоасини тузишади. Улар клубларида иложи борича Ирландия байроғини акс эттирадиган ранглардан фойдаланишади. Ҳатто ҳозирда ҳам «Селтик» жамоаси мухлислари ўйинларга Ирландия туғини олиб кириб ҳилпиратиб туришади. Бу эса шотландларда ғазаб уйғотади. Асрлар ўтса ҳам бу ғазаб заррача сўнмаган. Ҳали бери сўнмаса ҳам керак!
Яҳёхўжа Улуғхўжаев