Айрим футбол клубларига 100 сўм берсангиз, шу пулни ишлатиб, йилни яна 20 сўм қарз билан ёпган ҳолатлар бўлган.
Пул кам ёки кўплиги ҳозир бошқа масала. Асосий масала — агар бу мушук бўлса, унда гўшт қани? Агар бу гўшт бўлса, унда мушук қани?
Шунга қарамай, клублар кейинги йил учун яна алоҳида 100 сўм олишда давом этган, бироқ ишни 20 сўмни ёпишдан бошламаган. У эски йил, эски қарзлар, ахир биз янги йилдамиз-ку! Тома-тома кўл бўлиб, аралашмаган ФИФА ҳам қолмаган, фуқаролик судлари ҳам, окалар ҳам, укалар ҳам, хуллас, ҳамма.
Тез орада ПФЛ барча клублар бўйнида турган қарздорликларни аниқлаб олади. Ким отелга пулини бермаган, ким медцентрга, яна кимдир футболчиларни сарсон қилган ва ҳоказо. Эсингиздами, УЕФА “Барселона” ва “Реал” клубларига трансфер бозоридаги операцияларини амалга оширишни тақиқлаб қўйганди. Энди шу сиёсат бизда ҳам бўлади. Яъни, клублар аввал қарздорлик масаласини бирёқлик қилади ва ундан кейин бошқа ишларга ўтади.
Ҳозир ҳамма ўз қарзини борича кўрсатгани яхши, аҳволи минг оғир бўлса ҳам, имконият берилади. Бироқ бошқа жойдан кейинчалик қарз чиқиб келадиган бўлса, санкция анча жиддийлашади. Клубларнинг картотекада юриши, судма-суд юриши футболни ривожлантирмайди. Олдин шундай маш-машалардан қутилиш ва ундан кейин порлоқ йўл совхози сари йўлга чиқиш мантиқлироқ...