Польшада таваллуд топган, лекин бутун фаолиятини «Бавария», «Арсенал», «Интер», «Галатасарой» каби клублар ҳамда Германия терма жамоаси таркибида ўтказган афсонавий ҳужумчи Лукас Подольски ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2019га киндик қони тўкилган юрт мезбонлик қилишидан беҳад мамнун. Охирги мавсум Японияда ўйнаган фахрий голеадор FIFA.com сайти мухбирларига берган интервьюсида бўлажак кичик мундиал Польша иқтисодиёти ва футболи ривожига сезиларли туртки бўлишига умид билдирди.
- Мана, 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги ЖЧ-2019 тимсоли расман намойиш этилди. Турнир стартига эса атиги 5 ой қолди. Фаолиятингиз давомида Германия термаси шарафини ҳимоя қилиб, ЖЧда икки бора соврин ютгансиз - «бронза» ва «олтин». Лекин Польшага нисбатан меҳр-эҳтиромингиз ўзгача эканлиги барчага маълум. Айтингчи, бу мамлакат мухлислари янги йилдан нималарни кутишлари мумкин?
- Биринчидан, давлат ва маҳаллий футбол ассосиацияси Польшанинг барча қадриятларию, ўзига хос анъаналарини кенг доирада кўрсатиш имкониятига эга. Мамлакат жадал ривожланмоқда, кенг ва равон йўллар, стадионлар барпо этилди, таомлари жуда мазали. Шахсан мен қайсидир таомни алоҳида кўрсатолмайман, чунки бу борада танлов жуда кенг. Айниқса, ойим пиширганлари бир-биридан мазали... Тўғри, анчадан буён Германияда яшаяпмиз, аммо Польшада туғилганимни ҳамиша ёдда тутаман. Умуман, оиламиздагилар полякча таомларни унутишмаган. Яна бир муҳим томони, бўлажак футбол юлдузлари навбатдаги мусобақа баҳона Польша билан яқиндан танишиб, ортга ижобий таассуротлар билан қайтишлари керак. Чунончи, кичик мундиал иштирокчилари ке-йинчалик «Реал», «Барселона» ёки «Бавария» каби грандлар сафида тўп суришлари аниқ. Улар ўшанда чинакам фаолиятлари Польшада бошланганини гапириб юришади. Бундан ташқари, турнир ҳамма йигитлар учун тенги йўқ ярмарка вазифасини ўтайди. Ахир ёш ўйинчилар кучли скаутлар эътиборида бўладилар. Яхши таассурот шаклланиши мамлакатга сайёҳлар оқими кучайишига ҳам олиб келади. Маҳаллий терма жамоа аъзолари эса ватан шарафини ҳимоя қилишдан фахр ва қувонч ҳисси ту-йиш баробарида нуфузлироқ чемпионатларга йўлланма олишлари мумкин. Зеро, номдор клублар вакиллари бу каби йирик мусобақаларни ўта синчковлик билан кузатадилар.
- Умуман, ёшлар доирасидаги мусобақалар футболчи фаолиятида нечоғли муҳим аҳамият касб этади?
- Қайси ёш тоифаси бўлишидан қатъий назар, ҳар бир ЖЧ ўз номига яраша жуда нуфузли саналади. Бунда футболчилар энг сара рақиблар билан куч синашадилар. Тушунарлики, шундай имкониятни пулга харид қилишнинг иложи йўқ. Демакки, ҳар бир қатнашчи турнирдан максимал даражада фойдаланишга уриниши шарт. Бир сўз билан ифода этганда, ЖЧ - мисли йўқ мактаб. Бунинг қадрига етиш эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.
- Шундай, лекин шахсан сиз ёшлар миқёсидаги бирор ЖЧда қатнашмагансиз. Бу борада қандайдир армон йўқми? Дейлик, ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланолмаганлик ҳисси қийнамаяптими?
- Асло. Агар фаолиятим давомида, хусусан, сўнгги босқичда жиддийроқ натижаларга эришолмаганимда, ёшликда ниманидир бой берганимни тан олардим. Шукрки, маълум ютуқларни тантана қилдим. Ўзи ўсмирлик чоғиёқ профессионал футбол уммонига сакраганман. Хайриятки, чўкиб кетмадим (кулади). Мен учун дастлабки йирик мусобақа - бу Португалия мезбонлик қилган Евро-2004. Ўшанда 19 ёшли йигитча эдим. Яна 2 йилдан кейин Германия мундиалида иштирок этиб, бронза медалига эга чиқиш баробарида турнирнинг энг яхши ёш футболчиси мақомини олдим. Фаолиятимнинг энг ёрқин саҳифаси эса 2014 йили Бразилия майдонларида битилди - жаҳон чемпионати бош совринини бошим узра баланд кўтардим. Футболчи учун бундан буюкроқ бахт йўқ! Ҳар 4 йилда минглаб ўйинчилар шу нурли чўққига интиладилар. Бироқ нуфузли соврин атиги 23 нафар бахтиёр футболчига насиб этади. Жаҳон кубогига қўл теккизишнинг ўзи бетакрор ҳиссиётларни уйғотади. Ўзингиз ўйланг, футбол олами не-не юлдузларни, буюк ижрочиларни кўрган, аммо улардан саноқлиларигина нуфузли соврин эгасига айланишган. Менга шундай бахт насиб этди, демакки, нимадандир нолишимга асос йўқ. Ўз навбатида, Польша-2019 турнири қатнашчиларига омад тилайман. Умидворманки, мусобақа кўплаб йигитлар учун улкан муваффақиятлар дебочаси бўлади.
- Айни фаолиятингизга қандай баҳо берасиз? Япониядаги ҳаётингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз...
- Гарчи Европадан ташқарида биринчи марта яшаётган бўлсамда, ҳаммаси жойида, ҳеч қандай муаммо йўқ. Бошқа томондан қарасак, мусофирлик мен учун янгилик эмас: клублар ва Германия термаси сафида бутун дунёни кезиб чиқдим. Қачондир ўзимга умримдан мамнунлигим, турли юртлар ва маданиятлар билан танишганим хусусида ҳисобот ҳам берарман. Зеро, Польша ва Германиядан ташқари, Англия, Италия, Туркия ҳамда Япония билан яқиндан танишдим. Балки келажакда янада қизиқарли саёҳатлар кутиб тургандир...
- Ҳозирги ҳаётингиз айнан қайси жиҳати билан фарқланмоқда, Европа турмуш тарзининг нимаси етишмаяпти?
- Аслида Европанинг ичида ҳам қандайдир ўзига хосликлар мавжуд. Масалан, Польша ва Германия ўртасида. Қолаверса, Япония ўзга сайёрадаги давлат эмас. Шундай экан, уларни қиёслашда маъно йўқ. Умуман, япон халқи хушмуомала халқ, ҳаёт яхши йўлга қўйилган, осуда ва хотиржам яшаш учун барча шароитлар яратилган. Мисол учун, мен яшаётган Кобе шаҳрида 1,5 миллиондан кўпроқ аҳоли бор. Хуллас, ҳаммаси зўр.