“Барселона”нинг собиқ футболчиси, бугунги кунда Қатарнинг “Ал-Садд” клубида фаолият юритаётган Хави яқинда “Marca" нашрига интервью берди. Қуйида ана шу суҳба билан танишасиз...
- Сизнингча, Испания чемпионатининг жорий мавсумидаги тенглик сунъийми?
- Йўқ, албатта. Бу даъвогарларнинг муваффақиятга эришишларини қи-йинлаштиради. Пеп Гвардиола келгач, мураббийларнинг умумий савияси сезиларли ўсди. Яқинда «Эспаньол» ва «Бетис» ўртасидаги учрашувни кўрдим, ўйин ажойиб бўлди, чунки Руби ҳам, Кике Сетьен ҳам ғалабани хоҳлашди. Менга шунақаси ёқади. Аммо бошқалар эътиборидан четда қолаётган майда деталарга ҳам эътибор қаратишим керак. Назаримда, футбол ҳар тарафлама ажойиб спорт тури.
- Вазиятлар яратиш тобора қийин-лашмоқда. Бу Россияда ўтган жаҳон чемпионатида ҳам сезилди.
- Гап шундаки, мундиалда мураббийлар тажрибаларни нисбатан кўпроқ қўллашади, зеро ҳар қандай хато муваффақиятсизликка олиб келиши мумкин. Уларни тушунаман. Аммо мен бошқа мактаб вакилиман, у ерда бизга тўпни назоратга олиш, таваккал қилишни ўргатишган. ЖЧда 70-80 фоиз жамоалар таваккал қилмай, рақибнинг хатога йўл қўйишини кутишди. Чунки фақат натижа мураббийларнинг турли услубларни қўллаш имкониятини оширади. Бундай футбол мен учун эмас. Франция термаси ҳақли равишда чемпион бўлди. Улар уюшқоқликда тўп суришди, эҳтимол чиройли ўйин кўрсатишмагандир, аммо барибир, футболчиларнинг савияси юқори. Французлар қарши ҳужум услубига мослашиш учун кўп меҳнат қилишди, Антуан Гризманн ва Килиан Мбаппе эса тезкор бўлишларига қарамай, ортга қайтишга улгуришди. Яхши футбол, аммо бундай ўйин билан фахрлана олмайман.
- Бугунги кунда ким сиз айтган услубда тўп суряпти?
- Масалан, Маурицио Сарри бошчилигидаги «Челси», гарчи ҳар доим ҳам буни уддалай олмаётган бўлсаларда. Шунингдек, Кике Сетьеннинг «Бетис»и, Унаи Эмерининг «Арсенал»и, «Барселона», Луис Энрике бошчилигидаги Испания термаси, Маурисио Почеттинонинг «Тоттенхэм»и кўрсатаётган ўйин ёқяпти. Бу борада, албатта, Гвардиола биринчи рақамли. Мураббий сифатида айнан Пепдан намуна олишга интиламан.
- «Реал»нинг ўйини ҳақида нима дейсиз?
- Бу клуб бошқача ўйнайди, аммо айнан улар қаторасига уч марта ЕЧЛда зафар қучишди. Жамоа тўпсиз ҳаракатланаётганда катта масъулиятни ҳис этмайди. «Реал» ўйинчилари жамоавийликдан кўра, асосан индивидуал ҳаракатларга урғу беришади. Бу жамоанинг ўйини тартибсиз кўринади ва бундай танқид қилишга арзийдиган жиҳатни кўрмаяпман. Одатда, улар сифатга қараб муваффақият қозонишади.
- Лопетеги ҳамда Солари жамоалари ўртасида тафовут борми?
- Ўйлашимча, Хулен «Реал» ўйинини тартибга солишни хоҳлади. Аммо муаммо шундаки, мазкур жамоа ўйини 15-20 йил давомида шундай қолаётганди. Лопетеги методик қарашлари билан машҳур, унинг қўл остидаги футболчилар чизиқлар бўйлаб ҳаракатланишади, юқори прессинг ишлатишади. «Реал» шунчаки, унинг талабларига мослаша олмади. Боз устига, Хуленга етарлича вақт беришмади.
- Месси борасида нима дейсиз?
- Нима дейишим мумкин? Лео - ўзга сайёралик. Менга қўйиб беришса, ҳар йил «Олтин тўп»ни унга топширардим.
- «Барселона» аввалги услубидан воз кечаётгани тўғрими?
- Бундай деб ўйламайман. «Барса» аввалгидек тўпни ўзида сақлаб турибди. Кучли прессинг ишлатяпти. Ҳамма гап нюансларда. Мисол учун, Луис Энрикега ҳимоядан ҳужумга тезда ўтиш ёқарди. Эрнесто Вальверденинг 4-4-2 схемасида эса жамоа рақиб босим ўтказганда ҳам уюшқоқликни йўқотмаяпти. Ва албатта, Артур Мело ҳам ўйинни кучайтирди, у тўпни йўқотмаяпти.
- Бироқ ҳадеганда таваккал қилавермайди.
- Бунақаси менда ҳам бўлган. 21 ёшимда эҳтиёткорликка урғу берганман, рақиб ҳимоясини ёриб ўтишга камроқ интилардим. Бу ишонч масаласи. Артурга эса тўлиқ ишонишади.
- Диего Симеоне билан нима ҳақида суҳбатлашган бўлардингиз?
- Унинг услуби менга ёқиш-ёқмаслиги алоҳида мавзу, факт шуки, Симеоне қўл остидаги ўйинчилар ракета мисоли учишмоқда. Диего жамоасини ажойиб тарзда бошқармоқда. У шогирдларини қандай руҳлантиришни билади. На «Барселона», на «Реал» «Атлетико»нинг услубида ўйнашга журъат топади. Агар Симеоне «Барса»да ишласа, уни тушунмасликлари мумкин. Йохан Круифф бизга йўналиш топиб берган, Диего эса буларнинг барини йўққа чиқариши мумкин. Эль Чолонинг услуби бошқача, шунга қарамай, у ажойиб мураббийлигича қолаверади.
- Одамлар «Атлетико»нинг ўйинидан завқ олмасликларини айтишади.
- Улар «Атлетико» Симеоне келгунга қадар қаерда бўлгани-ю, у келганидан сўнг қаерга чиққанини кўришсин. Аммо менинг жамоам бошқача ўйнарди - буни мураббий бўлганимда кўрсатишга уриниб кўраман. Ҳақиқат шундаки, футболни турлича ўйнаш мумкин. Албатта, спортнинг бу турида яратишдан кўра, бузиш осонроқ. Комбинациялар ташкил этиш, прессингдан чиқиб, бўш ҳудудлар яратиш энг қийини. Шунга қарамай, рақиб устидан яққол устунликка эришган ҳолда қўлга киритилган ғалаба ҳаммасидан яхшироқдир.
- «Атлетико»нинг таянч ярим ҳимоячиси Родриго Эрнандес сизга ёқадими?
- У ажойиб ўйинчи. Аммо Родриго «Барселона» сафида бўлганида, янада яхшироқ ўйнарди. Унда ҳамма нарса бор. Эрнандес «Атлетико»да тўп суришга муносиб, тўпни олиб қўйиш, прессинг ишлатиш, бўш ҳудудларни ёпишда фаол. Шубҳасиз, бу сифатлари «Барселона»га ҳам фойда келтириши турган гап. Узатмалар беришдан аввал у бошини кўтаради, худди Серхио Бускетс сингари. «Барса» уни ўз сафига қўшиб олиши керак.
- «Реал»да Родригога ўхшаш футболчи борми? Балки бу Маркос Льорентедир?
- Льорентени «Алавес»да ўйнаб юрган пайтидаёқ кузатганман. Менимча, унинг ўйини кўпроқ «Реал»га мос тушади. Худди Каземиро сингари у ҳам позицион ҳаракатларда оқсайди. Кўплаб футболчиларнинг ўйинини кўриб, шундай дейман: «Бу «Барселона» учун яралган, буниси эса «Реал»га ўтади». Санти Касорла ва Давид Сильванинг нима сабабдан ҳозиргача «Барса»да тўп суришмаганини тушунолмайман. Лука Модрич «Барселона»га ҳам, «Реал»га ҳам мос. Худди Родриго Эрнандес каби. Модрич майдон бўйлаб тез ҳаракатланади, шунингдек, бульдозер вазифасини ҳам ўташи мумкин. Эҳтимол, у ўз позициясидаги энг яхши ўйинчи бўлса керак.
- Криштиану Роналду кетгач, «Реал»нинг инқирозга учраганидан ажабландингизми?
- Ҳа, албатта. Аммо «Реал» Роналдусиз жамоавий яхши ўйин кўрсатади, деб ўйлагандим. Криштиану индивидуал жиҳатдан етук эди: масалан, бир мавсумда урилган 50та голни олайлик. Аммо жамоа сифатида «Реал» янада яхшироқ ўйнай олади. Лопетеги билан бу клуб «Рома»ни тор-мор этиб, ЦСКАга ютқазиши мумкин. Шунга қарамай, Хуленга вақт керак эди.
- Мабодо, Месси кетса, «Барселона» ҳам шундай ҳолга тушармикан?
- Нимадир бўлиши эҳтимол йўқ эмас. Месси шунчаки тўпурармас, у плеймейкер, сўнгги узатмаларни йўллайди. У «Барселона» ўйини қандай бўлишини аниқлайди. Лео жароҳат олиб сафдан чиққанда, жамоа бошқача ўйин кўрсатганди. Месси рақиб ҳимоясини ёриб ўтади, дриблинг ишлатиб, ҳужумнинг фарқланишини таъминлайди. Лионелдан кейин Филиппе Коутиньо, Усмон Дембеле, Серхи Роберто, Самуэль Юмтити ва Марк-Андре тер Штеген сингари футболчиларнинг етакчиликни ўз қўлларига олишларига умид боғланади.
- Месси даврида «Реал» сўнгги беш йил ичида тўрт марта ЕЧЛ бош совринини қўлга киритгани «Барселона» ишқибозларини ранжитмаяптимикан?
- Йўқ, чунки Месси даври ҳали якунланмади. Агар улар умумий вазиятни тўлиқ таҳлил этишса, бу давр ҳамон ёрқин эканлигини кўришади. «Барселона» Мессисиз Чемпионлар Лигасида фақат бир марта зафар қучиши мумкин эди, у билан эса жамоада бешта соврин бор. «Реал» Роналду келгунича тўққиз марта ЕЧЛда ғолиб чиққан. Месси эса «Барселона» тарихини ўзгартириб юборди. Лионель ҳам, Криштиану ҳам сўнгги ўн беш йил ичида футболда қўшҳокимлик ўрнатишди.
- Маттейс де Лигт ва Френки де Йонгнинг ўйини ёқадими?
- Бу футболчилар ажойиблар. Улар тўпни йўқотишмайди, тез ўсишга эришмоқдалар. Де Лигтда ҳам, де Йонгда ҳам «Барселона» қони бор, гарчи улар «Аякс»да улғайган бўлсаларда. Амстердам жамоасида қойилмақом футбол мактаби бор.
- Винисиус Жуниор-чи?
- У ҳақда кўп нарса билмайман, аммо юксак иқтидор соҳиби экани билиниб турибди, ўзига ишонч юқори. Винисиус Неймарни эслатади: унга қараб, портлашга шайланаётган бомба кўз ўнгимга келади. Аммо Жуниор ҳали жуда ёш. Неймар ҳамон ўрганмоқда, у ғоят ақлли. Ёки Килиан Мбаппени олайлик. Аммо ҳозирча Роналду ва Мессига ворис топиш осонмас. Узоқ вақт мобайнида футболда ҳокимлик ўрнатадиган бошқа футболчилар бор, деб ўйламайман. Ким бир мавсумда 50та гол уришга қодир? Масалан, Луис Суарес. Уни «Барселона» тарихидаги энг яхши марказий ҳужумчи деб биламан. Аммо Суарес ҳам 50та эмас, 30та гол уряпти. «Олтин тўп» учун кураш ҳозирдан бошланди. Мбаппе ғаройиб жисмоний сифатларга эга, унда янги финтларни ўйлаб топишга эҳтиёж йўқ. Килиан тўпни олдинга ташлаб, доимо унга ўзи етиб олади. Бу борада у Тьерри Анрини эслатиб юборади.
- Иско ҳақида нима дейсиз?
- Уни ҳамиша ажойиб ўйинчи деб билганман. Аммо биласизми, нима рўй берди? Футболни яхши билмайдиганлар Исконинг ҳаракатларини тушунишмаяпти. Ўз вақтида улар Иньестани ҳам тушунишмаган. У майдон марказидаги чиройли финтлар билан мухлислар олқишини олишга интилмай, натижаларга сезиларли таъсир ўтказиши керак. Иско ҳам Иньеста, Сильва ва Модрич каби катта салоҳиятга эга. Бундай футболчилар зарур паллада ўйин тақдирини якка ҳолда ҳал қила олишлари лозим. Иско олдинга қадам ташлаши мумкин ва буни Лопетеги бошчилигидаги Испания термасида амалга оширди. «Сантьяго Бернабеу» стадионида кечган Италияга қарши баҳсни эсланг. Иско доимо шундай ўйнаши керак. Ишқибозларни ажаблантиришнинг ўзи етарли бўлмайди, уларни голлар ва самарали узатмалар билан хушнуд этиш даркор. Иско бу борада Марко Асенсио ёки Филиппе Коутиньодан ўрнак олса бўлади.
- Испания термаси йўналишни йўқотиб қўйдими?
- Йўқ, аммо ғалаба қозониш қийин-лашди. Бизнинг омадимиз келган. Ишончим комилки, бизнинг даврда бўлганида, Россияни пенальтилар сериясида ҳам мағлубиятга учратардик. Аммо буларнинг бари ўтмишда қолди. Қачонлардир Иньеста ва Хави, ҳозир Асенсио ва Искодаги бўлгани каби танқидларга учрашган. Бизнинг муваффақиятлар тарихга кирди. Аммо ҳали яна қайтамиз.
- Луис Энрике ва Жорди Альба ўртасидаги можароларни қандай изоҳлайсиз?
- Уларнинг иккисини ҳам яхши биламан, иккиси ҳам кучли характерга эга. Футболчи ва мураббий ўртасида муаммолар бўлгани рост, бироқ соғлом фикр устун келди. Альба ўз позициясида дунёда энг яхшилардан бири. Унинг термага қайтиши вақт масаласи эди.