Деярли бир ой мобайнида бизга ажойиб ўйинларни тақдим этган турнир бугун ўз якунига етади. Финал ўйини олдидан Қатар ва Япониянинг имкониятлари турли жойларда турлича баҳоланмоқда. Биз ҳам ўйин олдидан жамоаларнинг имкониятларини чамалаб кўрамиз.
Қатар
Кучли томони
Бу турнирда Қатар ўз тарихидаги энг кучли жамоаси билан иштирок этмоқда десак, адашмаган бўламиз. Қатар техник ва тактик жиҳатдан анча ўсишга эришди. Айниқса, БАА билан финал остонасидаги ўйинда бу яққол кўринди.
Қатар Испанча футбол ўйнамоқда. Тўп билан назорат, қанотлар орқали марказга кириб бориш, майда паслар, алдамчи ҳужум ва шунга ўхшаш бир нечта факторлар эвазига Қатар Осиё кубоги финалига ҳақли равишда етиб келди.
Ожиз жиҳати
Қатар рақибига нисбатан бироз тажрибасизроқ. Қатарликлар сўнгги 30 йил ичида бундай катта турнирларнинг финалида ўйнамаган. Рақибларидан фарқли ўлароқ бу жамоа асосан маҳаллий футболчилардан ташкил топган. Футболчиларнинг тажрибасизлиги бу учрашувда уларга панд бериб қўйиши ҳам мумкин.
Япония
Кучли жиҳати
Япониянинг кучли жиҳатлари кўп.«Самурайлар» нинг энг ҳавфли жиҳатларидан бири уларнинг рақибга қараб тактика тузишларидир. Ҳажиме Мариясу ўз шогирдларини турнир давомида ҳамма ўйинга турлича услубларда майдонга тушмоқда. У Эктор Куперни, Карлос Кейрушни, Питси сингари ҳамкасбларини тактика ва стратегик жангда яққол фарқ билан енгди ва ҳақли равишда Японияни финалга олиб чиқди. Ҳозирда Япония терма жамоасининг энг ҳавфли аъзоси дея бемалол айёр Мориясуни кўрсатсак бўлади.
Ожиз жиҳати
Японлар бу турнирда кўп гол ўтказиб юборишмоқда. Ҳимояда муаммолар бор эканлигини Шомуродовнинг урган голи яққол исботлаб турибди.
Жамоаларнинг имконияти
Японияда ҳам Қатарда ҳам имкониятлар деярли бир хил. Бугунги учрашувда футболчиларнинг майдондаги баҳсидан кўра, мураббийларнинг танлаган тактика ва ўйин стратегияси кўпроқ нарсани ҳал қилиши мумкин.
Феликс Санчес агар футболчиларини бу учрашувга руҳан тайёрлай олса, Қатарда ғолиблик учун имконият мавжуд. Акс холда «Самурайлар» Қатарни қийинчиликларсиз мағлубиятга учратишади
Япония терма жамоаси халқаро ўйинлар тажрибаси эвазига бу учрашувдаги ғалабани илиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Умумий қилиб айтганда, имконият бироз Японийда кўпроқдек. Вазиятни 55% - 45% дея баҳолаймиз.
Бу шунчаки таҳлил ва тахмин холос. Аслида ким кучли эканлигини ўйиндан сўнг билиб оламиз. Иккала терма жамоаларга ҳам финал олдидан омад тилаб қоламиз.