Кириш Регистрация

«Барселона» нима учун «Реал Мадрид»ни ёмон кўради?! (Тарихий фактлар асосида )

Баҳо:
+ | -

Замонавий футбол оламида «Эль-Классико» атамаси шу қадар оммалашиб кетган-ки, бу футболнинг ажралмас бир бўлагига айланиб улгурган. Аслида, бу икки буюк клубнинг бу қадар зиддиятли тўқнашувларининг сабаби нимада? Бугун шу мавзу асосида тарихга кичкинагина саёҳат уюштирамиз

Каталония нафрати?!

Бу жамоалар ўртасидаги илк учрашув 1902 – йилда бўлиб ўтган экан. Ўшанда «Каталония» (Ҳозирги Барселона клубининг аввалги номи) FC Мадрид (Ҳозирги Реал Мадриднинг аввалги номи) жамоасини 2 : 1 ҳисобида мағлубиятга учратган. Бу жамоалар ўртасидаги учрашувлар 1938 -йилгача ортиқча шов-шувсиз, сокин тарзда кечган. Енгилган жамоа енгган жамоани олқишлаб майдонни кулганча тарк этганига ишониш қийин бўлсада, бу факт. Афсуски, 1939-йилда давлат бошига келган Диктатор Франко футбол оламидаги абадий қарама-қаршиликнинг сабабчиси бўлди. У ўша йилнинг ўзидаёқ Каталония халқини ўз байроғи ва тилидан маҳрум қилди. Қаршилик кўрсатишга урунганларни, очиқчасига таъқиб қилишни бошлашди. Франко ҳақида тарихчилардан бири шундай ёзади : Франко Каталония халқини бурчакка сиқиб қўйди. Уларнинг ҳуқуқларини тўлиқлигича ўз қўлига олди ва Давлат сифатида тан олмаслигини бир неча бор эълон қилди. Оқибатда қийноқ ва қатлиомдан чўчиган Каталонияликлар унинг шартларига кўнишга мажбур бўлишди…

Дарҳақиқат, Каталонияликлар испанларга қаршилик кўрсатишга ожиз эдилар. Диктатор Франко эса уларнинг ерларини тўлиқ Испанияга тегишли эканлигини билдирувчи ҳужжатни имзолайди.

Каталониянинг эзилган халқи ҳукуматга қарши футбол орқали жавоб бера бошлади. «Барселона»нинг «Реал Мадрид» (Клуб бошқаруви Испания қиролига ўтгач, жамоа номи ўзгартирилади) га қарши уйдаги учрашувларида мухлислар доим Каталония мадҳиясини бақириб, кўзларида жиққа ёш билан куйлашар, озодлик учун курашган жангчилардек бутун вужуди билан ўйинга мухлислик қилишарди. Халқнинг ҳукуматга қарши ягона қуроли, айнан, «Барселона» эди. «Эль-Классико» вақтида нафақат стадион, балки, Каталония кўчалари ҳам мухлисларнинг ҳайқириғи билан жумбушга келар, халқ ҳамма ичида йиғилиб ётган алам ва ситамларини айнан шундай ўйинлар орқали тўкиб сочарди. футболчилар ҳам кимга қарши майдонга тушганини билишар, (Аввалари асосан маҳаллий футболчилардан тузилган жамоа эди) ғалаба учун майдонда ўлимга ҳам тайёр туришар эди.

Трансфер бозоридаги тўқнашувлар

1950-йилларга келиб легионер атамаси футболда кенг ёйилди. Ўша йили бирданига икки клуб Алфредо Ди Стефано учун курашга киришади.

Аргентиналик футболчи аввалига «Барселона»ни танлайди ва ҳатто 3 та ўртоқлик учрашувида ҳам майдонга тушади. Шартнома тузишга келганда эса, футболчи ўзгариб қолади ва «Барса» учун ўша пайтлари иложсиз бўлган суммани сўрайди. Оқибатда, жанжал чиқади ва Ди Стефано «қаймоқранглилар» сафига ўтиб кетади. Бу трансфер ортида Қирол оиласи турган дея тахминга борган Каталония, ҳукумат ва «Реал Мадрид»дан нафратлана бошлайди. Трансфер бозоридаги бундай воқеалар, бир неча йиллар мобайнида кўп бор такрорланади…

«Реал Мадрид» мухлисларининг раддияси

«Реал» фанатлари испанлар ва клублари шаънига айтилаётган ҳунук сўзларга индамай қараб ўтиришмагани одатий холат. «Реал Мадрид» мухлислари доим бу учрашувни шунчаки спорт, бунда ҳеч қандай сиёсий нарса йўқлигини кўп бор таъкидлашларига қарамасдан, рақиб томон мухлислари бу учрашувни доимо сиёсий даражага олиб чиқишлари, уларнинг ҳам ғашларини келтира бошлайди. 1960-йилларда ҳатто айрим журналистлар икки клуб мухлисларини яраштириб қўйиш илинжида ҳаракатлар олиб боришган экан. «Реал Мадрид» мухлислари бу ғояни ёқлаб чиқишган, «Барса» фанатлари кескин қаршилик билан бу ғоядан воз кечишган. Рақиб томоннинг бу қадар тажовузкор ва шафқатсиз хати-ҳаракатлари, тинмай испанларни ҳақорат қилишлари ўз навбатида «қаймоқранглилар» мухлисларида ҳам негатив ҳислар уйғота бошлайди ва абадий нафратга уланиб кетади…

Хулоса ўрнида…

Замонавий футбол оламида кўплаб азалий рак,иблар мавжуд. Лекин ҳеч қайси баҳс «Реал Мадрид» ва «Барселона» қарама-қаршилигига тенг кела олмайди. Қарийиб бир асрдан бери давом этаётган футболнинг дурдона асари бўлмиш «Эль-Классико» мухлисларни юқори сифатли футбол билан таъминлаб келмоқда. Бу икки буюк клублар футбол оламида ўз ўрни ва ҳурматига эга жамоалар. Бу клубларнинг Ер шари бўйлаб миллионлаб мухлислари мавжуд. Балки шу сабаб «Эль-Классико» бошланган чоғ Ер шари иккига бўлинса керак.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Манба: stadion.uz
Киритилди: 14:12, 06.02.2019.
Ўқилди: 18982 марта.
Фикрлар: 48 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.