Кириш Регистрация

МТЖ: Таҳлил, таркиб, хулоса…

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий жамоасининг БАА яшил майдонларида камида ярим финалга чиқишини кутганимиз рост. Турнир бошланишидан олдин айримлар таркиб ва ўйин жиҳатидан вакилларимизни чемпионат фаворити сифатида эътироф этишди. Ҳаттоки, бош мураббий Эктор Купер ҳам шу мазмунда гапирганди. Бош жамоамиз имкониятларини сизу-биздан яхши биладиган аргентиналик мутахассиснинг бундай дангал баёноти мухлисларда кўтаринки кайфият ҳосил қилгани, шубҳасиз. Афсуски, миллий термамиз бу галги Осиё кубогидаги иштирокини анча эрта якунлади, гарчи ўйин нуқтаи назаридан катта умид уйғотган бўлсада. Тушунарлики, ҳар қандай мағлубият алам қолдиради, уни бирданига унутиш қийин... Хўш, жамоамиз қаерда хатога йўл қўйди? ОК-2019 натижаси тасодифми ёки Купернинг ҳимоявий ўйин асосига қурилган услуби «мева»си?

Ҳозирда мухлислар миллий жамоамизнинг қитъа биринчилигидаги иштироки юзасидан икки хил фикр билдирмоқдалар. Биринчи лагернинг хулосаси: йигитларимиз муносиб ўйнашган, якунланган турнир янгиланаётган таркиб учун катта тажриба вазифасини ўтаб берган. Иккинчи томон аксинча, яна натижани асосий мезон сифатида кўрсатиб, жамоага танқидий кўз билан қарамоқда. Мухлислар баҳо беришда деярли тенг икки лагерга бўлинишганинг сабаби оддий: вакилларимиз турнир давомида дарҳақиқат, турлича таассурот уйғотишди. Чунончи, баъзи учрашувларда фақат натижа учун ўйнашди, қолганларида ижобий якунни чиройли ва мазмундор футбол намойиш этиш асносида таъминлашди. Афсуски, бундай ёндашув ўзини тўлиқ оқлагани йўқ. Яъни кутилган натижа сари етакламади. Турнир давомида кўрдик, айрим футболчиларимизда иштиёқ жуда баланд, шунинг баробарида баъзи йигитларимиз айни шу масалада оқсашди. Мисол учун, етакчилардан фақат Одил Аҳмедов ва Игнатий Нестеров ижросидаги ўйин манзур бўлди, холос. Терма жамоамиз либосини анча олдин кийишган Акмал Шораҳмедов, Марат Бикмаев, қолаверса, мусобақа старти арафасида ажойиб спорт формасини тиклагани айтилган Сардор Рашидов каби тажрибали футболчиларимиз ҳақида эса бундай илиқ фикр билдириш мушкул. Осиё чемпионати улар учун шунчаки, фаолиятларидаги навбатдаги оддий турнир сифатида ёдда қолди, бизнингча. Айниқса, Шораҳмедовнинг орқа чизиқдаги хатолари, Бикмаевнинг ҳужумда айтарли наф келтиролмагани ҳафсаламизни пир қилди. Ҳа, Марат чемпионатдаги биринчи голимизга катта ҳисса қўшди (эсланг, айнан у жарима зарбаси ишлаганди), аммо фахрий ҳужумчидан анча кўпроғини кутгандик. Яхшиямки, ўтган йили Осиё футболини маҳв этган бир қатор ёш футболчиларимиз майдонда иштиёқ билан, асосийси, масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳаракатланиб, қайсидир маънода акаларидаги сусткашлик ўрнини ёпишди. Айниқса, футболимизнинг яқин келажакдаги бош умидлари - Элдор Шомуродов ва Достон Ҳамдамов учун хурсанд бўлишимиз керак. Бу мусобақа уларга чинакам бурилиш нуқтаси бўлса, ажабмас.

Бош мураббий Эктор Купер ҳақида нима дейиш мумкин? Ҳаммага маълум, аргентинилик мутахассисни таклиф этишдан асосий мақсад - Қатар-2022 мундиалига йўл очиш. Купер иш бошлаган вақтдан буён жамоамизда ҳимоявий футбол йўлга қўйилаётгани бот-бот тилга олинмоқда. Турнир бошланмасидан олдин эса ҳимоявий услуб ўзбек футболига унча тўғри келмаслиги кўп бора таъкидланди. Мана, мураббий томонидан маъқулланган ва мақталган тактик чизма самара келтиргани йўқ, ҳисоби. Ҳар ҳолда, вакилларимиз чемпионатдан анча барвақт қайтишди. Ҳимояга кучли эътибор воситасида кўзланган натижага эришиш мумкиндир, лекин бунинг битта энг ёмон тарафи шуки, футболчилар бутун 90 дақиқа давомида майдонда босим ва қўрқув билан ҳаракатланишади. Бош-қача айтганда, улар асосан гол қўйиб юбормаслик ҳақида бош қотиришади. Мухлисларда эса «игна устида ўтириш»дан ўзга иложлари қолмайди. Очиғи, БАА-2019 ўйинларида айрим футболчилар ҳаттоки, майдондаги асл вазифаларини англамагандек таассурот қолдиришди. Хўш, ҳимоявий футбол воситасида чемпион бўлишимиз мумкинмиди? Албатта, йўқ! Айниқса, Австралия термасига қарши кечган учрашувнинг иккинчи ва якуний  қисмида юрак ҳовучлаб ўтиришимизга тўғри келдики, бу ҳолатни жаноб Купер «имзо»си билан боғласак, ҳеч ким ранжимаса керак. Бинобарин, футболчиларимизнинг тезкор қарши ҳужумларда қандай ҳаракатланишларини яхши биламиз. Боз устига, 2018 йил бошида Осиё чемпионига айланган ёшлар жамоамиз ҳам ҳужумкорлик эвазига муваффақиятга эришгани барчамизга яхши маълум.

Эндиги асосий масала - хатолардан тўғри хулоса чиқариш. Кўрдикки, футбол бир жойда турмаяпти, тараққиётдан асло тўхтамаяпти. Кеча назаримиздан четда бўлган жамоалар бугун кучлилар даврасига кириш илинжида. Ўзи ҳаёт қонуни шу - изчил ҳаракат. Биринчи навбатда, термамизнинг яхлит асосини шакллантириш зарур, чунки энди бир қатор етакчиларимиз бош жамоамиз билан хайрлашишлари турган гап. Демакки, асосий эътибор яна ёшларга қаратилиши мақсадга мувофиқ. Айни пайт уларга озгина туртки берилса, бас, келажакда ишончни оқлашади, албатта. Иккинчи масала - ўйин услуби. Тўғри, бу ҳақда ортиқча тўхталиш шарт эмас. Зеро, Осиё кубоги ҳам ҳимоявий ўйинга тобимиз йўқлигини амалда яна бир бора кўрсатиб берди. Демакки, жаноб Купер олдида аниқ стратегияни белгилаш каби муҳим вазифа турибди. Агар ҳозирдан муайян ўйин чизмаси тайёрлаб борилса, бу бўлажак муваффақиятлар учун пойдевор бўлармиди?

Яна бир масала - бу таркиб. Хабарингиз бор, Осиё кубогидан кейин миллий жамоамизнинг бир неча йиллик дарвозабони Игнатий Нестеров халқаро фаолиятини якунлаши ва ўз ўрнини ёшларга бўшатиб беришини маълум қилди. Шунингдек, яна бир неча фахрийлар учун хайрлашиш вақти келди. Табиийки, бу ҳолатда барчани битта савол қийнайди: «Яқин келажакда терма жамоамиз асосий таркиби қандай кўриниш олиши мумкин?» Дарҳақиқат, ўта долзарб масала - навбатдаги мундиал саралашида ниҳоят, ижобий натижа, яъни йўлланма ютишни кўзлаётган ва бунга эришиши кутилаётган бош жамоамиз таркибда мавжуд кемтикларни қайси футболчилар ҳисобига тўлдиради? Эктор Купер БАА-2019да кузатилган хато ва камчиликларни батафсил ўрганиб чиқаётгани ўз-ўзидан аён. Бинобарин, у келажакда зафарли юришларни таъминлаш учун қайси йўлдан боришни аниқлаштириб олиши лозим. Айтиш ўринли, ҳозирда терма жамоамиз таркибига доир муҳокамалар футболимизда энг долзарб мавзу бўлиб турибди ва ҳеч бир мутахассис ёки мухлисни бефарқ қолдирмаяпти. Ўзи таркибни кескин янгилаш жараёни олдинроқ бошланиши керак эди Бироқ Эктор Купер нимадандир чўчидими, ҳар ҳолда, Осиё кубогида фахрийлар тажрибаси ва ёшлар иштиёқи омихтасига таянишни маъқул кўрди. Қитъа миқёсидаги турнир эса шундай хулоса бердики, жамоамиз таркиби чиндан ҳам, «реконструкция»га муҳтож. Ҳозирдан маълум - БАА-2019  баъзи футболчилар учун бош жамоамиз сафидаги охирги турнир бўлиб қолади. Ҳарқалай, шундай воқелик яқинлиги тобора ойдинлашмоқда. Шу ўринда Нестеров масаласида шошилмаслик керак - буни мураббийлар штаби ҳам яхши тушуниб турибди. Игнатнинг ҳозирги жисмоний ҳолати ва ички энергиясини ҳисобга олиб айтсак, у камида айнан 2022 йилга қадар бош жамоамиз дарвозасини муносиб қўриқлашга қодир. Лекин бошқа фахрийларни ортиқ ушлаб туришдан маъно йўқ. Ҳамма биладиган жараён - авлодлар алмашувини кечиктириш яхши оқибатга олиб келмаслиги кўп бора исботланган. Бунда ҳаттоки, бутун мамлакат суюклиси саналган футболчига ҳам бошқача назар билан қарамаслик керак. Яъни унинг олдинги хизматлари эвазига жамоада олиб қолиш мантиққа зиддир. Айни вазият бош жамоамизда шу жараённи имкон қадар тезлаштиришни тақозо этмоқда. Аслида кўпчилик ушбу оғриқли алмашув хусусида унча ташвишланаётгани йўқ, боиси, бизда номзод футболчилар етарли. Асосийси, уларнинг айримлари яқин келажакда жамоада етакчилик қила олишларига ишора қилишдики, шу ишонч бизни алоҳида қувонтирмоқда. Тушунарлики, биринчи навбатда, ўтган йили ёшлар ўртасида Осиё чемпиони мақомига эришган Достон Ҳамдамов ва Жавоҳир Сиддиқов каби йигитларга умид билан қараймиз. Назарий томондан олсак, улар ҳозир бемалол асосий таркибга муносиб ўйин намойиш этмоқдалар. Умуман, бундай тизимли тажриба жаҳон футболида кўп бора синовдан ўтган. ЖЧ-2018 ғолиби Франция термаси фикримизга яққол мисол: французлар аввалига, 2013 йили ёшлар миқёсида жаҳон футболи тахтига кўтарилишди, кейин асосий мундиалда зафар қучишди.

Хулоса битта - Эктор Купер ва унинг штаби энди алмашув жараёни ҳақида кўпроқ қайғуриши, бош қотириши, бунда ҳеч кимга истисто тариқасида қарамаслиги лозим. Хўш, терма жамоамизнинг ўзагини ташкил қилишлари кутилаётган футболчилар имкониятилари қандай? Дарвоза позицияси катта муаммодан холи, бизнингча. Биринчидан, Игнатий Нестеров гарчи кетиш ҳақида оғиз очган бўлсада, унинг ҳали иш беришига ишонч катта. Қолаверса, Купер захирасида Элдор Суюнов, Санжар Қувватов ва Ўткир Юсупов каби иқтидордан бебаҳра қолмаган киперлар бор. Эҳтиёж туғилса, улар Игнат ўрнини бемалол босишлари мумкин. Кўпчиликка ғалати эшитилар, балки, аммо ҳимоя чизиғи хусусида ҳам худди шундай ишонч билан гапиришга асос йўқ эмас. Инчунин, тобора баралла «куйлаётган» ёшлар сафи кенг: Акрам Комилов, Рустам Ашурматов, Достон Турсунов... Ҳа, ёш авлод вакилларининг катта доирада мудофаани қандай ушлашлари ҳозирча номаълум. Лекин айнан шу йигитларга таяниш мумкинлигини англатадиган катта сабаб бор - тажриба. Айниқса, Акрам ва Рустамнинг халқаро майдонга чиқишганига анча бўлди. Иккинчидан, тезкор қарши ҳужум услуби жамоа учун идеал вариантга айланаётган бир шароитда ҳимоячиларнинг ҳам бундан хабардор эканликлари муҳим. Биламизки, ёшлар термаси сафида қитъа чемпионатида зафар шаробини ичган бу йигитларимиз ҳужумни ёқтиришади, олдинга интилишни хуш кўришади. Қисқаси, қарши ҳужум тактикасига асосланган ўйин улар учун янгилик эмас. Ярим ҳимояда порлаши кутилаётган янги ижрочилар янада кўп - Жавоҳир Сиддиқов, Достон Ҳамдамов, Одил Ҳамробеков, Жасур Яхшибоев... Қитъа биринчилигида кўрдик, Жавоҳир ва Достоннинг айни ҳолати миллий жамоа талабига мувофиқ келади. Фақат битта савол қолмоқда - бу футболчилар ўз имкониятлари даражасида тўп сурсалар, бас. Қолаверса, марказ учун Одил Аҳмедовдек етук ижрочига эгамиз, Фозил Мусаевдан ҳам умидимиз катта. Ниҳоят, ҳужум чизиғи. Очиғи, миллий жамоамизнинг ЖЧ-2018га чиқолмагани аввало, ушбу чизиқнинг «хароб»лиги билан боғлиқ. Умуман, бир неча йилки, футболимизда айнан ҳужумчилар танлови паст. Дейлик, сўнгги йилларда соф ҳужумчи ролига муносиб кўрилган Игорь Сергеев ишончни оқлай олмади. Ҳозир эски гапларни яна такрорлашга ҳожат йўқ. Хурсанд қиладиган томони, Осиё чемпионати бизда Максим Шацких ва Александр Гейнрих издоши бўлишга даъвогар етишиб чиқаётганини кўрсатди.  Ҳа, Элдор Шомуродовнинг ОК-2019даги маҳсулдорлиги барчамиз учун ёқимли янгилик бўлди. Лекин биргина ҳужумчи билан иш битмаслиги тайин. Шундай экан, Бобур Абдухолиқов каби йигитлар ҳам суръатни оширишлари шарт.  Эҳтимолки, Купер ҳужумчилар борасидаги кичик танлов туфайли ҳам, ҳимояни биринчи ўринга олиб чиққандир. Ажабмас, Элдор эффекти таъсирида унинг фикри нисбатан ўзгарса. Ҳар ҳолда, ўзбек футболи ҳужумкорликка мо-йил, фақат маълум муддатга чўзилган «форвард танқислиги» даврига барҳам берилса, бас.

   Хулоса ўрнида айтсак, терма жамоамизнинг яқин вақтдаги таркиби масаласида муаммо туғилмаслиги керак. Чунончи, бош жамоа эшигини очган, қиё очган ёхуд энди «тепиш»га шайланаётган номзодлар орасида умидли йигитлар кўп ва улар ҳақида  яхшигина маълумотга ҳам эгамиз. Шундай экан, Купер зиммасидаги миссия - таркибга энг муносиб ижрочиларни жалб этиш ва уларни ўйин маромига мослаштириш. Умид шуки, аргентиналик кўпни кўрган мутахассис бу юмуш уддасидан чиқади ва тез орада миллий жамоамизнинг ажойиб ўйинларидан баҳра оламиз, яна узоқ кутилган натижасидан ҳам!

Манба: InterFutbol
Киритилди: 18:19, 16.02.2019.
Ўқилди: 4170 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.