Кириш Регистрация

Достон Турсунов: Япония футболи, унга ишонмаган Купер, трансфери, Осиё кубоги ҳақида. (Интервью)

Баҳо:
+ | -

Достон Турсуновнинг «Ж Лига»га ўтиши кўпчилик мухлислар учун кутилмаган ҳол бўлди десак, адашмаган бўламиз. Осиё кубогидаги терма жамоамизда бирорта учрашувда майдонга тушмагани эса икки хисса қизиқиш уйғотди. Бугун шу ва бошқа қизиқ маълумотлар тўғрисида.
Саволларни бошидан бошлаймиз.

Сизнинг  трансфер протсесингиз ҳақида маълумотлар деярли берилмади. Бирданига  бўлиб кетди, гоё. Япония клуби эътиборига қандай тушдингиз?

-Аввалига,  клубим мураббийи менинг ўйинларимни Хитойдаги Осиё чемпионатида кўрган экан. Ўша турнирдан сўнг, мен билан шахсан ўзи боғланди ва унинг режаларида борлигимни айтди. Трансферим эса Осиё кубогидан аввал ҳал бўлди. Тиббий кўрикдан ўтиш учун БАА даги турнирдан сўнг учиб кетдим.Мана клубга келганимга 20 кундан ошган бўлса, жуда кўп нарсаларни ўргандим ва ўрганишда давом этяпман.

Клубдаги шароитлар қандай?

-Тан олиш керак, Япония бежиз бу қадар футболда илгарилаб кетмаган экан. Жамоа менга алоҳида уй, машина, таржимон берди.

Япония клублари билан бизнинг клублар ўртасида қандай фарқлар бор экан?

-Тўғриси, жуда ҳам катта. Бизда учрашувларда стадионлар тўлмаса, бу ерда ҳатто машғулотларни кўриш учун ҳам стадионинг ярми тўлар экан. Бунақанги мухлислар кўз ўнгида шуғулланган сари шуғуллангин келади.

Япония футболидаги легионерларга муносабат қандай?

Бу ерга келган куним менга маҳаллий футболчилардан керак бўлса, 10 баробар яхшироқ ўйнашим шарт эканлигини айтишди.

Тил борасида муаммоларга дуч келмаяпсизми?

-(Кулади) шундан қийналяпман. Клуб менга таржимон ажратган, лекин у билан доимо бирга бўлишнинг имкони йўқ. Шу сабаб қўлдан келганча тил ўрганишга ҳаракат қиляпман.

Осиё кубогидаги терма жамоамизнинг ўйинларидан сизнинг кўнглингиз тўлдими?

-(Кулади) Билмадим. Бу ҳақида мухлисларимиз фикр билдиришгани маъқул.
Купер сизни бирорта учрашувда майдонга туширмади. Бунинг сабаби нима деб ўйлайсиз?
Купер тажрибали футболчиларни майдонга туширди. Криметс, Ислом ака, Анзур акалар халқаро тажрибага эга футболчилар.

Демак, Купер сизга ишонмади?

-Йўқ! Ишонмаганида ўзи билан Осиё кубогига олиб кетмас эди.

Австралия билан ўйинда Криметснинг ўрнига сиз тушишингизни кўпчилик кутган эди?!

-Тўғриси, ўзим ҳам кутган эдим. Купер мени майдонга туширмагач, бироз ҳафа бўлиб қолдим. Ўзимни ғалати ҳис этдим. Шунда у мени олдига чақириб: Сен бу ҳимоячиларни яхшилаб кузат, хато ва ютуқларини ўрган. Менинг жамоамнинг асосий ҳимоячиси эртага ё индинга барибир сен бўласан, дея кўнглимни кўтариб қўйди. Тўғри, Осиё кубогида у менга ишонмади, лекин олдимизда турнирлар кўп. Мен бор имкониятларимни кўрсатиб унинг ишончига эришаман деб ўйлайман.

Терма жамоанинг асосий ҳимоячиси бўлиш учун сизга ҳозирча нима етишмаяпти?

-(Кулади) Сиз тўғри жавоб бермагунча қўймас экансиз. Акаларимдан фарқим легионер эмаслигимда эди. Мана шукур легионер ҳам бўлдим. Энди бу ерда бор кучим билан ишлаяпман. Машғулотларда икки хисса ҳаракат қиляпман. Умид қиламан, янги клубда орттирган халқаро тажриба орқали терма жамоанинг асосий ҳимоячисига айланаман.
Ҳар бир инсоннинг ўз олдига қўйган олий мақсади бўлади. У шундай мақсадки, унга эришгач, кўнгил бироз хотиржам тортади, шунча йиллик меҳнатининг мевасини ҳис қилгач, ўз ишидан мамнунлик ҳис қилади. Сизнинг олий мақсадингиз нима?
-Чиройли савол. Менимча ЖЧ да Ўзбекистон байроғИ остида иштирок этиш. Ўйлашимча бу нафақат менинг, балки мухлисларимизнинг ҳам орзулари бўлса, ажаб эмас.
Бир неча кун аввал Сайтимиз Ўрта Осиё кубогига ўхшаш турнинг ташаббуси билан чиққан эди. Нима деб ўйлайсиз шундай турнирларнинг фойдаси борми?
-Албатта, ўйин амалиёти футболчиларимиз учун ҳар доим керак. Айниқса, халқаро мусобақаларда ўйнамаган футболчиларни синаб олиш учун қулай имконият. Менимча, бу фақат фойда бўлади.
Сиз қайси футболчининг ўйинларини кўрганингизда завқланиб кетасиз?  Кумирингиз ким?
-Ёшлигимдан Серхио Рамос. Унинг ўйинларини кўрганимда мазза қиламан.
Саволларга тўғри ва ҳаққоний жавоб берганингиз учун раҳмат. Ишларингизга ривож тилаб қоламиз.
-Сизларга раҳмат. Ўзингизга ҳам омад тилайман.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев суҳбатлашди.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 12:11, 17.02.2019.
Ўқилди: 12373 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.