Нидерландия қироллик футбол иттифоқи «Аякс»га ёрдам беришга қарор қилди.
Амстердамликларнинг Голландия чемпионати доирасида «Зволле»га қарши 2 март куни бўлиши керак бўлган ўйини 13 мартга кўчирилди. Шу тариқа, "Аякс" "Реал"га 5 март куни бўладиган ЕЧЛ нимчорак финалнинг жавоб баҳси олдидан 3 кун эмас, бир ҳафта дам олиш имкониятига эга бўлди.
Аммо бу қарор «Зволле»га ёқмади ва жамоа Нидерландия қироллик футбол иттифоқига шикоят билан мурожаат қилди. Бироқ иттифоқ уларнинг мурожаатига рад жавобини берди.
«Аякс» эса «Зволле» мухлисларининг Амстердамга келиб-кетиш харажатларини қоплаб берадиган бўлди. Шунга қарамай, рақиб жамоа мухлислари норози бўлишди ва «Де Графсхап»га қарши ўйинда ўз норозиликларини баннер орқали изҳор қилишди: «KNVB – мафия».
Бундан ташқари, «Зволле» раҳбари Адриан Виссер ўз норозилигини маълум қилди.
«Бу чемпионат устидан кулиш ва бунга йўл қўйиб бўлмайди. KNVB мусобақадаги тартибни сақлаши лозим. Энди эса, рақиблардан фарқли ўлароқ, биз бир ҳафтада 3та ўйин ўтказишга мажбур бўламиз.
Федерация бизга мурожаат қилиб, агар «Аякс» «Реал»га қарши ўйинда ижобий натижа қайд этса, учрашувни кўчиришга рози бўлиш ёки бўлмаслигимизни сўради. «Аякс» эса биринчи баҳсда ютқазди. Агар амстердамликлар ижобий натижага эришганида ҳам биз ўйиннинг кўчирилишига рози бўлмасдик. Мен буни ўша заҳоти айтгандим.
Аммо KNVB УЕФА ва Амстердам шаҳар раҳбариятининг ижозати билан пресс-релиз эълон қилишга қарор қилди. Бу кулгили. Биз бунга йўл қўя олмаймиз», – деди Виссер.
Голландия чемпионатининг ушбу мавсумида "Аякс" 53 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа пешқадам "ПСВ"дан 4 очко ортда қолмоқда. "Зволле" эса 25 очко билан 15-поғонани банд этиб турибди. Уларни хавфли ҳудуддан атиги 1 очко ажратиб турибди.