Кеча, 24 февраль куни Осиё Олимпия Кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳ бошчилигида делегация Тошкентга келгани ҳақида хабар берган эдик.
Мартабали меҳмонлар билан икки кун давомида ўтказилган учрашувларда Ўзбекистоннинг 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун имкониятлари кўриб чиқилди.
Маҳаллий ОАВ мухбири мазкур музокаралар якунлари, нуфузли турнир мезбонлигининг қўлга киритилиши эҳтимоли ва мавзуга доир бошқа саволлар билан Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновга мурожаат қилди.
– Осиё Олимпия Кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳнинг ташрифи Ўзбекистоннинг Осиё ўйинлари мезбонлиги учун курашдаги катта қадами бўла олдими? Дастлабки музокаралар қандай кечди, кутилган ишлар бўлдими, бу ҳаракатларнинг давоми қандай бўлади?
– Аввало шуни таъкидлаб ўтишни ҳоҳлардимки, давлат раҳбари, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаларида Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратгандилар.
Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Осиё ўйинларини ўтказа олишга қодир мамлакат эканлиги ҳам алоҳида қайд этиб ўтилганди.
Кейинчалик Миллий олимпия қўмитаси бу борада амалий ишларни бошлаб юборди. Энг аввало, имкониятларимизни чамалаб кўриб, Осиё Олимпия Кенгашига 2030 йилги XXI Осиё ўйинлари мезбонлигига ариза йўлладик. Чунки 2022 йилги Осиё ўйинлари Хитойнинг Ҳанчжоу, 2026 йилги ўйинлар эса Япониянинг Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтиши аниқ бўлиб улгурганди. Шу боисдан биз 2030 йилги мусобақани қабул қилиш бўйича Осиё Олимпия Кенгашига ариза йўлладик.
Биздан ташқари мазкур мусобақа мезбонлиги учун Ҳиндистон, Қатар ва Филиппин мамлакатлари кураш олиб боради. Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ас-Сабоҳнинг Ўзбекистонга ташрифи анча самарали ўтди, десак нотўғри бўлмайди.
Осиё Олимпия Кенгаши раҳбари билан бўлиб ўтган учрашув давомида 2030 йилги Осиё ўйинларини Ўзбекистоннинг Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳарларида ўтказиш имкониятларини муҳокама қилдик.
Шунингдек, йирик комплекс мусобақа учун янги спорт иншоотлари ва Олимпия шаҳарчасини қуриш, логистика, қулай транспорт маршрути, юқори савиядаги тадбирларни ташкил қила олиш механизми, ўйинлар трансляцияси ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистонга ташрифи давомида шайх Ас-Сабоҳга ҳамроҳлик қилган Халқаро Кураш Ассоциацияси президенти, ООК Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон билан учрашувда эса миллий спортимиз курашнинг келажагига оид муҳим келишувга эришилди.
Хабарингиз бор, 2018 йилги Осиё ўйинларида илк маротаба мусобақа дастуридан ўрин олган кураш бўйича 7 вазн тоифасида (эркаклар 4та, аёллар 3та) беллашувлар ўтказилган.
Мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган 14 спортчидан 12 нафари медалларга сазовор бўлганди. Бугунги учрашув якунларига кўра, 2022 йилги Осиё ўйинларидан бошлаб кураш бўйича баҳслар 15 вазн тоифасида (эркаклар 7та, аёллар 8та) ташкил этилишига келишиб олинди.
Шунингдек, эркаклар ва аёллар ўртасида жамоавий беллашувлар ҳам ўйинлар дастуридан ўрин олади. Шу тариқа, миллий спортимиз нуфузи Осиё ўйинларида янада кўтарилади ва кураш беллашувларида умумий ҳисобда 17 та медаллар жамланмаси ўйналади. Буни ўзбек миллий спортининг улкан ютуғи деб биламан.
– Ўзбекистон 2030 йилги турнир мезбонлиги учун даъвогарлик қиладиган бўлса, рақобатчиларни – Қатар, Ҳиндистон ва Филиппинни қандай омиллар эвазига ортда қолдириши мумкин? Ас-Сабоҳнинг дастлабки таассуротлари ва хулосалари қандай бўлди?
– Жаноб Сабоҳ учрашув чоғида Ўзбекистон мазкур ўйинларни қабул қилиш бўйича яхшигина устунликларга эга эканлигини айтиб ўтди. Гап шундаки, мусобақа мезбонлигига даъвогарлик қилаётган тўрт мамлакат ичида фақатгина Ўзбекистонда Осиё ўйинлари ўтказилмаган. У киши суҳбатда мазкур жиҳат мусобақа географиясини оширишга хизмат қилиши ва ушбу курашда Ўзбекистоннинг имкониятларини яхшигина оширишини айтди.
Шунингдек, Ас-Сабоҳ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, спортга қаратилаётган эътибор бу борада муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтди. Мусобақани қабул қила олсак, бу энг аввало Ўзбекистоннинг халқаро имижини юксалтиради.
Бу нафақат спорт ривожига, балки туризм соҳасининг тараққиётига ҳам ўзининг катта ҳиссасини қўшади. Мусобақалар вақтида Ўзбекистонга 10 мингдан зиёд спортчи ва мураббийлар, сайёҳлар келади. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, бу орқали Ўзбекистонда сайёҳлик индустрияси ҳам яхшигина ривожланади.
– Агар Ўзбекистон илк бор шундай халқаро турнир мезбонлиги учун курашса, керакли инфратузилмани, стадионларни ва меҳмонхоналарни тайёрлаш ҳаракатларини бошлаш керак бўлади. Бу борада қандай ишлар режалаштирилмоқда?
– Айни пайтда ўйинларни қабул қилиш бўйича тақдимот режаси ишлаб чиқилган. Бунда нафақат спорт иншоотлари, балки йирик Олимпия стадионини ҳам қуриш лозим бўлади. Бундан ташқари, режага кўра, Ўзбекистонда замонавий чим устида хоккей аренаси ҳам қад ростлайди.
Ҳукумат томонидан спортга жиддий эътибор қаратилмоқда. Муҳтарам юртбошимиз ҳам бу борада бизни қўллаб-қувватламоқдалар. Умид қиламанки, бу борада ҳукуматимиз ўз ёрдамини аямайди. Чунки бу орқали нафақат спортимиз, балки қайд этиб ўтганимдек, мамлакатимиз имижи ҳам юксалади.
– Осиё ўйинлари учун икки шаҳар – Тошкент ва Самарқанд номзоди кўрсатилишини назарда тутган ҳолда яна қандай ишлар амалга оширилиши керак бўлади?
– Ўйинларни ўтказиш учун бежизга Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари танлангани йўқ. Ҳар икки шаҳарда ҳам сайёҳлик имкониятлари юқори. Асосий спорт турлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Самарқандда эса асосан сув спорти турлари, эшкак эшиш бўйича беллашувлар ташкил этилади.
Кўҳна Самарқанд шаҳрини бутун дунёда билишади. Қолаверса, у ерда етарли даражада спорт инфратузилмаси мавжуд. Яъни Самарқандда эшкак эшиш бўйича канал бор. Биз мазкур канални тубдан модернизация қилишимиз керак бўлади ва бу борада ҳукумат кўмагига муҳтожмиз.
Биз Осиё ўйинлари вақтида бундай иншоотдан самарали фойдаланамиз. Умуман, ҳозирга қадар қайси спорт турлари қайси иншоотларда ўтказилиши бўйича режа ишлаб чиқиб бўлинган.
Ўйинларни ўтказиш учун Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан ташқари, Тошкент вилоятидаги бир неча объектлар жалб қилинади.
Маълумот ўрнида, 2018 йилги Осиё ўйинлари Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтди.