"Пахтакор" бош мураббийи "Ал Аҳли" билан ўйиндан кейин матбуот анжуманида баҳс ҳақида фикрларини билдирди.
- Жамоамиз бутун ўзбек халқининг жамоаси. Биз ҳозир амалга ошириш керак бўлган ишларни қиляпмиз. Бундан ҳам кўпроғини уддалашни истаймиз. Гуруҳимиз қийин, барча жамоалар кучли. Мухлислар, футболчилар ишончга эга. Ўйиндан аввал ўйинчиларда ишончни кўрдим. Буни майдонга кўчириш керак эди. Ғалаба учун ўйнадик ва буни уддалай олдик. Бизда вазиятлар кўпроқ бўлди. Мавсумни Чемпионлар Лигасида тўрт учрашув билан бошладик. Биз яхши ҳолатга кириб боряпмиз.
Биз ўтган йили ҳам яхши ўйнагандик, клуб сифатида ўсгандик. Бу йил омад ҳам биз билан бўлмоқда. Ўтган йили Қатарда пенальтидан гол ўтказгандик, бу йил эса Дубайда ура олишмади. Йигитлар ўсиб боришмоқда. Улар яқиндагина терма жамоада Японияга қарши тенг ўйнашди, жаҳон чемпионатида ўйнаган футболчилардан иборат клубга қарши Эронда тенг ўйнадик. Биз ҳам шундай қила оламиз. Олдинга ҳаракатланиш лозим.
Келаси ўйинда бошқача ўйнармиз. Футболда ҳамиша келаси сафар энг муҳими. Вазиятлардан фойдалана олмадик, аммо келгуси гал ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин.
Биринчи учрашувда рақиб фаолроқ ўйнаганди, эронликлар кескинроқ ҳаракат қилишганди. Уларнинг услуби бошқачароқ. Мухлислардан ҳам билса бўлади. Эронда юз минггача мухлис келади.
Йигитлар яхши ўйнашди. Тўпни назорат қилдик, вазиятлар яратдик. Захирани кеч қилмадим, биз яхши ҳаракатландик, алмаштириш ўйинни бузиб қўйиш мумкин эди.