Кириш Регистрация

Бекхэм шарафига ҳайкал!

Баҳо:
+ | -

Манчестер эмас, узоқ Лос-Анжелесда англиялик Дэвид Бекхэм ҳайкали қад ростлади. 2 март куни «Лос-Анжелес Гэлэкси» клуби уй стадиони яқинидаги «Афсоналар майдони»да Бекс шарафига алоҳида обида ўрнатилди. Айтиш жоиз, муайян клубнинг собиқ футболчисини ҳайкал воситасида улуғлаши MLS тарихида илк марта кузатилди. Очилиш маросими АҚШ футболининг янги мавсуми стартига тўғриланди, шунинг учун жуда кўп мухлис йиғилди. Улар Бексга ҳурмат тариқасида махсус лента ушлаб туришди.

 Forbes журналининг маълумоти бўйича айтсак, Дэвид Бекхэм Лос-Анжелесдаги тўлиқсиз 5 йил давомида умумий ҳисобда чамаси 255 млн. доллар топган.

Тадбирда табиийки, Дэвид Бекхэмнинг ўзи ҳам қатнашди. Шунингдек, MLS комиссионери Дон Гарбер, «Гэлэкси»нинг собиқ бош мураббийи Брюс Арена ва Бекс билан бирга ўйнаган кўплаб футболчилар ҳам ҳозир бўлишди. Хусусан, ирландиялик Робби Кин тадбирда сўз олиб, тўпланганларга қарата бироз ҳазиллашди: «Умид қиламанки, кейинги сафар сизларни бу ерда ўз ҳайкалим премьерасида кўраман».  Нафақат Лос-Анжелес, балки бутун Америка спортининг яна бир тирик афсонаси - баскетболчи Кобе Брайант эса видеомурожаат йўллади: «Бекхэм билан илк марта учрашганимда, унинг нақадар ажойиб йигит эканлигидан ҳайратда қолгандим. Одамлар айнан шу каби ўйинчилар таъсирида футболга кўнгил қўядилар. Шунчаки, қойилмамоқ ва оилапарвар инсон. Бекснинг Америка спортига ижобий таъсирини тил билан ифодалаб бериш жуда мушкул».

Дэвиднинг ўзи очилиш тантаналарида маҳаллий мухлисларни ғурурлантиришга уринди: «Лос-Анжелесга энди кўчиб ўтганимда, кўпчилик бу шаҳарни орзуларни рўёбга чиқарадиган жой сифатида таърифлаганди. Лос-Анжелес, бугун менинг орзум амалга ошди». Тадбирдан кейин эса Бекс шундай кунда фарзандлари ёнида туришмагани алам қилганини таъкидлади: «Афсуски, улар бу ерга келолмадилар, негаки, мактабга боришлари муҳимроқ саналади. Лекин бир куни келиб, оталари қандай ишларни амалга оширганини кўришади, албатта. Ишончим комил, ўғилларим ҳам, қизим ҳам ушбу ҳайкал билан алоҳида ғурурланишади».

Бекхэмга аталган ҳайкални Жули ва Омри Амрани яратишди. Баскетбол афсонаси Карим Абдулжаббор шарафига «Стэплс Сентер»да ўрнатилган обида ҳам айнан шу икки ҳайкалтарош томонидан тайёрланган эди. Бекснинг нусхаси учун ўзига хос позиция танланган: Дэвиднинг ўнг оёқ билан зарба бераётган ҳолати. Вақтида британиялик режиссёр Гуриндер Чадху айни шу машҳур зарбадан илҳомланиб, «Бекхэм каби ўйна» фильмини суратга олганди - ёш Кира Найтлини бир эсланг... Лос-Анжелес воқеалари тафсилотига қайтсак, айни шу куни Бекхэм тасвири туширилган улкан фреска (деворий сурат) ҳам намойиш этилди. Рассом Марк Пол Дерен англиялик юлдузни қутқарув армиясининг жамоат маркази ҳудуди фонида тасвирлади. Дарвоқе, «Гэлэкси» Дэвид ҳайкалини ғалаба билан «ювди». Диққатга сазовор томони, «Чикаго Файр»га қарши кечган ва 2:1 ҳисобида якунланган ўйинда ғалаба голи еврофутболнинг яна бир юлдузи Златан Ибрагимович номига ёзилди.

Эслатиб ўтамиз, Дэвид 2007-2012 йиллар оралиғида айнан «Лос-Анжелес Гэлэкси» шарафини ҳимоя қилган. Асосий факт - у MLSда умумий маош чекловига амал қилмаслик имконини берувчи қоида бўйича шартнома тузган илк футболчи бўлганди. Кейинчалик ушбу янгилик «Бекхэм қоидаси» номини олди. Рақамлар асосида айтсак, Бекс «Гэлэкси» билан бирданига 5 йилга мўлжалланган битимни расмийлаштирган ва унга мувофиқ, мислсиз даражада моддий манфаат кўрди. Тўғри, «Лос-Анжелес Гэлэкси» сафига мавсум-2007 ярмида қўшилган инглиз футболчиси кўп ўтмай жароҳатга йўлиқди ва шу туфайли дебюти унча ўхшамади: MLS доирасида атиги 5та ўйин ва 2та самарали узатма. Қолаверса, Лос-анжелесликлар биринчиликнинг «плей-офф» босқичидан четда қолишди. Мавсум-2008да эса маҳаллий фанатлар Дэвиднинг барқарор ўйинидан баҳра олишди: у жами 30та учрашувдан 25тасида иштирок этиб, 5та гол урди, аммо «Гэлэкси» яна мақсадга эришолмади. Атиги 8та ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган клуб кетма-кет 3-марта «плей-офф» раундига чиқолмади. Йил якунида кўпчилик кутмаган воқеа юз берди - Бекхэм ижара келишуви асосида Европага қайтиб, «Милан» либосини кийди. Америкада кўпчилик инглиз юлдузининг кетишига жиддий эътироз билдирганди. Чунончи, «Лос-Анжелес» айни шу келишув ортидан MLSда ярим мавсум ўзининг бош юлдузисиз ўйнади ва роса қийналди. Хусусан, «Гэлэкси» сардори Лэндон Донован ўта кескин фикр билдирганди: «Афсуски, Бекхэмни яхши жамоадош сифатида мақтай олмайман. Ҳозир бошқа йигитлар учун гапиришим ножоиз, бироқ клуб ишлари Дэвидни заррача ташвишлантирмаслиги шундоқ кўриниб турибди». Асосийси,  Бекс қайтиши ҳамоно барча-барчани тинчлантирди: «Йўқ, мен ҳақимда янграган фикрлар ҳақида гапиришни истамайман. Бу Лэндон ва мураббий билан орамизда қолади. Асосийси, ҳаммаси тугади ва энди фақат олдинга қараб ҳаракатланишимиз шарт. Лэндон - кучли ва муносиб сардор. У ҳамиша барчага ибрат бўлади. Дейлик, фаол ўйини билан йигитларни олға бошлайди».

 Ҳа, Бекхэмнинг Европага қайтиши мухлисларга ҳам сира ёқмаганди. Улар ўзларини таҳқирлангандек ҳис қилишдими, ҳар ҳолда, ўйинлар вақтида Дэвидни ҳақоратлар билан «сийлашди». Дейлик, трибуналарга турли баннерлар осишди, уларда футболчига «сотқин», «фирибгар» каби ёрлиқларни ёпиштиришди. Лекин вақт ўтиши билан мухлислар ҳам ўз-ўзидан тинчланишди. Чунончи, «Гэлэкси» омадли мавсум ўтказди ва Бекхэм қайтишидан кейин жамоа ўз конференцияси турнир жадвалида 1-ўринга ҳам кўтарилди. «Плей-офф» раундида эса, «Лос-Анжелес»га бирозгина омад етишмади: финалгача зўр ўйнаган жамоа ҳал қилувчи баҳсни пенальтилар серияси натижасига кўра, бой берди. Ўшанда Бекс пенальтидан унумли фойдаланган бўлса, Донован гол уролмаганди. Инглиз юлдузи шундан кейин яна «Милан»га чоғланди, яна ижара келишуви. Бинобарин, у жаҳон чемпионатига имкон қадар яхшироқ тайёргарлик кўришни истаганди. Бироқ Англия миллий жамоаси фахрийсига ЖАР майдонларида ўйнаш насиб этгани йўқ. Март ойида жиддий жароҳатга йўлиққан Бекс нақ сентябргача даволанди. Шунга қарамай, «Гэлэкси»нинг ишлари жойида бўлди - жамоа конференция миқёсида яна 1-ўринни эгаллаб, мунтазам чемпионат ғолибига айланди. Бироқ «плей-офф»даги уриниши ўхшамади, фарқи шуки, анжелесликлар бу сафар ярим финалдаёқ курашдан чекинишди. Дэвид жамоаси «Даллас»дан устун келиш йўлини тополмаганди. Еврофутбол юлдузи кейинги 2 йилдагина бор эътиборини «Лос-Анжелес»га қаратди. Тўғри, 2011 йили унинг кўнгли яна ижара сафарини тусаганди, фақат «Тоттенхэм» либосини эгнига ололмади. Зеро, америкаликлар бу сафар уни қўйиб юборишни исташмади. Бу жуда тўғри қарор эди: «Гэлэкси» ўша мавсум ниҳоят чемпионлик рутбасига эришди ва кейинги йили бу муваффақиятини яна такрорлади. Қолаверса, 2011 йилги «плей-офф» баҳсларида айнан Бекхэм бош ролни бажариб, 3та голга ҳаммуаллифлик қилди. Инглиз юлдузи мавсум-2012да ҳам чакки кўринмади: мунтазам чемпионатда 7та гол. Диққатга сазовор жиҳати, шулардан 4таси ҳафтанинг энг чиройли голи сифатида эътироф этилди.

Манба: InterFutbol
Киритилди: 13:50, 17.03.2019.
Ўқилди: 1819 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.