Бир жамоада тўп сурсада душманлиги билан ном қозонган футболчилар билан танишинг
Йенс Леманн ва Оливер Кан
Германия терма жамоасининг асосий дарвозабонлиги учун кечган курашда посбонлар очиқчасига жанжаллашиб қолишади ва алоқалар ўта ёмонлашади. 2002-йилдаги Мундиалда асосий дарвозабон сифатида иштирок этган Оливер Кан ҳақида Леманн шундай дейди : «Мен 3 та нарсани ёмон кўраман. Машинада тирбандликда қолиб кетишни, заҳирада ўтиришни ва Оливер Канни». Унинг бу фикрлари ОАВ томонидан катта шов-шув билан қабул қилинади. Кейинчалик, Кан ҳам футболчининг шаънига «илиқ» фикрлар билидиради. Шунга қарамасдан, 2006-йилда дарвозабонларнинг алоқалари яхшилангандек кўринади, аммо улар ҳозиргача умуман алоқа қилишмайди.
Шерингем ва Коул
Ўз вақтида «Манчестер Юнайтед» шарафини ҳимоя қилган футболчилар деярли 20 йилдан бери бир-бирлари ҳақида негатив фикрда эканлигини яшириб ўтиришмайди. Бундай жанжалнинг сабаби дея инглиз нашрлари футболчилар ўртасида ирқ масаласида бўлиб ўтган жанжални важ қилиб кўрсатишса, бошқа манбалар асосий таркибдаги жой учун бўлган келишмовчиликни асосий сабаб дея қайд этадилар. Яқиндагина шоу дастурларнинг бирида меҳмон бўлган Энди Колга айнан шу масала юзасидан савол берилганида : “Мен у билан чой ичгандан кўра, 1996-йилда оёғимни синдирган «Ливерпуль» ҳимоячиси билан суҳбатлашиб ўтиришни афзал кўрман”, - дея очиқчасига баёнот берди. Теди эса, унинг фикрлари ҳам, ўзи ҳам уни ҳеч қачон қизиқтирмаслигини такрорлайди ва уни ёлғончиликда айблашдан ҳалигача чарчамайди. «Қизил иблислар»нинг икки афсонавий футболчилари ўртасидаги низо бартараф этилмайдигандек кўринмоқда…
Роберт Левандовский ва Якуб Блашиковский
Бу футболчилар Германияга бир вақтда келишган, Евро футболга илк қадамларини «Боруссия Дортмунд» сафида қўйишган бўлсада, деярли алоқа қилишмайди. Бунга футболчиларнинг икки хил партия аъзоси эканлигини сабаб қилиб кўрсатишсада, бу адоват тагида бошқа биз билмаган сирлар етарлича топилади.
2013-йилда уйланган Роберт Левандовскийнинг ҳашаматли тўйида Блашиковскийга жой топилмайди. Орадан бир йил ўтиб Роберт агар терма жамоа сардорлиги «Куба»дан унга олиб берилмаса, ортиқ Полша шарафини ҳимоя қилмаслигини очиқчасига эълон қилади. Бу эса Якубнинг баттар жаҳлини чиқаради ва мухлисларнинг қаршилигига қарамасдан терма жамоа сардорлик боғичини Робертга топширади. Куба Левандовскийнинг очиқчасига душманлик қилишининг сабабини ҳозиргача сир сақлаб келмоқда. Балки бунга унда асосли сабаб бордир? Балки Куба ватандошининг сирларини фош қилгиси келмагандир? Яна ким билади дейсиз?
Рафаэл ван Дер Варт ва Златан Ибраҳимович
Аср бошида «Аякс» клуби сафида тўп сурган футболчилар ўртасидаги жанжал Швеция ва Голландия терма жамоалари ўртасидаги учрашувдан бошланган эди. Ўша ўйинда Златан Рафаэлнинг оёқларини синдирган, кейинчалик буни тасодиф деб атаган эди. Рафа эса, буни очиқчасига душманликка йўйди ва ОАВ орқали Ибранинг қилган ишини қоралай бошлади. Оқибатда, Златан: «Бундай болакай сардорлик қиладиган клубда тўп сурмаяман», - деганча «Ювентус» сафига ўтиб кетади. Орадан бир неча йиллар ўтгач, ўз интервьюларидан бирида Златан : «Агар Рафа мени яна шундай ноўрин айбласа бор-ми, бу сафар атайин иккала оёғини ҳам синдираман»,- деган эди. Шу машмаша сабабли «Аякс» Ибрани сотиб юборган, Рафаэл эса узоқ муддатга сафдан чиққан, кейинчалик ўз формасини тиклагунича «Реал Мадрид» сафига ўтиб кетган эди.