2016 йилнинг июнида Аргентина пойтахтида Лионель Месси шарафига ҳайкал барпо этилди. Бронзадан ясалган ижод намунаси футболчининг ҳақиқий гавдасидан бироз каттароқ бўлиб чиқди.
Мазкур ҳайкал Буэнос-Айресдаги соҳил бўйида қад ростлаган, у ерда бошқа аргентиналик спортчиларнинг ҳам сиймоларини кўриш мумкин: теннисчи Гильермо Вилас, баскетболчи Эмануэль Жинобили, гольфчи Роберто де Виченцо, регбичи Уго Порта, сузувчи Хосе Меоланс ва бошқалар.
Мессининг ҳайкали ҳам бошқалари билан бир хил ранг ва услубда тайёрланган.
Ушбу ҳайкалнинг очилиш маросимида Буэнос-Айрес раҳбари Леонинг термадаги фаолиятини давом эттиришидан умидвор эканини таъкидлади. Мазкур тадбирдан бир кун аввал аргентиналик юлдуз миллий жамоадан кетишини билдириб, жумладан шундай деганди:
«Ўйлашимча, бу ҳамма учун яхши бўлади - биринчи навбатда мен учун, шунингдек, кетишимни хоҳлаганлар учун». Бунга шаҳар раҳбари Родригес Ларрета ҳайкалнинг очилиш маросимида қуйидагича жавоб берди:
«Ишончим комилки, барчамиз бирлашиб, ундан термадаги фаолиятини якунламасликни сўрасак, у қайтади ва бир кун келиб, айнан шу ҳайкал олдида Аргентина жамоасининг ютуғини бирга нишонлаймиз».
2016 йили Америка кубогидаги мағлубиятдан сўнг Мессини танқидларга кўмиб ташлашди. Аргентина термаси финалгача етиб бориб, пенальтилар сериясида чилиликларга имкониятни бой берганди. «Барселона» ҳужумчиси турнир давомида бир неча марта ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган, бироқ ҳал қилувчи баҳсда 11 метрли жарима зарбасини йўллашда адашган, тўп дарвоза юқорисидан ўтиб кетганди.
2017 йилнинг январида Мессининг ҳайкалига нисбатан ҳурматсизлик қилишди. Номаълум шахслар ҳайкалнинг юқори қисмини бузиб, фақат оёқ ва тўпни қолдиришди. Шаҳар маъмурияти ҳайкални қайта тиклади, айбдорлар эса топилмади.
2017 йил декабрида ҳайкал яна камситилди. Бу сафар ижод намунаси бутунлай бузиб юборилди, ундан фақатгина товон қисми қолди, холос. Гавда бўлаги эса ерда ётарди.
Энг ажабланарлиси, ҳайкал бузилиши билан боғлиқ иккинчи воқеа Месси ўз голлари туфайли Аргентина термасини ЖЧ-2018га олиб чиққанидан бир неча кун ўтиб содир бўлганди. Ҳал қилувчи ўйинда Лео «хет-трик» қайд этиб, жамоасининг Эквадор термаси устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишини таъминлаганди.
Буэнос-Айресда Мессининг бошқа ҳайкаллари ҳам бор. Масалан, шаҳар ўртасидаги қаҳвахона ёнида. Мазкур ҳайкални кечки пайт олиб қўйишади. Шу тариқа унинг ўғирлаб кетилиши ёки бузиб юборилишининг олди олинади.
Аргентинадаги Фамаилья деб номланувчи кичик қишлоқда ҳам Мессига ҳайкал ўрнатишди. Мазкур ижод намунаси ўхшовсизлиги туфайли ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришди. Ҳайкалдаги юз ифодаси Леога унчалик ўхшамайди, тўп эса негадир унинг ўнг оёғида жойлашган, буни кўпчилик дарҳол пайқаганди.
Месси ўзининг сўнгги туғилган кунини Москва областидаги Бронница шаҳрида нишонлади. 2018 йилнинг 24 июнь куни Аргентина термаси нигерияликларга қарши ўйинга тайёргарлик кўраётганди (йўл-йўл мовий ранг либосдаги футболчиларнинг ЖЧ-2018даги ягона ғалабаси шу учрашувда қайд этилганди).
Бронница шаҳри раҳбарлари ушбу воқеа муносабати билан яна бир ширин ҳайкал тайёрлашга қарор қилишди - Месси шарафига пиширилган улкан тортнинг оғирлиги 150 килограмм эди. Ушбу ширинликнинг барча қисми истеъмолга яроқли эди, аммо болакайларга фақат тортнинг асоси тарқатилди.
Ташкилотчиларнинг фикрича, Мессининг ҳайкалини ейиш ғоявий жиҳатдан нотўғри бўларди. Ҳужумчининг ўзи ушбу маросимга ташриф буюрмади, қарама-қарши томонда жойлашган соҳил бўйидаги базада қолишни афзал билди.