Жорий йил Суперлига жамоалари янги мавсум арафасида таркибларини бир қатор хорижлик футболчилар билан тўлдириб олишди.
Соддароқ айтганда, кетган легионерлар ўрнини бошқалари эгаллади. Янгилар билдирилган ишончни қай даражада оқлашади, буни якунда билиб оламиз. Ўтган мавсум «Қизилқум» шарафини ҳимоя қилган сербиялик ҳужумчи Неманья Йованович ўзбек футболи мухлисларига бегона эмас.
Зеро, у Суперлиганинг бошқа жамоаларида ҳам тўп суришга улгурган. Биз яқинда иқтидорли форвард билан боғланиб, интервью олдик.
- Неманья, футбол сиз учун нима?
- Ҳаётим мазмуни, усиз ҳеч бир онимни тасаввур қилолмайман. Ҳаётимдаги икки энг муҳими нарсадан бири. Мен учун оилам ва футбол биринчи ўринда туради. Футболдаги эҳтиросни, эмоцияни, завқ-иштиёқни бошқа спорт тури беролмайди. Миллионлар ўйини таърифини бир ёки икки соатда тугатиб бўлмайди.
- Сизнингча, яхши футболчи бўлиш осонми?
- Жуда мураккаб, бунинг учун катта меҳнат ва масъулият даркор. Нафақат футбол, балки бошқа спорт турларида ҳам осонликча бирор нарсага эришиб бўлмайди. Шу касбни танладингми, шунинг орқасидан нон еяпсанми, демак унинг ҳар бир тўсиқларига бардош бера олишинг керак. Зарур бўлса, у учун жонингни хатарга ҳам қўясан. Чунки буни ўзинг танлагансан. Ўйинда ижобий натижа қайд этиш учун, машғулотларда охирги куч қолгунича ишлаш лозим. Шундагина кўзланган мақсадга етиш мумкин.
- Футболга кириб келишингиз қандай бўлган: одатдагидек, кўча футболиданми ёки махсус футбол мактабида таҳсил олганмисиз?
- Ўзим спортчилар оиласида туғилганман. Отам футболчи бўлган, Сербиянинг маҳаллий жамоаларидан бирида ўйнарди, мени доим ёнида олиб юрарди. Машғулотлар жараёни, ўйинларни бевосита стадиондан кузатардим. Онам гандбол устаси эди. Қисқаси, оилавий муҳит таъсирида футбол оламига кириб келдим.
- Дастлабки жамоангиз қайси бўлган?
- Машҳур «Црвена Звезда» катта футболдаги илк клубим саналади. У ерда танилгач, «Железник» жамоаси мени ўз сафига қўшиб олди. Тан оламан, бу ерда ўзимни яхши ҳис қилардим. Кейинги фаолиятим Руминия билан боғлиқ. У ерда ҳам кўпгина жамоаларда ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим.
- Маълум муддат Қозоғистонда ҳам тўп сурдингиз...
- Ҳа, Ўзбекистонга келишимдан аввал Қозоғистонда фаолият юритдим. «Тобол»да ўйнаётган вақтимда Норвегиядан таклиф келиб тушди, аммо ўзга юртда қийналганим рост.
- Сизни «Олмалиқ» (ҳозирги
АГМК)га Игорь Шквирин чақирганми ёки бу иш агентлар орқали амалга ошганми?
- «Олмалиқ» бутун умр қалбимда қолади. Одатда, футболчилар бу иборани кўп таъкидлашади, аммо мен буни фақат ушбу жамоага нисбатан қўллайман. Клубга мослашишим жуда осон бўлган, бунда Шквириннинг ўрни бўлакча. У мен билан доим илиқ муносабатда бўларди, алоқамиз яхши эди. Игорь Анатольевичнинг энг устун жиҳати самимийлигида деб биламан. Кўплаб дўстлар орттирдим, мухлислар эътиборига тушдим. Албатта, бундан жуда хурсандман.
- Шквирин ўз вақтида Ўзбекистоннинг энг яхши ҳужумчиси, голеадори бўлганини инобатга олсак, у жамоада форвардлар билан алоҳида иш олиб борармиди?
- У биз билан кўп мулоқотда бўларди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ақл билан иш тутиш кераклигини кўп гапирарди. Уни астойдил тинглардим. Шквирин юртингиз тарихидаги энг яхши ҳужумчи ҳисобланади.
- Олмалиқни нима сабабдан тарк этгансиз, клуб билан муаммоли вазиятлар юзага келганмиди?
- Йўқ. Шунчаки, шартномани узайтирмадим. Қолишим ҳам мумкин эди. Менга ҳеч қандай эътирозлар бўлмади. Чунки клубда тўпурарлардан бири эдим. Шунинг учун дўстона хайрлашдик. Футболда шундай ҳолатлар ҳам учраб туради.
- Водийда ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?
- У ерда миллионлар ўйинига эътибор кучли. Стадионларда ҳар ўйинда аншлаглар кузатилади. Айниқса, «Навбаҳор» мухлислари сафарда ҳам ёлғизлатиб қўйишмайди. Улар ҳақиқий фидойилар.
- Наманган жамоасида аксар ҳолатларда ҳужумчи ортида ўйнардингиз...
- Тажрибам, ўйин амалиётимдан келиб чиқиб, мураббий ярим ҳимояга қўярди. Бу мен учун янгилик эмас. Вазифам рақиб ҳужумини бузиб, янги ҳужумни бошлашдан иборат эди. Лекин барибир, ўзимга соф ҳужумчи сифатида ўйнаш ёқади.
- «Навбаҳор»да ўйнаб юрган кезларингизда Тошкент жамоалари сизга жиддий таклиф билан чиққани ростми?
- Менга ягона жиддий чорлов 2017 йили «Пахтакор»дан бўлганди. Бу клуб бутун мавсум давомида мени қўлга киритиш пайида юрганди. Шундан бошқа бирор жамоадан таклифлар тушгани йўқ.
- Миржалол Қосимов «Бунёдкор»га қайтганда сизни ўз жамоасида кўрмоқчи бўлган экан...
- Йўқ. Бу шунчаки миш-миш. Эҳтимол, қандайдир гап-сўзлар бўлгандир, аммо шахсан менга жиддий мурожаат билан чиқишмаган.
- «Қизилқум»дан кетаётганингизда, ортга бир бор назар солдингизми, агар Ўзбекистондан таклифлар бўлса, қабул қиласизми?
- Албатта, ўзига яраша хулосалар чиқардим. Ўзбек футболидаги фаолият ўсишимга туртки бўлди. Албатта, таклифлар тушса, ўйлаб кўраман.