Coca Cola Суперлигасининг 11-тури доирасидан жой олган “Локомотив” — “Сурхон” ҳамда “Бухоро” — “Пахтакор” учрашувлари режа бўйича 14 июнь куни бўлиб ўтиши керак эди. Мазкур ўйинлар санаси ўзгартирилди. Эндиликда “Локомотив” иштирокидаги беллашув 15 июнь санасида, “Пахтакор”нинг Бухородаги ўйини эса 16 июнда ўтказилади.
Боиси, “Локомотив” ва “Пахтакор” клублари миллий терма жамоага уч ва ундан ортиқ футболчи бераётган жамоалар ҳисобланади. Ўзбекистон миллий термасининг ЖЧ-2022 саралаш ўйинларига пухта ҳозирлик кўриши учун ЎФА июнь ойидаги ФИФА кунларига икки эмас, уч ўртоқлик ўйини тайин қилди: 2 июнь — Туркия, 7 июнь — КХДР, 11 июнь — Сурия. Табиийки, мазкур ўйинлар ҳамда улардан кейинги тикланиш учун футболчиларга вақт керак бўлади. Шундан келиб чиқиб, ўйинлар санаси ўзгартирди.
Тақвим тузиб чиқилган бир вақтда “Локомотив” ва “Пахтакор” иштирокидаги ўйинлар алоҳида инобатга олинган бўлиб, ЎзПФЛ бу клубларнинг Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтишига умид билдирганди. Яъни, 17-18-19 июнь кунлари ОЧЛ ўйинлари бор экани инобатга олиниб, пойтахт етакчилари иштирокидаги ўйинлар 14 июнга тайин қилинганди. Шунингдек, ЎзПФЛ миллий терма жамоанинг уч учрашувда майдонга тушишини режалаштирмаганди. Клубларимизнинг халқаро ўйинлардан узилганликлари инобатга олинса, юқоридаги ўзгаришлар уларнинг режаларига таъсир кўрсатмайди, аксинча, терма футболчиларининг тикланиб олишлари учун имкон берилган бўлади.
Маълумот учун, “Локомотив” 11-турни ўз майдонида ўтказади. Миллий терма ўйинлари ҳам Тошкентда экани инобатга олиниб, учрашув 1 кун кейинги сурилди. “Пахтакор” эса Бухорога ташриф буюради, шундан келиб чиқиб, ўйин икки кун кейинга қолдирилди. Бу ерда, шунингдек, Суперлига беллашувларини трансляция қилувчи “Спорт” телеканали таклифи ҳам инобатга олиниши керак. Яъни, Навоий ва Бухородаги учрашувларнинг бир кунга тўғри келиб қолмаслиги трансляция масаласида муҳим фактор ҳисобланади.