Нима деб ўйлайсиз, навбатдаги «Олтин тўп»ни ўз соҳибига топшириш вақти келганида 2019 йил якуни бўйича Лионель Мессини ортда қолдира оладиган иқтидор эгаси топилармикан?
«Барселона» ўта бемаъни ва шармандали тарзда ЕЧЛ турниридан четда қолган паллада дунёнинг энг яхши футболчиси учун аталган совринга каталонияликлар сардоридан муносиброқ номзодни биласизми? Бироқ ҳозир гап футболчининг индивидуал маҳоратига бериладиган мукофот ҳақида кетмоқда. Лео эса бу борада тенгсиз, ҳатто Мбаппе ҳам баҳслашиш ноўрин деб ҳисобламоқда.
«Барселона» қироли Ла Лиганинг темир тахтига виқор билан жойлашиб олди. 38 саҳнали сериалнинг бундай интиҳоси «блаугранас»га ёқиб тушгани аниқ. Испан футболидаги тахт талашуви узоқ йилларга чўзилди. Аммо Роналду кетгач, унинг ягона рақобатчисига муносиб қаршилик кўрсата оладиган футболчи бутун бир Ла Лигада йўқ эканлиги маълум бўлди. Дарвоқе, лига якунларини ўрганиш жараёнида чемпионнинг муаммолари ҳам бўй кўрсата бошлади. Нафақат «Ливерпул»дан қабул қилинган 0:4 ҳисобидаги шармандалик, балки «Ювентус» ва «Рома»га қарши беллашувлардаги аламли мағлубиятлар ҳам «Барса»дан ёзги трансферда фаолликни талаб этади. Охирги чемпионлик унвони эса турнирдаги қулай вазият ҳамда бир футболчининг самарали ҳаракатлари эвазига қўлга киритилди.
Яъни, асосий таъқибчи ҳисобланган «Реал» мавсумни 18та, жумладан, Ла Лигада 12та мағлубият билан якунлаб, 68 очко билан кифояланди. «Атлетико»нинг уринишлари ҳам самара бермади, Симеоне шогирдлари ғолибдан 11 очкога ортда қолиб кетишди. Ана шу сусткашлик пешқадамга хотиржамлик билан тўп суриш имконини берди, жамоа 27 очко йўқотган ҳолда шоҳсупага кўтарилди. Камтарона 87 очко бундан аввал қачон чемпионликни таъминлай олганини биласизми? 2009 йилда. Ўшанда «Барселона» «Реал»дан сезиларли даражада ўзиб кетган, аммо у ҳам, таъқибчи ҳам тез-тез очко йўқотишганди.
Лекин 10 йил бурун Каталония гранди Европани титратган, ЕЧЛ финалида «МЮ»ни 2:0 ҳисобида маҳв этганди. Бу йил эса икки нафар футболчининг маҳорати ғолибликни таъминлади. Албатта, бу билан қолганлар юлдуз эмаслар, деган фикрдан йироқмиз. Масалан, Тони Кроос мавсумни бўш ўтказган бўлсада, «Реал» унга янги шартномани таклиф этди. Ахир айтишади-ку, шакл ўзгариши мумкин, савия эса сақланиб қолаверади.
Бироқ «Барселона» бу мавсумда икки ўйинчисининг юксак маҳорати туфайли ўз унвонини ҳимоя қилди. Ўз дарвозаси олдида Тер Штеген, рақиб дарвозаси қаршисида эса Месси муваффақиятга замин тайёрлади. Айниқса, ҳужумчининг ҳиссаси салмоқли бўлди. Келинг, бу борада фактлар ва рақамлар гувоҳлик бера қолишсин. Якунланган мавсумда Лео 36та гол ва 13та самарали узатмани амалга ошириб, 49 баллга эга бўлди. Бу «Барса» голларининг 44 фоизига тенг. Умуман, 2018|2019 йиллар мавсумини Мессининг кўрсаткичларига қиёсан кўрадиган бўлсак, «ўзга сайёралик»нинг яққол устунлигига амин бўламиз.
Энг яхши снайпер - Лионель Месси
Юқорида зикр этилганидек, аргентиналик ҳужумчининг 36 голи навбатдаги «Олтин бутса»нинг мезонидир. Леодан 4 баллга ортда қолаётган Килиан Мбаппеда совринга шерик бўлиш учун битта имконият бор эди. Лекин франциялик тўпурар сўнгги турда битта гол билан кифояланди ва Мессининг ғалабасини тан олди.
Энг яхши ассистент - Лионель Месси
Лео ижросидаги 13 узатмани 8 нафар жамоадошлари голга айлантиришди. Бу кўрсаткич «Барса»нинг ўйинлари Мессининг «дирижёр»лиги остида ўтишини исботлайди. «Севилья» вакили Сарабия ҳисобида шунча самарали узатма бор, бироқ у ҳам Леодан ўзиб кета олмади.
Зарбалар сони бўйича етакчи - Лионель Месси
Ҳар ўйинда ўртача 5та зарба. Ла Лигада бу натижага яқинлаша олган футболчи йўқ. Умумий ҳисобда Месси 170 марта дарвозани ишғол этишга уриниб кўрган. «Райо Вальекано» ҳужумчиси Рауль де Томас 115та, «Атлетико» вакили Антуан Гризманн 113та зарба беришган.
АниҚ зарбалар устаси - Лионель Месси
Мавсум давомида Месси 87 марта аниқ зарбаларни амалга оширди. Аниқлик фоизи 51га тенг. Яна 10та зарба дарвоза тўсини ёки устунларини титратган. Тўғри, Суареснинг кўрсаткичи ҳам чакки эмас - 58та аниқ зарба. Лекин уларни голга айлантириш фоизи бўйича Месси олдинда - 41,4га 36,2.
Яратилган Қулай
вазиятлар - Лионель Месси
Таъкидлаш жоизки, таҳлилда қайсидир бир жамоанинг эмас, Ла Лига вакилларининг натижалари инобатга олинган. Бироқ Мессининг устунлиги шунчалик сезиларлики, барча номинацияларда у яққол пешқадам. Қулай вазиятларни юзага келтириш борасида Лео 92 балл тўплади. Ундан кейинги ўринни банд этган Гризманн 74, Касорла 72та вазият яратишган. Кўриб турганимиздек, агар Антуан «ПСЖ»ни танламай, «Барселона»га ўтса, Каталония клубининг ҳужумкорлик қудрати янада ошади.
МуваффаҚиятли алдамчи ҳаракатлар - Софьян Буфаль
Кутилмаган натижа, тўғрими? Аммо бу айни ҳақиқат. «Саутгемптон»дан ижарага олинган марокашлик «мушкетёр» аргентиналик касбдоши билан бир хил - 224 уринишдан фойдаланган ҳолда юқорироқ кўрсаткични қайд этди. Қолган юксак техника соҳибларининг натижалари анча паст. Буфаль фойдали иш коэффициенти бўйича ҳам Леодан олдинроқда.
Қулай вазиятлардан самарали фойдаланиш - Лионель Месси
Аргентиналик мерганга «Барселона» 26та гол уриш имкониятини берганди. У эса 36та гол уриб, топшириқни ортиғи билан адо этди! Ҳатто «Сельта» вакили Аспас ҳам Мессининг «чанги»да қолиб кетди. Примеронинг бошқа тўпурарлари ҳам. Суарес эса аксинча, яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмади.
Энг зўр имкониятларни яратиш - Лионель Месси
Ҳайрат ва ҳаяжон, яна Месси тенгсиз! Пабло Сарабиа ва «Алавес»лик Хонилар уриниб кўришди. Лекин Лео ҳаммадан абжирроқ. Бу борада каталонияликлар сардори Гризманндан қарийб икки баравар олдинда. Денис Черишев Мессига нисбатан 1000 дақиқа камроқ ўйнаган бўлсада, Антуандан яхшироқ натижани қайд этди.
Жарима майдончаси ташҚарисидан ва жарималардан урилган голлар - Лионель Месси
36 голдан 9тасини аргентиналик мерган жарима майдончасига кирмаган ҳолда амалга оширган. Қолаверса, у пенальтига нисбатан стандарт вазиятлардан кўпроқ (4 ва 6) гол урган. Кейинги ўринлардаги Тельо ҳамда Гризманнинг натижалари икки мартага озроқ. Олис масофадан йўллаган 3та аниқ зарбаси Леога мутлақ чемпион мақомини нақд қилди. У мавсум давомида 7та «дубль» ва 3та «хет-трик»ка эришди, 10 учрашувда 19та гол урди!
Ўйиндан яратилган Қулай вазиятлар - Лионель Месси
Агар сиз тажрибали ҳужумчи энди стандарт вазиятлар устасига айланиб олгандирда, деб ўйлаётган бўлсангиз, янглишасиз. Жамоадошлари учун яратилган 92 қулай вазиятнинг 78тасини Лео ўйин шароитида амалга оширган. Улардан фойдаланиш самарадорлиги 14 фоиз эмас, сал юқорироқ бўлганида, топ-чемпионатлар ўртасидаги энг яхши ассистент унвони Эден Азарга эмас, Мессига насиб этарди. Каталонияликларнинг Гризманнга қизиқишаётгани бежиз эмас, «Барса» Мессининг узатмаларини голга айлантира оладиган ҳужумчига муҳтож.
РаҚиб дарвозаси олдидаги узатмалар - Лионель Месси
«Барселона» ўйинни юқорида, яъни ўз жарима майдончасидан имкони борича олисроқ ҳудудда ташкил этишини мазкур номинацияда унинг вакили ғолиб чиққани ҳам исботлайди. Рақиб жамоалар ҳудудида амалга оширилган узатмалар бобида Месси, Альба ва Ракитичга тенглаша оладиган ўйинчилар Ла Лигада мавжуд эмас.
Жорди ва Иваннинг жамоавий ўйиндаги улушлари сезиларли бўлсада, Леонинг кўрсаткичидан анча орқада. Лео ҳисобидаги 1139 узатма ўйин пайтида уни тўхтатиб қолишнинг умуман иложи йўқлигидан далолат беради. Месси етакчилигидаги ҳужум чизиғи ҳақли равишда энг юксак сермаҳсулликни (90 гол) қайд этди, тер Штегеннинг жасорати (85 «сэйв») якунда 2-ўринни олган бўлсада, унвонни ҳимоя қилиш учун етарли бўлди. Аниқроғи, жамоанинг бир қатор нурсиз ўйинлари ёрқин ҳужумчи ва дарвозабоннинг ёғдуси остида сезилмай қолди. Лекин афсонавий тўпурарнинг порлоқ даври ўтиб бораётганини тан олишга мажбурмиз. Месси ҳам кўмакка муҳтож. «Барселона» Гризманн, де Йонг, де Лигт, ушалмас орзу мақомидаги Мбаппе ёки ундан қолишмайдиган сермаҳсул ҳужумчига эҳтиёжманд эканига шубҳа йўқ. Лео ўзининг бетакрор ўйини билан мухлис-у мутахассисларга тегишли чораларни кўриш учун оралиқ мавсумни туҳфа этди. Бироқ ёлғиз унинг маҳорати эвазига узоққа бориб бўлмаслиги аниқ. Шундай экан, «Барселона» янги мавсум тадоригини ҳозирдан бошлаши лозим. Унда ажойиб таркибни шакллантириш имконияти мавжуд: де Лигт - де Йонг - Гризманн учлиги муаммонинг асосий қисмини бартараф этишга қодир. Месси эса ҳеч қаерга кетмоқчи эмас, саломатлиги талаб даражасида. Қисқаси, Леони инобатга олмайдиган бўлсак, жамоа барча чизиқларда қўшимча кучларга эҳтиёж сезаётганди, ҳатто иккинчи дарвозабонни излашга киришганди.
Ҳа, Лео - асосий чемпион. Энди жамоа унинг атрофига муносиб ижрочиларни тўплаши керак. Бу эса анчайин мураккаб жараён. Дембеле, Малком ва Коутиньо тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, қиролнинг кўнглини овлаш ҳеч қачон осон бўлган эмас. Бу вазифани жамоа қай даражада уддалай олганлиги янги мавсумда аён бўлади.
Албатта, бу мавсумда Лионель жамоага бир қатор муҳим ғалаба ва дурангларни туҳфа этди, «арава»ни бир ўзи тортди. Бу шунчалик яққол намоён бўлдики, майдонда ягона қирол қолганлигини бутун лига тан олди. Наҳотки, Месси ва Роналду ўртасидаги узоқ йиллик рақобат шундай интиҳо топса? Рақибидан икки ёш катта бўлган Криштиану Италияга йўл олгач, «Реал», «Атлетико» ва «Барселона»да Лео билан муносиб беллаша оладиган футболчи қолмагани маълум бўлди. Ҳа, ўзининг 32 ёшини нишонлаш остонасида турган даҳоча Испаниядаги энг ёрқин мавсумини ўтказди. Хўш, янги мавсумда майдонга тушганида қирол футболдаги инқирозлар маъбудига нима дейди? «Бугун эмас!»