Футболчиларнинг трансфер маркетдаги нархи уларнинг қандай мавсум ўтказганлигига боғлиқ эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Якунланган мавсумда ҳам айнан шу фактор эвазига трансфер маркетдаги нархлари кескин кўтарилган футболчилар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишга қарор қилдик.
Тренд Александр Арнолд (Ливерпуль)
Юрген Клопп томонидан «Бурчак тўпининг отаси» дея мақталган қанот ҳимоячиси бу мавсумда ЙЧЛда ишончли ўйинлари билан кўплаб мутахассисларнинг эътиборини тортди. Эндигина 20 ёшни қаршилаган бўлсада, Тренд «Ливерпуль» клубининг асосий ўйинчиларидан бирига айланиб олди ва жамоа ғалабаларига ўзининг муносиб хиссасини қўшди. Якунланган мавсумда ҳимоячи 16 та голли узатмани амалга оширди ва мавсумнинг энг яхши қанот ҳимоячиларидан бирига айланди.
Унинг трансфер маркетдаги нархи ўтган йилгига нисбатан 35 миллион еврога кўтарилди ва 80 миллионни ташкил этмоқда!
Бернардо Силва (Манчестер Сити)
Португалиялик футболчи учун якунланган мавсум энг сермаҳсулларидан бири сифатида тарихда қолди. Сабаби, у бир мавсумнинг ўзида 5 та турнирда ғолиб чиқди ва бу борада Роналдудан ҳам ўтиб кетди.
Гвардиоланинг ўйин услубига жуда тез мослашиб кетган футболчи мавсум давомида 13 бор рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса, 14 бор голли узатмани амалга оширди. Бундан ташқари у Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоаси сафидаги ишончли ўйинлари орқали Ватани шарафини муносиб ҳимоя қилди ва «Миллатлар Лигаси»да зафар қучди. Табиийки, бу ютуқлар унинг трансфермаркетдаги нархига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Ҳозирда футболчининг нархи 40 та «лимон»га кўтарилган ва трансфермаркет сайти томонидан 100/105 миллион атрофида баҳоланмоқда. Шунчаки, қойил қолмасдан иложимиз йўқ.
Садио Мане (Ливерпуль)
Сенегаллик футболчининг нархи кескин кўтарилишда давом этмоқда. Гап шундаки, унинг ҳозирги трансфер суммаси ўтган мавсумникига нисбатан 45 миллион еврога кўтарилган бўлиб, хозирда 120 миллион евро атрофида баҳоланмоқда. У якунланган мавсумда 26 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди ва кўплаб гранд клубларнинг «оромини ўғирлади». Трансфер ойнаси очилиши арафасида шахсан «Реал Мадрид» клуби у билан жиддий қизиб қолгани ҳам, сўзимизга исбот бўла олади.
Жоа Фелиш (Бенфика)
Бу йил ўзининг илк профессионал мавсумини ўтказганига қармасдан Фелиш терма жамоага ҳам чақирилди ва «Бенфика» сафида фантастик мавсумни ўтказди. Унинг ўйинларини кўрган миллионлаб мухлислар унга янги Роналду дея лақаб ҳам қўйиб олишди. Фелиш мавсум давомида 20 та гол ва 14 та асистни амалга оширишни уддалади. Футболчининг ўзи катта босимда қолиб кетганига қарамасдан, бир маромда футбол кўрсатишда давом этди ва кўплаб грандлар эътиборини ўзига қаратди. Унинг нархи ҳам ўз-ўзидан кўтарилиб кетди. Бир мавсумда юлдузга айланган Фелиш 58 миллион еврога қимматлади ва трансфер қиймати 70 миллионга кўтарилди. Бу ҳали холваси! «Бенфика» ўз юлдузи учун 120 миллион евро олиш нийятида. Ҳозирда футболчи бир оёғИ билан «Атлетико Мадрид» клубида ва «матрасчилар» Фелиш учун 120 миллион беришга рози бўлишди. Агарда бу трансфер амалга ошадиган бўлса, «Бенфика» клуби бир нечта рекордларни янгилаши ҳеч гап эмас!