Маркус Рэшфорд жорий мавсум якунида «Барселона»да қолмайдиган кўринади. «Кўк-анорранглилар» инглиз футболчисини «Манчестер Юнайтед»дан ижарага олган эди, аммо харид қилиш ҳуқуқидан фойдаланмасликка қарор қилди.
Эндиликда каталониялик гранд «Ньюкасл»дан Энтони Гордонни харид қилишга яқин турибди, бу эса ўз навбатида Рэшфордни яна ижарага олиш ёки уни тўлиқ трансфер қилиш имкониятини деярли йўққа чиқаради.
RAC1 маълумотларига кўра, «Барселона»да Гордон Ханс-Дитер Флик тизимига кўпроқ мос келишига ишонишади – айниқса, прессинг ва ҳимоядаги ҳажмли ишлар борасида у Рэшфорддан устун кўрилмоқда. Маркус Рэшфорд фақат бир ҳолатдагина «Барса»нинг режаларига яна қайтиши мумкин: агар клуб Роберт Левандовскига муносиб ўринбосар топа олмаса.













