«Манчестер Сити» Англия Премьер-лигасидан чиқариб юборилган тақдирда ҳужумчи Эрлинг Холанд бўйича қандай йўл тутишини белгилаб олди.
Football Insider маълумотига кўра, жамоа Чемпионшипга тушиб кетган тақдирда ҳам «шаҳарликлар» Холанд учун жуда катта товон пули талаб қилади. Клуб раҳбарияти норвегиялик ҳужумчининг Англиянинг иккинчи даражали дивизионида ўйнашини имконсиз деб ҳисобласа-да, уни арзон нархда сотиш бўйича ҳеч қандай таклифни кўриб чиқмайди.
Манбага кўра, Европанинг айрим гранд клублари юзага келиши мумкин бўлган вазиятдан фойдаланишга тайёр. Бироқ Холанднинг «Манчестер Сити» билан шартномасида жамоа қуйи дивизионга тушиб кетган тақдирда келишувни бекор қилиш банди мавжуд эмас. Жамоанинг бошқа етакчи футболчилари шартномаларида ҳам шундай банд йўқ.
Шу сабабли «Манчестер Сити» Холанд ёки бошқа етакчиларини арзон нархда сотишни режалаштирмаяпти.
26 ёшли ҳужумчининг клуб билан шартномаси 2034 йилга қадар амал қилади.













