"Реал" клуби собиқ бош мураббийи Жозе Моуриньо "Барселона" ҳужумчиси Лионель Мессига миннатдорчилик билдирди.
"Мен Мадридда ажойиб уч йилни ўтказдим. Шубҳасиз, мен қийинчиликларга дуч келгандим, лекин бу ҳаёт. "Реал"даги фаолиятимдан ажойиб таассуротлар қолган. Ўша пайтда "Барселона" ҳар томонлама ҳукмронлик қилаётган эди. Улар чиройли футбол намойиш қилишганди.
Бизнинг жамоага қарши ўйнаган кўп футболчилардан қарздорман. Масалан, Месси менинг рақибим эди. Кўп томонлама ундан қарздорман. У мени янада кучлироқ мураббийга айлантирди. Боиси, мен унга қарши ўйинларга тайёргарлик кўришимга тўғри келган эди. Худди шундай гапни менинг жамоамга қарши ўйнаган ажойиб футболчилар ҳақида ҳам айтишим мумкин", - деди Моуриньо "Marca" нашрига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, Моуриньо 2010-2013 йилларда "Реал"ни бошқарган. Уч йил давомида португалиялик мутахассис бир мартадан Испания чемпионати, Испания кубоги ва мамлакат суперкубогини қўлга киритган.