Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Иван Соловьёв: «Совринли ўринлар учун охиригача курашамиз»

Баҳо:
+ | -

Миллий чемпионатимизда бир қатор легионерлар тўп суришади. Шулар қаторида Наманганнинг “Навбаҳор” клубида ўйнаётган россиялик ярим ҳимоячи Иван Соловьёв ҳам бор. Ушбу футболчи майдонда жонкуярлиги билан ажралиб туради ва шу боис ҳам наманганлик мухлисларнинг меҳрини қозонди. Биз Coca Cola Cуперлига 19-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Пахтакор” учрашувидан олдин Иван Соловьёв билан суҳбатлашиб, унга ўзимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

— Иван, “Пахтакор” билан бўладиган баҳсга тайёргарлик қандай кечяпти?
— Ўзингизга маълум, бўлажак рақиб айни пайтдаги турнир жадвали пешқадами саналади. Бундан ташқари, “Пахтакор” жорий мавсумда ҳали мағлубиятга учрамаган. Шу боис, ушбу ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Бўлажак баҳсда мухлисларга қувонч улашиш ниятидамиз.

— Машғулотларни Андрей Канчельскис олиб бормоқда. Мазкур мутахассиснинг маълум муддатли танаффусдан сўнг, яна “Навбаҳор”га қайтганидан хурсандмисиз?
— Албатта, хурсандман. “Навбаҳор”га мени айнан Канчельскис таклиф қилган. У кучли инсон ва мана маълум муддатдан сўнг, барчаси изига тушди. Боиси, ўша пайтда жамоамиз турнир жадвалида 3-поғонада бораётганди. Тўғри, сўнгги 4та ўйинда “Навбаҳор” дуранг натижани қайд этганди. Шунингдек, ўз майдонимизда “Металлург” (9-тур, 0:0) ҳамда “Андижон” (10-тур, 1:1) клублари билан дурангга имзо чеккандик. Сафарда “Пахтакор” (8-тур, 2:2) билан бўлиб ўтган драматик баҳсдаги дурангни эса ижобий натижа деса бўлади.

Нимаям дердим, ахир айтишади-ку, нима бўлса, барчаси яхшиликка, деб. Андрей Антанасовичнинг истеъфосида ҳам бир ҳикмат бўлса керак. Энди Канчельскиснинг қўл остида кейинги баҳсларда ғалаба қозониш учун барча имкониятларни ишга соламиз.

— Сизнингча, “Навбаҳор”да қисқа муддат фаолият юритган сербиялик мутахассис Деян Журжевичга ижобий натижага эришиш учун нима етишмади?
— Омад етишмади. Футболда омад ҳам муҳим роль ўйнайди.

— “Навбаҳор” иштирокидаги ўйинлар орқали миллий чемпионатимиз савияси борасида ҳам маълум тасаввурга эга бўлдингиз. Россия ҳамда Ўзбекистон чемпионатларининг савиясини солиштира оласизми?
— Ушбу масалада бир нарса дейиш қийин. “Пахтакор” ва “Насаф” жамоаларининг ўйинлари менда яхши таассурот қолдирди. Россия премьер-лигасининг савияси анча кучли, менимча.

— Ортда қолган ўйинлардан қайсиниси сизда яхши таассурот қолдирди?
— Бирорта учрашувни алоҳида ажратиб кўрсатолмайман. “Навбаҳор” учун жорий мавсумда бирортаям осон ўйин бўлмади. Барча баҳслар қийин кечди.

— Ўзбекистон Россиядан фарқли ўлароқ, иссиқ ўлка ҳисобланади. Мамлакатимиз ҳавосига кўникиб кетдингизми?
— Кўникмай, илож қанча? Албатта, кўникиб кетдик. Бу борада албатта совуткичлар ҳам ёрдам берди (кулади).
    
— Майдонда қайси жамоадошингиз билан бирга тўп суриш қулай?
— Ҳамюртим, ҳужумчи Александр Касьян билан майдонда бир-биримизни жуда яхши тушунамиз.

— Жамоада ички муҳит қандай?
— Аъло даражада! Барча футболчилар бир-биримиз билан аҳил-иноқ ва дўстмиз. Мен барча жамоадошларим билан яхши чиқишаман. Орамизда ҳеч қандай бўлиниш йўқ ҳамда бундай гап-сўзларнинг бари  миш-мишлардан иборат. Барчамиз бир-биримизни ҳурмат қиламиз.

— Кўпчилик мухлисларни футболга қандай кириб келганлигингиз қизиқтиради...
— Отам футболчи бўлганлиги учун миллионлар ўйинига болалигимдан қизиққанман. Шундай бўлса-да, олдин, яъни 1-синфдалигимда грек-рим кураши тўгарагига бориб, 3 йил кураш билан шуғулланганман. Кейинчалик футбол мактабига борганман. Шу тариқа футболга кириб келганман.
    
— Болалигингизда қайси футболчига ҳавас қилгансиз?
— Болалигимда Москванинг “Локомотив” клуби ярим ҳимоячиси Дмитрий Лоськовга ҳавас қилганман ҳамда унинг ўйинларидан завқ олганман.

— Футболчи бўлганингиздан ҳеч афсусланганмисиз?
— Йўқ, бундан умуман афсусланмайман ва аксинча хурсандман.  
    
— Футболчилик фаолиятингиз давомида қайси мураббийлар сизда яхши таассурот қолдиришган?
— Уч нафар мутахассис – ҳозирги устозим Андрей Канчельскис, айни пайтда “Сочи”ни бошқараётган Александр Точилин ҳамда руминиялик мутахассис, ҳозирги кунда Руминиянинг ЧФР клуби бош мураббийи лавозимида ишлаётган Дан Петрескудан футболдаги фаолиятим давомида кўп нарса ўргандим ва бунинг учун улардан миннатдорман. Булар – ҳақиқий руҳшунос мураббийлар ҳисобланишади ва ўзлари бошқарган жамоаларда ижобий натижаларни қайд этишган. Ушбу мураббийларга кейинги фаолиятларида омад ёр бўлишини тилаб қоламан.
    
— Жорий мавсумда “Навбаҳор”нинг олдига юксак мақсадлар қўйилган. Сизнингча, жамоа ўз мақсадига эриша оладими?
— Умид сўнгги паллада ўлади. Клубимизда айни пайтда назарий жиҳатдан совринли ўринни эгаллаш имконияти бор. Фақат бунинг учун бўлажак баҳсларда зафар қучишимиз лозим. Буни амалга ошириш учун майдонда бор кучимизни берамиз.
    
— Наманган футболсеварлар вилояти. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари ҳам футболчиларга қўшимча куч бағишлайдими?
— Албатта бағишлайди. “Навбаҳор” ишқибозлари жамоамизни доимо – уй учрашувларида ҳам, сафарда ҳам қўллаб – қувватлашади. Бу эса биз – футболчиларга қўшимча руҳий ва жисмоний куч бағишлайди. Наманганлик мухлисларни бемалол Россиянинг “Зенит”, “Спартак” ҳамда ЦСКА клубларининг ишқибозларига тенглаштирса бўлади. Тўғрисини айтсам, наманганлик мухлисларга қойил қолдим.

Бўлажак баҳсларда ҳам мухлислар жамоамизни янада кўпроқ қўллаб-қувватлашсин ҳамда биз уларнинг ишончларини оқлашга интиламиз.

Бизнинг маълумот:

Иван Соловьёв – 1993 йил, 29 мартда Россиянинг Калуга шаҳрида туғилган.

Футбол билан 8 ёшидан шуғуллана бошлаган.

Биринчи мураббийи - Игорь Коратаев.

Амплуаси – ярим ҳимоячи.

Ўйнаган жамоалари: “Динамо” (Москва, 2012 – 2013 йиллар), “Зенит” (Санкт-Петербург, 2013-2014 йиллар), “Амкарь” (Пермь, 2014 йил), “Лахти” (Лахти, Финляндия, 2016 йил), “Факел” (Воронеж, 2016-2017 йиллар), “Динамо” (Санкт-Петербург, 2017-2018 йиллар), “Сочи” (Сочи, 2018 йил).

2019 йилдан “Навбаҳор”да.

Мухлислик қиладиган жамоаси: “Манчестер Юнайтед” (Англия).

Ёқтирган футболчиси: Лионель Месси.            

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 15:06, 14.09.2019.
Ўқилди: 1981 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.