Евро-2020 саралаши доирасидаги ажойиб ўйинлардан бири якунига етди. Украина терма жамоаси ўз уйида Португалияни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида зафар қучди. Бу тасодифий эмас, адолатли, чинакам, кутилган ғалаба бўлди, Украина чиндан ҳам 3 очкога муносиб эди.
ХАТОЛАР
Португалиянинг бугунги мағлубияти учун асосий айбни Фернанду Сантуш зиммасига олаверса бўлади. Чунки, биринчидан, у асосий таркибни нотўғри тузганди. Жоау Мариуни қайси каромати учун асосий таркибга киритганини фақат ўзи билса керак. Мариу ҳам ўйини орқали ҳали асосийда ўйнашга тайёр эмаслигини кўрсатиб қўйди. Қолаверса, асосийда тушган Гедеш ҳам бу қарор нотўғри бўлганини исботлади. Ахир оддий узатмани тўхтата олмайдиган футболчининг асосийда ўйнашга ҳақи бормикан?
Бош мураббийнинг иккинчи айби кенгайтирилган таркибни нотўғри танлагани. Бошқа футболчилар йўқ-да, дерсиз, эҳтимол. Аммо Сантуш изласа, яна 4-5 та жамоанинг ёмон кунига ярайдиган футболчилар топиларди. Шундоқ ҳам захира жуда-жуда қашшоқ.
Португалиянинг энг катта нуқсони — барқарор ўйнайдиган футболчининг йўқлиги. Украинага қарши ўйинда ҳам португалларнинг ҳатто юлдузлари шунақа ёш болаларча хато қилдики, асти қўяверасиз. Бу ўйинда Жоау Марио, Жоау Фелиш, Бернарду Силва, Бруно Фернандес, Нелсон Семеду каби футболчилар терма жамоанинг зарарига ишлади. Семеду бевосита ўтказиб юборилган голларда айбдор бошқа ҳимоячилар каби, қолаверса, унинг кўп бора ноаниқ узатмаларни амалга оширгани, довдираб ўйнагани терма жамоага панд берди. Жоау Фелиш эса ҳамон довдирашда давом этяпти. Ўзича рақибларни осонгина доғда қолдиришга уринди, аммо Украина футболчилари ҳозирча унинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини исботлаб қўйишди. Шунингдек, Бернарду Силва ҳам тўпни узатиш керак бўлган пайтда алдашга уриниб, вазиятларни кўкка совурди. Афтидан, атрофдагилар уни кўп мақтаб юборишган шекилли “Сен зўр ўйнайсан”, деб. “Реал”га ўтиши башорат қилинган Бруно Фернандес эса “Реал” у ёқда турсин, ўртамиёна жамоаларга мос футболчи эканлигини кўрсатяпти. Унинг ёш болаларча қарорлари ва ўхшамаган хатти-ҳаракатлари бир неча ўйиндан бери давом этмоқда. Аслида, бугун бутун бошли Португалия жуда нурсиз ўйнади, йигитларда на шижоат, на бир ваҳшийлик сезилди. Хатолар жуда-жуда кўп.
ШЕВЧЕНКОНИНГ ШОГИРДЛАРИ
Украина терма жамоаси чиндан ҳам ғалабага лойиқ эди. Рости, ҳакам меҳмонлар фойдасига пенальти бериб, камига Украина футболчисини майдондан четлатганидан кейин Португалия камида дурангга эришади, деб ўйлаган эдим. Аммо, буни қарангки, рақибнинг ёш болаларча хатосидан фойдаланган украиналик футболчилар тўпни ўзларида тутиб тура олишди ва ҳатто учинчи голни ҳам киритишлари мумкин эди. Шевченко ростдан ҳам кучли жамоа шакллантирибди. Дарвозабонга гап бўлиши мумкин эмас, ҳимоя чизиғи ҳам анча тартибли, ярим ҳимоя ва ҳужум ҳам жойида. Тактика бор, ў йланган ҳаракатлар бор.
АЙБ ОМАДДА ЭМАС
Португалиянинг бу мағлубиятини омади келмади, деб изоҳлаш нотўғри. Мағлубиятнинг ягона сабаби — Португалия рақибидан ҳар жабҳада кучсиз эди. Ҳатто Криштиану Роналдунинг борлиги ҳам португалларга рақибдан бир бош устун бўлиш имконини бермади. Тўғри-да, “Нексия”лар билан пойга уюштираётган “Малибу” агар жамоадошлари “Запарож”у “Москвич”лар бўлса, ҳеч қаёққа бора олмайди, Роналду ҳам жон-жаҳди билан уринди, аммо жамоадошлари уни бирор марта тузукроқ узатма билан таъминлашгани йўқ.
Фернанду Сантуш таркиб ва тактика устида жиддий ишлаши керак. Бугун Португалиянинг режалар борасида ҳам қашшоқлиги сезилди. Иккита голдан кейин португаллар руҳан синишди ва уларда ҳеч бир захира тактика йўқлиги аён бўлди. Сантуш ана шу камчиликларни тузатмаса, Португалия Европа чемпионатига йўл олган тақдирда ҳам ушбу турнир португаллар учун шармандали бўлади.