Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа 3-0 Кальяри
30/04 00:00 Барселона 4-2 Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Хайрулла Ҳамидовдан анонс: Неапол жанги

Баҳо:
+ | -

Италия А серияси баҳсларига ҳам старт берилмоқда. 2020 йилнинг старти анонсбоп ўйинларга бой.

 “Ювентус” мавсумни бой бермаслиги учун ҳар ўйинга жиддий эътибор қаратади, турган гап. Шу боис "Кальяри" билан кечадиган учрашув ҳам туринликлар учун финалдек.

“Милан” бугун “Сампдория”ни қабул қилар экан, “Сан Сиро” тўлиши кутилмоқда. Ахир, шахсан ўзлари,  жаноби олийлари — Златан қайдномага киритилган.

Параллел равишда ўтадиган бу икки беллашувнинг икки хил вазияти бор, кўряпсизми: лидер ўйинини кўрмоқчи бўлганлар Туринга, футболдаги шахсиятнинг ўйинини кузатмоқчи бўлганлар Миланга “сафар” қилишлари мумкин.

Аммо тунда, соат 01:00да росмана бир-бирига тенг рақиблар Неаполдаги “Сан Паоло” ўйингоҳига чиқиб келишадики, ул ўйинни кўрмаслик тўғри ишмас:)

Ўтган йилнинг энг катта аламзадаси - “Наполи” ўтган йилнинг бош қаҳрамони – “Интер”ни қабул қилади.

Гаттузо шогирдлари ўзларига ярашмайдиган 8-ўринда боришмоқда, лекин йилни биринчи ўринда якунлаган “Интер”га яхшигина бошоғриқ бўлишлари кутилмоқда. Гарчи таркиб масаласида Контенинг имкониятлари яхшироқ бўлса-да...

Фабиан Руис қайдномада бору,  бир ҳафта грипп билан курашгани учун яхши формадамикан?

Мертенс Бельгияга жароҳатини даволаш учун учиб кетган, кўпчилик у Неаполга шу баҳона қайтмайди, дейишяпти.

Максимовичнинг ёнига лазаретга Кулибали қўшилди, марказий ҳимояда Манолас билан бирга А серия даражасидан пастроқ Луперто ўйнаши кутилмоқда.

“Интер”да эса аксинча: Сенси, Барелла ва Алексис Санчес сафга қайтди. Фақатгина Д`Амброзио ёрдам бера олмайди. Бу йўқотиш  қайтганлар тарозуси билан солиштирганда оғирмасу, тўғрими?

“Интер” Неаполда охирги бор 1997 йили Симеоне ўйнаган даврларда ғалаба қозонган. Ҳозир ўша қора анъанани йўққа чиқаришга яқин имконият бор. Аммо боя таъкидлаганимиздек, “Наполи”нинг мана шу ярадор таркиби ҳам Жанг таклиф этади.

Жануб йигитларининг важоҳатига Гаттузонинг даҳшатли нигоҳини қўшинг-да, “Наполи”нинг ўйинини тасаввур қилиб олаверинг!

“Интер” давранинг охирги турида “Аталанта”ни кутиб олади – мана сизга яна марказий баҳс, “Наполи” эса Римда қутурган “Лацио”нинг меҳмони бўлади. Биринчи даврани улар шундай тугатадилар. Ундан олдин эса, ўзаро ҳисоб-китоб олиш керак. Шу бугун.

Контенинг футбол фалсафасими ё Гаттузонинг қаттиққўллигими?

00:45да ухламайсиз энди, бирга кузатамиз!

Хизматингизда ўзим...

Манба: https://t.me/x_hamidov
Киритилди: 20:34, 06.01.2020.
Ўқилди: 2670 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.