Бразилиянинг "Сантос" клуби ўзининг собиқ футболчиси Неймарнинг трансфери учун "Барселона"дан қўшимча 4,5 млн евро ундирмоқчи. Бу ҳақда "Marca" нашри хабар тарқатди.
Манбага кўра, каталонияликлар ўзаро келишувнинг бир бандини бажаришмаган. Жумладан, "Сантос" ва "Барселона" клублари футболчининг трансфери доирасида 2013 йилда ўзаро иккита ўртоқлик учрашуви ўтказишлари керак эди. Аммо ўша пайтда фақат битта ўйин ўтказилган бўлиб, бразилияликлар ўтказилмай қолган яна битта ўртоқлик ўйини учун компенсация талаб қилишмоқда.
"Сантос" бу борада "кўк-анорранглилар"га расмий мактуб юборди ҳамда навбатдаги 5 кун ичида жавоб кутишини маълум қилди. "Барса" бунга рад жавобини берса, клуб судга мурожаат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Неймар 88,2 млн евро эвазига "Барселона" сафига ўтган. 2017 йилда эса "ПСЖ" уни 222 млн еврога сотиб олди. Ҳозирча ушбу трансфер футбол тарихидаги энг қиммат трансфер бўлиб турибди.