Дунёнинг энг ажабтовур стадионлари. Топ-6
Stadion.uz дунёдагиэнгноодатийстадионларҳақидагимаълумотларнитақдимэтади.
Бугунги кунда замонавий стадионлар бирорта мухлисни ҳайрон қолдирмай қўйди. Сабаби, дунёнинг исталган катта шаҳарларига борманг, ҳеч йўқ битта жаҳон стандартларига жавоб берувчи аренага кўзингиз тушади. Бугун бироз ўзгачароқ услубдаги стадионлар билан таништириб ўтамиз.
Ottmar Hitsfeld stadium
Швейцариядаги Понд қишлоқчаси ўзининг уй шу номдаги жамоаси билан эмас, ноодатий кўринишга эга стадиони билан машҳурликка эришган. Маҳаллий Понд жамоаси “Оттмар Ҳитцфелд” номи берилган мўъжазгина ўйингоҳда ўз уй учрашувларини ўтказади. Ушбу ўзига хос арена Алп тоғларида жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан икки минг метр баландликда бунёд этилган. Қизиғи шундаки, стадионга тўғридан-тўғри элтувчи йўл мавжуд эмас. Ҳатто футболчилар ҳам Понд яқинидаги Сталден қишлоғида жойлашган канатдан фойдаланишга мажбур бўлишади. Шунга қарамай, ушбу ўйингоҳ туристлар орасида жуда машҳур.
“Svangaskard” stadium
Фарер ороллари терма жамоасининг уй стадиони саналмуш “Свангаскард” стадиони ҳам дунёдаги энг ўзгача жойлашувга эга. Тофтир шаҳарчасида жойлашган стадион дунёнинг энг гўзал стадионларидан тузилган топ-100 шортлистидан жой олган. Ўйингоҳ денгиз бўйида бунёд этилган бўлиб, унда тўп суриш бироз ноқулайлик туғдиради. Айрим учрашувларда стадиондаги болбойлар стадиондан чиқиб кетган тўпларни олиб келиш учун сувга тушишларига тўғри келади. Бундан ташқари, катта трибуна ўрнини қоялар ташкил этгани боис, Европада бу стадионни эркалаб “EcoArena” деб ҳам аташади
“Braga stadium”
Португалиянинг Брага шаҳрида қад ростлаган ўйингоҳ ўзининг табиат билан уйғунликда бунёд этилгани билан жуда машҳур. 2004-йилда ўтказилган Европа чемпионати учун қурилган бўлиб,стадион ўзига хос ландшафтга эга. Маълумотларга қараганда, “Брага стэдиум” Европанинг энг қиммат ареналаридан бири. Уни қуриш учун 83 миллион евро сарфланган. Ўз бағрига 30 минг мухлисни сиғдиришига қарамай, аренада атиги 2 та трибуна бор холос. Катта қойнанинг ўртасида қурилган “Брага”нинг марказий таблоси катта тош қоя устида жойлашган бўлиб, иккита трибуна томлари темир тросслар билан бир-бирига маҳкамланган. Бу стадион қуриб битказилган йили “FourFourTwo” нашри томонидан “футбол дурдонаси” номинациясини қўлга киритган
“Gaosiyun national stadium”
Тайванда жойлашган “Гаосиюн” ўйингоҳи жуда муҳташам қурилгани билан эмас, табиатга катта фойда келтиргани учун бугунги рўйхатимиздан жой олмоқда.
2009-йилда қуриб битказилган стадион нафақат футбол, балки бошқа спорт турларини ҳам ўзида ўтказишга мўлжалланган. Арена бир пайтнинг ўзида 55 минг мухлисга хизмат кўрсатиши билан эмас, ўзининг ноодатий томи билан машҳур. Қурувчилар стадион томига 884 минг қуёшдан қувват олувчи плиталарини ўрнатишган бўлиб, стадион ўзини-ўзи электр қуввати билан таъминлашга қодир. Муҳандисларнинг айтишича, ушбу проект бутун дунёда биринчилардан бўлиб қуёш энергиясида ишлайдиган биноларда бири экан. Ҳа айтганча, “Гаосиюн” бўш бўлган пайтлари стадиондаги қуёш плиталаридан олинган оф электр қуввати атрофдаги кўчаларни ёритиш учун ишлатилади.
«Важдовац» ўйингоҳи
2013-йилнинг биринчи сентябрь санасида Белграддаги савдо марказларидан бирида қаттиқ шовқин кўтарилди. Нимага дейсизми? Ахир ўша савдо маркази томида Сербиянинг “Важдовац» клуби уй ўйинларини ўтказадику!
Дарҳақиқат, бунга ишониш қийин бўлсада, серб клуби солиқлардан қочиш учун шу йўлни танлашга қарор қилди. Ушбу клуб стадиони томда жойлашган бўлишига қарамай, ўз бағрига 5 минг мухлисни сиғдира олади. Ўзимиздаги “Локомотив” стадионидан бироз камроқ холос. Шунга қарамай, ҳатто шу стадионда ҳам мавсумий абонементлар сотилади ва уларни қўлга киритиш ҳам осон эмас. Стадион 105-65 метр бўлиб, унинг сунъий чими Германиядан олиб келинган. Ҳозирга қадар немислар ушбу стадион чимини идеал тарзда сақлаб келишмоқда. Бундай стадионлар Европада яна 3 та мавжуд, бироқ «Важдовац» Сербиянинг олий дивизионида ҳаракат қилгани учун айнан унга тўхталишга қарор қилдик.
“Марина Бай”
Сувда жойлашган стадион ҳақида эшитганмисиз?
Сўнгги 10 йил давомида Сингапурда қурилиш шу қадар кўп бўлдики, шунчаки стадион қуришга жой қолмади. Шу сабабли, қурувчилар “Марина Бей” қирғоғи яқинида ўзгача арена бунёд этишди. Турли спорт ўйинларидан ташқари, стадион олдидаги трассадан формула-1 мусобақаларида ҳам фойдаланишади. Энг қизиғи шундаки, стадион сувда, трибуналар қуруқликда жойлашган. Қувонарлиси шундаки, стадион ўз бағрига бир пайтнинг ўзида 30 минг мухлисни сиғдириш мумкин. Сувдаги арена бир пайтнинг ўзи 1070 тонна юкни кўтаришга мўлжалланган. Бошқачароқ қилиб айтганда, 9 минг одам унинг устида хордиқ чиқариши мумкин. Ажабтовурлиги билан машҳур стадион 2007-йилда қурилган бўлишига қарамай, бу ерда бир нечта катта мусобақаларни ўтказишга улгурган.