Бугун 4 март. Шу санада туғилган футболчилар рўйхатини яхшилаб қараб чиқиб, аргентиналик бир вундеркиндда тўхтадим. Бошқа юлдуз эътиборимни торта олмаслиги аниқ эди.
Ариэль Ортега. “Хўтик” номи билан машҳур бўлган йигит 1974 йил туғилган. Аргентинанинг “Ривер Плейт”идаги ўйинлари билан танилган. Жуда ёш. Аргентинада ёшларга кўп имкон берилади, шу боис ҳеч кимни бу натижа билан ажаблантира олмайди. Бироқ, Европадаги ўйинлари билан, терма жамоаси таркибида мундиалдаги иштироки билан ҳар қандай таҳсинга лойиқ.
Ортега кўҳна қитъада учта жамоада ўйнаган. “Валенсия” — алоҳида қисса. “Месталья” ҳали-ҳануз унинг ажойиб дриблингларини унута олмайди.
Ўтган аср охирларида порлаган юлдуз кейинроқ Италияга — аввал Генуяга, сўнг Пармага йўл олди. Ариэлнинг энг катта муаммоси — Аргентина футболи услубидан воз кеча олмаслиги эди. Тўп билан узоқ қолиб кетиши, ортиқча финтлар ва мураббийлар тактикасига умуман бўйсунмаслик...
Ортега қобилияти даражасида порламади барибир. Аслида ўта, ўта истеъдодли йигит эди. Ҳамма биларди буни. Ўзи ҳам. Характери фаолиятини еди. Европанинг исталган клубида ўйнаса ҳамки, Аргентинасини соғинаверди у. Ўша ердаги чемпионликларини эмас, ватанидаги футбол услубини соғинаверарди...
“Ривер”га яна қайтар экан, Италиянинг энг кўзга кўринган нашрига: “Европадан қутулдим. Ўзингизга буюрсин совуқ футболларингиз!” деб интервью бериб кетган йигит шу бўлади.
Аргентинасини соғиниб яшаган Ортеганинг фаолиятини ўргансангиз, энг яхши ўйинларини терма жамоадан топасиз. Чиндан ҳам у терма жамоасини клублардан устун санаган.
Франциядаги мундиалда Аргентина ўз тарихидаги энг кучли таркиби билан ўйнаган. Ортегага қўшилиб Креспо, Гальярдо, Батистута, Верон ва Клаудио Лопес исталган ҳимояга қўрқинч улашса, Шамот, Дзанетти, Айала, Алмейда, Симеоне, Сенсини ва Роа исталган ҳужумга қарши тура оларди. Марадона давридан кейин Аргентина ана шундай йигитлари билан сийланган эди.
Дарвоқе, Марадона. Ортегани аслида барбод қилган нарса ҳам шу ном. “Иккинчи Марадона” деган ном юки. Ўзи кўп бора бу таърифдан боши осмонда эканлигини айтар, табиийки майдондаги ҳаракатлари ҳам шу номга боғланиб қолганди. “Парма” мураббийи унга: “Ҳадеб ортиқча финт қилаверма, “иккинчи Марадона” бўлишдан кўра “биринчи Ортега” бўлишни ўйламайсанми?” деганида, Ариэль: “Менга “биринчи Ортега” бўлишдан кўра “иккинчи Марадона” бўлиш яхшироқ!” деб жавоб берганди.
“Иккинчи Марадона” фаолиятини Аргентинанинг қуйи дивизионларидаги жамоаларда якунлади. “Ривер”даги ажойиб фаолиятига эса, ўша пайтдаги клуб устози Диего Симеоне нуқта қўйиб кетган. “Сен Аргентинадан бошқа жойда ўйнай олмагансан, энди Аргентинада ҳам ўйнай олмайсан”, деганди мураббий. Симеоненинг ўзи кўҳна қитъада ишлаб кетди. Ҳар ҳолда, бу учрашув бежиз содир бўлмаган.
Бугун 46 ёшини нишонлаётган Ариэль ҳақидаги энг тўғри таърифни Марадона билан бир пайтда терма жамоада ўйнаган Хорхе Вальдано айтиб ўтган: “У аргентиналиклар ичидаги энг аргентиналик футболчи. Ўзининг ўйини билан ватани Аргентина эканлигини эслатиб туради. Ортега — футбол энциклопедияси, лекин у Аргентина вируси билан касалланганки, жисмонан ҳеч қачон Европада ўйнаб кетолмайди”.
Хайрулла ҲАМИДОВ.