Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: «Икки шахс»

Баҳо:
+ | -

Бугун 8 март. Доимги ишимни давом эттираман. Бугунги санада туғилган футболчиларни кўздан кечираман: Петер Ларссон, Радослав Петрович, Жек Уилсон, Жон Харкс, Муҳаммад Идриссу... Рўйхат узун, лекин пичоққа илинадигани, ўзим мақола тариқасида эслаб ёзишга арзигулиги топилмайди.

Футболчилар рўйхатидан клублар рўйхатига ўтаман. Бугунги санада ташкил этилган жамоаларнинг номи ҳам донгдор эмас.

Футболга даҳли борларга ўтаман. Дунё ва юртимизда икки шахснинг таваллуд санаси шу кунга тўғри келганини топаман (юртдошимизникини билардим, албатта). Қойил!

Аввал жаҳон миқёсидаги шахсга тўхталиб ўтсам. У ривожланган мамлакатнинг пойтахтида туғилган. 1947 йил. Катта бизнесмен бўлди. Футболга азбаройи қизиққанидан машҳур клубнинг президентига айланди. Биринчи сайланганида, дунёнинг сара юлдузларини жамлади. Кейинроқ натижалар ёмонлашиб истеъфо берди.

Иккинчи марта қайтганида натижалар яхшиланди. Европанинг кўзга кўринган турнирига эга бўлиб қолди деярли. Уни дунёнинг ярми ёмон кўради. Рақиб бўлгани учун ёмон кўрадиганлар бор, бошқалар кўпроқ  футболдаги ҳар хил қинғирликларга аралашади деган гумон билан хушламайдилар.

Дунёнинг ярми унинг қайсарлигини, ҳар хил ишларга аралашувини ва бошқа иллатларини кўрмагандек бўлиб, пойтахт клубига қўшган ҳиссаси учун фаолиятидан розилар. У ўз туғилган шаҳрини дунё футболи пойтахтига айлантирди.

Гап ким ҳақида кетаётганини дақиқ мухлис аллақачон англаб бўлди – Флорентино Перес. Футбол клублари раҳбарлари ичидаги энг машҳур, энг қайсар ва энг таъсирчан шахс. У бугун 73га кирди. “Реал”га раҳбарлик қилган даврида Қироллик клуби “Галактикос”га ҳам айланди, ЕЧЛни қаторасига уч марта енгиб ҳам олди. Жамоа тарихидаги биринчи шахс, жамоа беш марта қаторасига Чемпионлар Кубогини боши узра кўтарганда бош бўлган Сантяго Бернабеу имиджи хавф остида, Перес уни тахтдан тушириши мумкин. Худди Роналду ўша даврнинг суперюлдузлари рекордини йўққа чиқариб ташлагандек. Майли, нима бўлган тақдирда ҳам футболнинг энг сирли шахсларидан бири айнан шу санани бошқача эҳтиром билан кутиб олади. (Қарангки, Мадрид клубига икки кун олдин асос солинган эди, бугун унинг ашаддий раҳбари эсланмоқда, ёнма-ёнлигини қаранг-да энди!)

Юртимиз футболига тегишли шахсни Пересдан фарқли равишда барча бирдек ҳурмат қилади. Айниқса, футбол ишқибозлари. Овозларини эшитиб роҳатланганимиз, ўзига хос услубга эга бўлган устоз шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев бугун 60 ёшга кирдилар. Ажойиб сана!

Қуйида Мирзаҳаким аканинг ўн йиллар муқаддам янграган шарҳларини эътиборингизга ҳавола этамиз ва табиийки, устозни ОМАД ҲЕЧ ҚАЧОН ТАРК ЭТМАСИН деб қоламиз. Овоз беназир ҳақиқатан ҳам...

Хайрулла Ҳамидов.

Манба: https://t.me/x_hamidov
Киритилди: 06:52, 08.03.2020.
Ўқилди: 5802 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.