Бугун 26 март. Кўпгина номлар бор, бироқ ичида менга Микель Артета бошқача кўринди. Сабаби бор.
Биринчидан, яхши футболчи бўлган, сўнг сифатли мураббий бўлиб фаолият олиб бораётган камсонли мутахассислардан, иккинчидан, ҳозирда у ёрдамга муҳтож. Коронавирус билан кураш олиб боряпти. “Олимпиакос” билан кечган баҳс унга қимматга тушди.
“Арсенал” матбут хизматининг берган хабарига кўра, соғлиғи яхшиланяпти, мураббийлар билан доимо тармоқда алоқада. Карантинда ҳам ишлаяпти.
Микель Артетанинг миллати баск. Сан-Себастъяндан. “Барселона” мактаби тарбияланувчиси. Каталониянинг бош клубида фаолияти ўхшамагани учун турли клубларда бахтини излади. ПСЖ да, сўнг “Глазго”да, “Реал Сосъедад” ва “Эвертон”да турли йиллар ўйнаган. Ёмонмасу, аммо мақтагули фаолият чиқмаган. Артетанинг бор иқтидорини очган клуб “Арсенал” бўлади. Лондонликлар таркибига келиб қўшилгач, у марказнинг ҳокимига айланди. Беш йил ўйнади. Шу ердан бошқа жамоага ўтмади.
Футболчилигини якунлаб берган клуб мураббийлик соҳасида дебоча вазифасини ўтаб бермоқда. Артетанинг ўйнаётган пайтидаёқ мураббийлик салоҳияти намоён бўлган. “МанСити” устози Гвардиолага шогирд бўлиб тушганида, ҳеч ким ажабланмади. “Арсенал”га ҳам оғир пайтлари келди. Мураббийга ёлчимаётган клубни мавсумнинг ярмидан қутқариши лозим бўлиб қолди. Қутқаряпти ҳам. Муҳими, “Эмерейтс”га ташриф буюрган мухлислар тўпчилар ўйинидан мамнун.
Артетага соғлиқ тилаймиз. Бугун 38га кирган мутахассис яқин келажакнинг энг кучли мураббийларидан бирига айланса ҳам, ажабланмаймиз. Зотан “Арсенал”га келган йилидаёқ клубнинг муаммоларини ҳам ечяпти, янги вабо билан ҳам кураш олиб боряпти. Ўзимас бундай синовлар...
Хайрулла ҲАМИДОВ.