12 апрель. Бобби Мур. 1941 йили Лондонда туғилган ва марказий ҳимояда намунавий ўйин кўрсатиб яшаган иқтидор эгаси. Вест ҳэм Юнайтеднинг ўн йилдан зиёдроқ сардори, Англия терма жамоасининг лидери, 1966 йилги жаҳон чемпиони. Бош жамоада 108 бора майдонга тушган. Футбол тарихида энг кучли ҳимоячилардан бири сифатида эътироф этилади. Қирол Пеле ўзи кўрган ҳимоячилар ичида Мурдан кучлиси бўлмаганини айтган.
Ўша 66-йилги мундиал аслида инглизларнинг ҳужум чизиғи билан эмас, Мур ва дарвозабон Гордон Бэнкснинг юқори маҳорати эвазига финалга чиққани билан эсланади. Ярим финалгача Англия гол ўтказиб юбормаган. Бобби Мур охирги ўйинда ҳимояда зўр ўйнабгина эмас, муҳим бўлган тўртинчи голга ассист бўлгани билан фахрланарди. Жеффри Херстнинг голи немисларни кўмиб қўя қолган ўша кун.
Ўша йили у кумуш тўп совриндори бўлган, рамзий терма жамоадан жой олган.
Мураббийлик борасида Бобби Мур катта натижалар қайд эта олмади. Оксфорд Сити ва Саутенд Юнайтед, сўнг Гонконгнинг Истерн клублари унинг даражаси эмас-да. Шу боис, Мур мураббийлик фаолиятини тўхтатишга қарор қилган.
Бобби 1993 йили ошқозонидаги саратон туфайли дунёдан кўз юмди. Қизиғи, у бу касаллигини икки йил олдин билган, ҳеч кимга билдирмай курашиб юрган. Дўхтирлар, оиласи ва ўзи биларди. Турли маросимларга борган, дўстларини таклиф қилган. Шу боис, вафотидан ўн кун олдин эълон қилинганида, танишлари музлаб қолишган: қанақасига, бўлиши мумкин эмас, деб.
У тўп тепиб юрган пайтлари ҳужумчиларнинг зарбаларига кўксини тутаверганидан, дарвоза тўсинига кўп урилганидан ҳазиллашишарди: бир куни кўкси тешилиб ўлади-да бу бола, деб. Кўкси тешилмадию, ошқозонида шу ҳолат кузатилди. Сабаби, олтмишинчи йилларда Европани ҳароб қилган ичкилик ва тамаки. Мур тунда зўр базўр базага келиб, машғулотга ҳаммадан олдин етиб борарди. Шериклари айтишади: Бобби пивохонадан ҳамммадан кейин кетади, машғулотга ҳаммадан олдин келади.
Бугунги кунда Мур шарафига Уэмблида бронза статуя ўрнатилган. ФИФАнинг шарафлилар залида футбол тарихидаги 22 афсона ичида сурати бор. Вест ҳэм 6-рақамни муомаладан чиқарган, Бобби Мурники ҳисобланади.
Хайрулла Ҳамидов