Энди бугун таваллуд кунини нишонлаётганларга ўтайлик.
11 апрель. Қизиқ томони, бугун бир-бирига ҳаёти мутлақо ўхшамайдиган икки истеъдод туғилган кун. Бирининг ҳаётига қарасангиз, ота-онасининг фаровон ҳаётидан хурсанд бўласиз, футболчилигига кўрсатган ёрдамларидан шод бўласиз, иккинчисида аксини кўрасиз. Гап испаниялик Тьяго Алькантара ва англиялик Деле Алли ҳақида кетяпти.
Дастлаб Тьягога тўхталайлик. 1991 йили 11 апрель куни Италиянинг Бари шаҳрида туғилган болакай футбол оиласида ўсди. Отаси – Мазиньо, АҚШ-94 да Бразилия терма жамоаси таркибида жаҳон чемпиони, онаси Валерия – собиқ волейболчи. Кичик акаси – Рафа Алькантара, Барселона аъзоси, туғишган укаси Валенсия клубида ўйнаётган Родриго.
Тьягонинг футболчи бўлиши учун отаси борини берган. 2005 йилги Барселона тарбияланувчилари сафида улғайганига кўра, қаҳрамонимиз келажакда аниқ ва аниқ етук футболчи бўлиб етишиши кутилган. Алькантара Барселонанинг катта жамоасига 2010 йили келиб қўшилди. Устози – Хосеп Гвардиола. Тики-така дунёда ҳоким бўлган даврлар Тьяго бу услубнинг бир қисми бўлгани ёдимизда. Каталония клубининг тизимидан чиққани учун унга бу услуб жуда мос тушарди.
2013 йили "Бавария"га йўл олган Тьяго бошқа йигитларга қараганда Гвардиолага ўрганиб қолганди. Ўзи ҳам интервьюларидан бирида: “Мен фақат Пеп учун бундеслигага ўтдим” деб тан олган.
Тяьгонинг ёшлик расмларига қараб туриб, футбол оиласида туғилган болакайга орзусига етишиш анча осон бўлганини кўрамиз. Зотан, доим у икки қўлида тўп ушлаб турган ҳолида расмга тушган. Ёшлигимда ўйинчоқларга қизиқмаганман, чунки отам менга доим тўп олиб келардилар, деган Тьяго.
Иккинчи қаҳрамонимиз – Деле Алли ҳам нисбатан Тяьгога ўхшашлиги бор. Мисол учун, отаси нигериялик. Онаси инглиз. АҚШда кўп бўлган. Фақат Тьягонинг оиласидан фарқли ўлароқ, унинг ота-онаси ёшлигидаёқ ажралиб кетишган. Онаси билан қолган Делле футболга ошино бўлган ҳолида ҳеч ёрдам кўрмаган. Отаси кейинроқ, ақлини таниганида келиб кўриб кетиб юрганида, Делега кўп нарсаларни ўргатган. Нисбатан футболга қизиқишини ҳам маъқуллаган. Онаси ҳақида гапиргиси келмайди Алли. Биз ҳам гапирмаймиз, одобан.
Ўз интервьюларида Деле: “Уйда тақлид қиладиган одамингиз бўлмаса, сиз учун асосий манба – кўча бўлиб қоларкан!” деган. Дарҳақиқат, Аллини улғайтирган кўча қоидалари бўлади. 13 ёшида Лондоннинг дарбадар болаларига қўшилиб кетганини кўрган она ниҳоят ўғлини қутқариб қолиш учун футболига рухсат берган. Аниқроғи, қўллаб-қувватлашни бошлаган. Ҳатто иш шунгача борганки, яхшироқ яшайдиган оилага бериб юборади ўғлини.
Кейинчалик бу ишини ўзича оқлаган: Делени келажаги яхшиланиши учун ҳам бой оилага берганман.
Бугунги кунда "Тоттенҳэм" сафида ўйнаётган ва Англия терма жамоасига жалб этилган футболчининг ҳаёт йўли шу. Икки бир-бирига ўхшамас йўллардан келиб битта манзилда учрашган йигитлар 11 апрель куни туғилишган. Деле Тьягодан беш ёш кичик, буни биласиз.
Хайрулла Ҳамидов