Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Яна дарс қолдиргани учун тарсаки еган Садио Мане ҳақида...

Баҳо:
+ | -

Садио Мане 1992 йил 10 апрель санасида Сенегал пойтахти Дакар шаҳридан 288 километр узоқликдаги Седиуда таваллуд топган. Аммо бўлажак юлдуз ёшлигида оиласи билан Бамбали номли кичик қишлоққа кўчиб боради. Улар кичкинагина уйда 9 киши истиқомат қилади. Садионинг отаси масжид имоми эди.

Оила ҳар доим пулга муҳтож бўлган. Шу боисдан оила бошлари фарзандларининг таълим олиб, ишли бўлишини хоҳларди. Садио эса ёшлигидан футболга қизиқар, маҳаллий болалар билан кўча чангитиб копток тепарди. Вақт ўтиши билан телевизор орқали дунё юлдузлари иштирокидаги ўйинларни кўриб, болакайнинг нияти янада жиддийлашди. Ҳал қилувчи ҳолат эса 2002 йил юз берди. Ўша йили Сенегал терма жамоаси Жаҳон Чемпионатида чорак финалга қадар етиб борди. Мане эса футболчи бўлишга қарор қилди.

Ҳозир Садионинг футбол академиясидан қайси клубга ва у ердан қаерга ўтгани, қандай совринларга эга чиққани ҳақида узундан узун ҳикоя қилиш ниятида эмасмиз. Аксинча футболчининг ўз тилидан (дилидан) чиққан гапларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

16 ёшида уйидан қочгани ҳақида

«Бир тийиним бўлмаса ҳам кетиш учун барча нарсаларни тайёрлаб қўйгандим. Қуёш ботиши билан уйимиз олдидаги баланд майсалар орасига нарсаларим солинган сумкани яшириб қўйдим. Эрта тонг 06:00 ларда уйқудан туриб, тишларимни тозалаган ҳолда яқинларимни огоҳлантирмасдан уйдан чиқиб кетдим. Кетишим ҳақида фақат энг яқин дўстимга айтдим. Анчагина йўл босиб, бироз бўлса-да пул қарз олиш учун унинг уйига бордим. Шундан сўнг автобусга ўтириб, Дакар томон йўлга чиқдим.

У ерда мени биринчи бор кўриб турган янги оилам кутиб турарди. Дарҳол таниқли жамоа машғулотларида иштирок этдим. Бу вақтда эса ота-онам мени ҳар ердан излаётганди. Улар қаерда эканлигим ҳақида дўстим ҳаммадан ҳам яхшироқ билишини тушунарди. Аммо дўстим сўзида туриб, ҳеч кимга лом-лим демаган. Шундан сўнг уйимдагиларнинг босими сабаб, у ҳам мени «сотиш»га мажбур бўлади.

Ота-онам қўнғироқ қилиб, ортга қайтишимни талаб қилди. Лекин мен бундай қилишни хоҳламасдим, чунки ортга қайтиш шармандалик билан тенг эди. Бироқ бир шарт билан уларнинг талабига розилик бердим. Ота-онам ўқув йили якунлангандан сўнг ўзимни футболда синаб кўришимга рухсат берди».

Академия кўриги ҳақида

Мане мактабни тамомлагандан сўнг қишлоқдагилар унга йўл учун пул йиғиб беради. Садио амакиси билан Generation Foot академиясида кўрикдан ўтиш учун Дакарга йўл олади.

«У ерда ўз имкониятини кутиб турган 200-300 йигит бор эди. Мен учун ҳаммаси ёмон бошланди: ўзимни кўрсатиш имконияти берилиши билан ҳамма устимдан кула бошлади. Ўшанда футболчига ҳам ўхшамагандим. Боиси эгнимдаги либос футбол формасини эслатиши амри маҳол эди-да. Бутсиларимнинг эса моматалоғи чиқиб кетганди. Уларни ўзим қўлбола қилиб таъмирлаб олгандим. Кўрик вақтида ҳамма менга ғалати нигоҳ билан боқарди худдики: «Ростдан ҳам сен футболчи бўлмоқчимисан?» деяётгандек. Уларни тушунардим, бироқ менда бошқа танлов йўқ эди. Бироқ ўйин борасида ҳаракатларим унчалик ёмон чиқмади ва улар мени қабул қилди. Бу болакай Садио саёҳатларининг бошланиши эди».

Онаси ҳақида

«Оиламдагиларнинг ҳеч бири футболни ёқтирмасди. Ҳар сафар футбол ўйнаётганимни кўрган онам қувиб соларди. Бу оғир эди. Ўзимни бироз бўлса-да ёлғиз ҳис қилардим. Нима учун орзум билан яшашимга имкон бермаётганликларини тушунмасдим. Болалик вақтларим нимадир ёмон иш қилсам, онам ёки амакимдан тарсаки ердим. Масалан, бундан ҳолатга мактабдаги дарсларни қолдирган вақтимда тушганман. Баъзан улар уриши мумкинлигини ҳисобга олиб, уйга дўстим билан бирга келардим. Бироқ бу тарбиямнинг бир қисми эди, холос. Шу боисдан ҳам сояда қолиб кетмаганман. Доим эътиборда бўлганман. Ҳар куни бунинг учун онамга миннатдорчилик билдираман».

Бойликнинг таъсири ҳақида

«Пуллар, ОАВ хабарлари — буларнинг ҳеч бири менга таъсир кўрсатмайди. Албатта, мен ҳам бу муҳитнинг бир қисмиман. Бироқ буларнинг барчасига эҳтиёткор равишда ёндашаман. Ижтимоий тармоқладан ўзимни узоқ тутишга ҳаракат қиламан. Ўзликни йўқотмаслик учун тез-тез қишлоғимга бориб тураман. Мен юлдуз эмас, балки футболчи бўлишни чин дилдан истаган эҳтиёткор инсонман. Ишонинг, алдамаяпман. Ҳаммани бирдек яхши кўраман, шу билан бирга атрофда бўлаётган воқеаларга кўп эътибор қаратмайман.

10 та Ferrari, бриллиантли 20 та соат ва 2 та самолётни нима қиламан? Булардан кўра одамларга ёрдам берганим афзал. Далада ишлаганман, оч қолганман, ялангоёқ ўйнаганман, мактабга бормаганман ва оғир дамларни бошимдан ўтказганман. Бугун эса футбол ўйнаб, одамларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпман.

Мактаб, стадион қурдим, қашшоқларга кийим, пойабзал, овқат олиб бердим. Бундан ташқари, Сенегалнинг камбағал қисмида яшовчиларга ёрдам тариқасида ойига 70 евродан тарқатяпман.

Эҳтимол мен Play Station ўйнашни билмайдиган ягона профессионал футболчи бўлсам керак. Терма жамоа ва клубда кўп вақтини компьютер ўйинларига сарфлайдиган жамоадошларим бор. Бироқ мен буни ҳеч қачон ўйнамаганман ва бу ҳеч қачон каминани қизиқтирмаган. Ҳатто жойстикларни қандай бошқаришни ҳам билмайман. Uno (қарта ўйини) ўйнашни афзал кўраман».

Энг катта орзуси — Африка Кубоги 

«Қандайдир буюк натижага эришиш ўзимизга боғлиқ. Албатта, биз фаворитлар қаторидамиз, буни яширишдан фойда йўқ. Аммо охиригача бориш учун фаворит мақомининг ўзи етарли эмас. Африка Кубогини уни ҳеч қачон ютмаган жамоа билан қўлга киритишни қандайдир ўзгача ҳисларни беради. Чемпионлар Лигасидаги ғалабани Африка Кубогига алмаштиришга тайёрман. Сенегал бу совринни ҳеч қачон ютмаган. Дакарга қайтишга эса ўзгача бўларди. Бу менинг энг катта орзум».

Асрор Абдуназаров тайёрлади

Манба: daryo.uz
Киритилди: 09:00, 13.04.2020.
Ўқилди: 4063 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.